Дунё тараққиётида рақамли технологияларнинг ўрни ва аҳамияти йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, техник трансформацион жараёнларнинг молиявий секторларга кенг тадбиқ этилиши банк тизимлари, тўлов операциялари, кредитлаш ва бошқа шу турдаги хизматлар  самарадорлигини янада оширмоқда.Молиявий хизматларни яхшилайдиган ва  оптималлаштирадиган бу хилдаги технологиялар– “Финтех” (инг. “Fin Tech”) номи билан юритилувчи молиявий технологиялар ҳисобланади.

Молиявий технологиялар – банклар ва молиявий хизматлар бозоридаги воситачилар, яъни анъанавий молия ташкилотлари билан рақобатлашиш учун технологиялар ва инновациялардан фойдаланувчи компаниялардан иборат соҳадир.

Accenture консалтинг маълумотларига кўра, 2017 йил дунё бўйича финтехстартаплар учун жами 27,4 млрд доллар сарфланган, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 18 фоизга кўп.

Кутилаётган энг муваффақиятли молиявий технологиялар рўйхатини тузувчи The Forbes Fintech 50 нинг қайд этишича, АҚШдаги молиявий хизматлар ва бозор капитализацияси 8,5 трлн долларга тенг маҳаллий банк секторларига жиддий рақобатчи бўлиб турибди. Таъкидлаш ўринлики, молиявий технологиялар нафақат молиявий капиталлар билан иш кўрувчи жисмоний ва юридик шахслар, балки молиявий бозорнинг ўз қиёфасини ҳам ўзгартириб юборишга қодир. Бу хилдаги ишланмалар маълумотларни таҳлил қилиш, биржадаги ҳолатларни назоратга олиш ҳамда инвестициялар учун стратегиялар танлаш имкониятини беради.

Мутахассислар тез орада “финтех” соҳасида кескин ўзгаришлар бўлишини таъкидламоқда. Хусусан, блокчейн технологияларининг кириб келиши, катта ҳажмдаги маълумотларни ва сунъий интеллект воситасида скоринг моделларини ривожлантириш, фойдаланувчиларни масофадан идентификациялашнинг турли технологиялари, фирибгарликни аниқлаш механизмларини автоматлаштириш сингари қатор финтех-трендлар яқин йилларда бутун дунёга тарқалиши кутилмоқда.

The Forbes Fintech 50 молиявий технологиялар оламидаги ана шундай ўзгаришлар ва бошқа янги ғоялардан хабардор бўлишимизда ёрдам беради. Хўш, айнан қайси молиявий технологиялар келажакни забт этиш арафасида?

ТЕЗКОР ИНВЕСТИЦИЯЛАР

Рейтинг иштирокчиларининг асосий қисми – саккизта сервис – оддий инвестиция платформалари ва мобиль иловаларга тўғри келади, улар бир неча клик эвазига биржа фондларидан (ETF) қимматли қоғозлар ёки тайёр портфеллар харид қилишга имкон беради.

Россиялик миллиардер Юрий Мильнер, актёрлар Джаред Лето ва Эштон Кутчер сингари инвесторларга эга инвестициялар учун Robinhood хизмати мавжуд, кўчмас мулкка маблағларни жойлаштришда эса Fundrise платформаси асқатади.

Ишлаш тартиби жуда ҳам оддий: фойдаланувчи илова орқали рўйхатдан ўтиб, брокерлик ва банк ҳисоб рақамига уланади ва “Buy” тугмасини босган ҳолда ўзини қизиқтирган воситаларга инвестиция киритади. Мобиль инвестициялар учун хизмат кўрсатишдаги мазкур жараён шу жиҳати билан мураккаб интерфейсга эга QIUK ёки MetaTrader каби анъанавий савдо терминалларидан фарқланади.

Рўйхат иштирокчилари орасида фойдаланувчининг хатар-профилини мустақил тарзда аниқлаш, ETF асосида фойдаланувчи учун инвестицион стратегияни танлаш ва мақсадли равишда уни ҳаётга тадбиқ этиш қобилиятига эга сунъий интеллектли платформа – Betterment робоэдвайзери ҳам бор.

Умумий қатордан ажралиб турган Acorns иловаси фойдаланувчининг кредит ёки дебит картасидан сарфланган маблағни сўнгги доллар курсига яхлитлаб, қўшимча маблағни паст нархларда ETF портфелига ва инвестициялар хизмати ҳисобланган Circle Up венчур лойиҳасига инвестиция сифатида киритади.

ЙИРИК МАЪЛУМОТЛАР ТАҲЛИЛИ

“Финтех” ишлаб чиқарувчиларининг аудиторияси хусусий инвесторлар билан чекланиб қолмаган. Молиявий соҳанинг профессионал иштирокчилари учун бозор майдонларидаги муқобил ечимлар ҳам кўпайиб бормоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида ана шундай стартапларнинг ўнтаси The Forbes Fintech 50 га қўшилди.

