Қуёш панеллари ўрнатилган автомобиль йўллари ўзини оқламаяпти

Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, сайёрамиз юзасининг 0,5 фоизи автомобиль йўллари билан қопланган. Етарлича узунликдаги бу майдон фақатгина траспорт воситалари учун хизмат қилади. Хўш, нега одамлар ундан бошқа мақсадларда ҳам фойдаланиб кўришмайди?

Масалан, йўлларни қуёш панеллари билан қоплаб чиқиб, олинган энергия манбаидан йўллардаги чироқларни ёритишда ёки яқин атрофдаги аҳоли эҳтиёжини қондиришда  фойдаланса бўлади-ку! Бир неча йил аввал худди шундай фикр француз компанияси Colas вакилларининг ҳам хаёлига келганди. Ниҳоят, 2016 йилда қуёш батареяларидан иборат дунёдаги биринчи автомобиль йўли қурилди. Энди эса уни бузиб ташлашмоқчи. Нега?

Гап шундаки, компания ходимлари мазкур йўлни қуришда кўплаб қўпол хатоларга йўл қўйишган.

1,6 километр узунликдаги қуёш панелли йўл – Wattway Нормандия вилоятининг Турувр-о-Перш шаҳри ҳудудига ётқизилган. Қарийб 3000 квадрат метрли мазкур йўл ғоя муаллифларининг ҳисоб-китобига кўра симёғочлардаги чироқларни ёритиши керак эди. Қурилиш ишларига 5,2 миллион АҚШ доллари сарфланган. Бироқ якунда компания лойиҳа учун ишлатилган пулларни қайтариб олишнинг уддасидан чиқа олмади.

Атиги 40 000 кВт/с

Даставвал йўл ҳаммага, ҳатто Франция энергетика вазирига ҳам маъқул келганди. Бу ғоя вазирга шу қадар ёққан эдики, бир сафар у қуёш батареяларини бутун Франциядаги йўлларнинг ҳар минг километрида кўриш истагида эканини эълон қилганди.  Аммо кейинчалик қуёш панелли йўллар кутилгандан кўра камроқ электр энергияси ишлаб чиқариши маълум бўлди. Лойиҳа ижодкорлари унинг йилига 150 000 кВт/с электр қуввати ишлаб чиқаришини мўлжал қилишганди. Бироқ 2019 йилнинг июлига келиб улар йўлнинг бор-йўғи 40 000кВт/с элекр энергияси бераётганини пайқаб қолишди. Батареяларнинг самарадорлиги эса кундан кунга пасайиб борарди ва бунинг сабаби лойиҳа ижодкорларининг қўпол хатолари эди.

Ўйламай қилинган иш, бошга келтирар ташвиш

Colas компанияси ходимлари йўл қурилишининг дастлабки босқичидаёқ нотўғри қадам ташлашганди. Биринчидан, уни Франциядаги энг булутли минтақалардан бирида қуришган. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, мазкур шаҳар аҳолиси бир йилда ўртача ҳисобда атиги 44 кун куёшли кундан баҳраманд бўлишаркан. Шундай экан, куннинг катта қисмида осмонни қалин булут эгаллаб олган бир пайтда, қуёш энергияси ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, компания 2016 йили қурилиш ишлари вақтида йўл юзасини қатрон (смола) билан қоплаб чиққан эди. Уларнинг фикрича, махсус қоплама автомобиллар ҳаракатланган вақтда панелларда ёриқлар ҳосил бўлишининг олдини олиши керак эди. Эҳтимол қоплама чиндан ҳам енгил автомобиллар ғилдираги босимига дош беролгандир. Бироқ Colas муҳандислари бу йўлдан оғир юк машиналари ўтиши мумкинлиги ҳақида умуман ўйлаб кўришмагани аниқ. Якунда қуёш батареяларининг катта қисмида ёриқлар пайдо бўла бошлади. Шу сабаб компания йўлнинг 90 метр узунликдаги шикастланган қисмини қайта таъмирлашига тўғри келди.

Устига-устак улар вакт ўтиб йўл юзаси ахлат ва хазонлар остида қолиши мумкинлигини эсдан чиқаришганди. Фақатгина бир қанча вақт ўтиб компания ходимлари юзаси ифлосланган қуёш панеллари ҳеч нимага ярамаслигини тушуниб етишди. Ахир, чанг ва ёрилган панеллар қанча ҳам энергия бера оларди. Уч-тўртта чироқни ёритишга етса ҳам катта гап. Бунақа инновациянинг кимга кераги бор?

Илм-фан ютуқлари қадимдан одамлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилиб, жамият тараққиётининг олға силжишига туртки берган. Янгилик бўлгани яхши, албатта. Аммо юқоридаги каби охирини ўйламай, шошқалоқлик билан қилинган “ихтиро”лар ортиқча сарф-харажат ва оворагарчиликдан бошқа нарса келтирмайди. Эҳтимол, ўша маблағ бошқа лойиҳага сарфланганида балки натижа умуман бошқача кўриниш олган бўлармиди? Нима бўлганда ҳам хатолар келгуси ҳаракатларимизда бизга сабоқ бўлади. Энг муҳими, уларни такрорламаслик ва янгилик яратишдан тўхтамаслик керак.

1 КОММЕНТАРИЙ

  1. Мақола менга ёқди. Бунақанги ахборотларнинг ўзбек тилида бериб борилиши таҳсинга сазовор. Рахмат

Comments are closed.