ИТ лойиҳаларни бошқаришнинг замонавий услублари

Ҳар сафар қўлимга смартфонимни олиб у ёки бу илова орқали турли хил хизматлардан фойдаланганимда ногаҳон ушбу иловаларни оммага таклиф қилган лойиҳа жамоаси ва уларнинг самарали меҳнати кўз олдимга келади. Маҳсулотнинг ҳар кунлик ўсиб бораётган кўрсаткичларини (Product metrics) ғурурланиб кузатиб турган лойиҳа менежерини тасаввур қиламан.

Ҳа албатта, ҳар қандай тўғри йўлга қўйилган ва амалга оширилган ИТ лойиҳа ортида тўғри амалга оширилган бошқарув (Management) туради. Aфсуски, муваффақиятсизликка учраган ИТ лойиҳалар ортида ҳам нотўғри амалга оширилган бошқарув туради. Ушбу мақолада ИТ лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга омил бўлувчи замонавий бошқарув услубларини ёритишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Ҳар қандай ИТ лойиҳаларни мутахассислар амалга оширади, мутахассислар эса жамоа бўлиб ишлаши талаб этилади. Жамоага эса жамоа бўлиб бирга ишлашнинг умумий қоидалари билан бирга бошқарув услубларини (project management methodology) жорий қилиш керак бўлади.

ИТ лойиҳа бошқарувини ҳозирги кунда услублари жуда кўп бўлиб, уларни умумий қилиб иккига — Шаршара (Waterfall) ва Мослашувчан (Agile) турларига ажратиш мумкин. Шаршара (Waterfall) лойиҳа бошқаруви услуби — бу одатий лойиҳа бошқаруви услуби бўлиб одатда ушбу услубда лойиҳа босқичлари кетма-кетликда амалга оширилади. Яъни лойиҳанинг бир босқичи тугамагунча иккинчи босқичи бошланмайди. Одатда ҳар бир босқич ушбу услубда “қаттиқ” режалаштирилади ва нотўғри режалаштирилган лойиҳа ёки “режалаштирилмаган” хавф-хатар юзага келса ўша заҳоти лойиҳа муваффақиятсизликка учрайди. Ушбу услубни афзалликларига лойиҳани синчковлик билан режалаштирилгани ва ҳар бир босқич манфаатдор томонлар билан келишилиб (кўп ҳолларда имзоланиб) қўйилгани сабабли ушбу лойиҳани бошқариш осонроқ кечади. Одатда ушбу услубдаги лойиҳалар яхши ҳужжатлаштирилган бўлади. Ушбу услубни камчилик тарафларига келсак, лойиҳага бошқа услубларга нисбатан кўп вақт сарфланади. Лойиҳанинг қайсидур босқичини муваффақиятсизлиги қолган барча босқичларни муваффақиятсизлигини кафолатлайди.

Мослашувчан (Agile) лойиҳа бошқаруви услуби — нисбатан янги услуб бўлиб 2000 йиллар бошларидан бошлаб оммалашиб келмоқда. Уни бир гуруҳ дастурчи кўнгиллилар 2001-йил 11-13-феврал кунлари Юта штатидаги Васатч тоғларидаги тоғ-чанғи дам олиш масканида “Agile manifesto” (agilemanifesto.org) деб номланган ҳужжатни эълон қилишади. Ушбу ҳужжатга кўра лойиҳалар қуйидаги асосларга таяниб бошқарилиши керак:

— Инсонлар ва муносабатлар жараёнлар ва воситалардан устун;

— Ишлайдиган дастурий таъминот кенг қамровли ҳужжатлардан устун;

— Мижозлар билан ҳамкорлик қилиш шартнома шартларидан устун;

— Ўзгаришларга ўз вақтида жавоб бериш режага амал қилишдан устун.

 Юқоридаги асослардан келиб чиқиб ушбу услубнинг 12 та тамойили ҳам мавжуд лекин биз ушбу мақолада уларга тўхталмаймиз.

Ушбу услубнинг афзаллик томонларига лойиҳа тез ва сифатли амалга ошиши, мижозларининг талаблари ўзгаришига бардош бера олиши, бозор талабларига тез кўника олиши кирса камчилик томонларига жамоанинг ушбу услубга кўникиши ва ўқитилишига кетадиган вақт сарфи, лойиҳа муваффақияти одамларга ва мутахассисларга боғлиқлиги киради.

 Мослашувчан (Agile) лойиҳа бошқаруви услуби нафақат ИТ йўналиш учун балки барча йўналишдаги лойиҳалар учун ҳам инновацион ғоя ҳисобланади. Ушбу услуб кўплаб лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошишига сабабчи бўлди ва том маънода лойиҳа бошқарувида янги бурилиш ясади. Жамоа аъзоларининг ўзаро ишончи устига қурилган муносабатлар ва ҳар қандай муаммо ёки қийинчилик жамоа ичида ўтказиладиган очиқ суҳбатларда муҳокама қилиниши ва йечим топиши ушбу услубнинг ҳақиқий кучи ҳисобланади.

Шу ўринда яна бир муҳим бир жиҳатни эътиборга олиш керак — лойиҳани амалга ошириш жараёнини кузатиб бориш ҳам муҳим жиҳатдир. Чунки қарор қабул қилувчилар (улар лойиҳа раҳбари, лойиҳа жамоаси ёки манфаатдор томон бўлиши мумкин) лойиҳа бажарилиши кўрсаткичларини (project metrics) кузатиб боришлари керак. Одатда кўрсаткичлар асосида лойиҳа доирасида муҳим қарорлар қабул қилинади. Ушбу кўрсаткичлар Шаршара (Waterfall) ва Мослашувчан (Agile) услубларида ўзига хос амалга оширилади.

Шаршара (Waterfall) услубида лойиҳа кўрсаткичларини кузатиб бориш учун Гант диаграммаси ишлатилади. Aввал айтганимиздек Шаршара (Waterfall) аввалдан яҳшилаб режлаштирилгани сабабли ва ҳар бир режалаштирилган босчичлар (Milestones) саналарга асосан лойиҳа календарида кузатиб борилади.

Мослашувчан (Agile) лойиҳа бошқаруви услуби лойиҳа кўрсаткичларини кузатиб боришда жараёнда бўлган ишлар кўлами (Work in progress — WIP) ва камайиб борувчи ишлар кўлами жадвали ишлатилади (Burndown charts). Ушбу кўрсаткичларнинг қизиқарли томони лойиҳа бошида тузилган ишлар рўйхати (Product backlog) камайиб бориши муваффақият ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич ишлар кўлами ва жамоанинг ишчанлиги (Velocity) кўрсаткичини аниқ кўрсатиб беради ва зарур ҳолларда қарор қабул қилувчилар қарор қабул қилишини осонлаштиради.

Лойиҳа бошқаруви услубини танлашда кўплаб омиллар назарда тутилиши мумкин. Масалан корхонада ўрнатилган қоидалар, лойиҳа менежерининг шахсий танлови ёки буюртмачининг танловига кўра бўлиши мумкин. Лекин замонавий компания ва стартапларда муваффақиятли лойиҳаларнинг аксарияти Мослашувчан (Agile) лойиҳа бошқаруви услубида амалга оширилганлигига гувоҳи бўламиз.

ИТ лойиҳаларда бошқарувининг аҳамияти яна кўплаб мақолаларга мавзу бўлиши мумкин, лекин мухтасар қилиб айтсак, лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошиши жамоа ҳар бир аъзосининг билим ва кўникмалари билан бир қаторда тўғри танланган ва йўлга қўйилган лойиҳа бошқарувига боғлиқ деб ҳисоблайман.

Гайипов Кобилжон Хакимжанович,
Ахборот ресурсларини ишлаб чиқиш
ва ривожлантириш бўлими бошлиғи