Бу турдаги хизматлар, одатда, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ва йирик интернет-савдоларини амалга ошириш учун мўлжалланган. Банклар учун Big Data хизматидан фойдаланиш маълумотларнинг катта миқдорини ўрганиб чиқиш, фирибгарликни аниқлаш ёки амалиётдаги хатарларни ҳисоблаш учун зарур. Мазкур технология бозорларга кириш нуқталарини аниқлаш ва позицияларни бошқариш жиҳатидан хедж-фондлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Стэнфорд университетининг олимлар жамоаси томонидан ишлаб чиқилган Ayasdi сунъий интеллект платформаси ана шундай вазифани бажаради. Қатор омадсизликларга учраган Citigroup банки ушбу хизмат тури ёрдамида АҚШ ФРСнинг стресс-тестларидан муваффақиятли ўтишга муяссар бўлди. Фазовий учиш мосламаларини қуриш бўйича собиқ мутахассис томонидан яратилган Feedzai хизмати фирибгарликни аниқлаш соҳасида катта ҳажмдаги маълумотларни тақдим этмоқда.

Дунёдаги энг йирик хедж-фондлар Enigma ва Quandl платформаларидан юз минглаб ахборот манбаларини таҳлил қилиш мақсадида фойдаланади. Рейтингдаги Digital Reasoning хизмати Goldman Sachs инвестбанк ва Nasdaq биржаси томонидан фонд биржасидаги манипуляцияларни аниқлаш учун қўлланилади.

БУЛУТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА МОБИЛ ТЎЛОВЛАРДАГИ СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ

Statista баҳоларига кўра, 2019 йилга бориб, дунё бўйича мобил тўловлардан тушадиган ялпи даромад 1 трлн доллардан ошади, бу 2017 йилга нисбатан кўрсаткичларнинг 28 фоизга ортишини англатади.

Дарҳақиқат, ҳозирда корхоналар, истеъмолчилар ва бизнес ўртасидаги амалиётларни бажаришда тўлов хизматларидан фойдаланиш тобора кенгаймоқда.

Рейтингдан ўрин олган лойиҳаларнинг баъзилари, ҳатто, мобил тўловларни булутли технологиялар билан муваффақиятли бирлаштиришга эришди. Иш ҳақини ҳисобловчи Gusto хизмати, шунингдек, транзакциялар хатарини баҳоловчи технологик ўқитиш қобилиятига эга Forter платформаси ана шундай уйғунликдаги хизмат турларидандир.

The Forbes Fintech 50 рўйхатида, айниқса, p2p ўтказмалари учун мўлжалланган иловалар алоҳида ўрин тутади, улар анъанавий банклар ва Western Union каби онлайн-хизматлар билан эркин рақобатлаша олади.

Эстониялик Таавет Хинрикус ва Кристо Каарманн томонидан ишлаб чиқилган TransferWise хизмати ўтказмалар нархини Британия банкларидан 8 баробар паст қийматда амалга оширишни  режалаштирган, шунингдек, Remitly платформаси АҚШ, Канада ва Австралиядаги маблағларни ривожланаётган ўнта давлатга ўтказишни йўлга қўйган.

ОНЛАЙН ИПОТЕКА ВА “АҚЛЛИ” СКОРИНГ

Молия бозорининг илк сегментларидан ҳисобланган кредитлаш тизимида технологик инқилоб юз бергач, онлайн-кредитлаш соҳасида чинакам етакчи намояндалар пайдо бўлди, баъзилари компания акцияларини бозорга чиқаришга (IPO – Initial Public Offering) ҳам улгурди. Американинг Lending Club ва On Deck платформалари фикримиз далилидир. The Forbes Fintech 50 рейтингида p2p кредитлаш ва краудлендинг хизматларидан ташқари, ипотека брокерлари ва уй-жой кредитлари бозоридаги банклар билан рақобатлаша оладиган платформалар ҳам кўрсатилган.

Better Mortgage ва Blend хизматлари қарз олувчига скоринг маълумотлари ва қарз олувчининг даромадлари асосида ипотека кредитини баҳолашдан то расмийлаштиришгача бўлган хизматлар тўлиқ циклини тақдим этади.

Бизнес учун қарз берувчи платформалар орасида Upstart хизмати алоҳида ажралиб туради. Мазкур платформа қарз олувчининг ишончлилигини баҳоловчи алгоритмларни беш йил давомида такомиллаштириб, ҳозирда бозор бўйича энг кам дефолт кўрсаткичларини қайд этмоқда.

МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТ БЛОКЧЕЙНИ

Кундалик янгиликлар оқимида криптовалюта ва блокчейнлар мустаҳкам ўрин эгаллаган. Forbes рўйхатига кирувчи стартаплар ҳам криптовалюта савдоларини технологик қўллаб-қувватлаш ҳамда мавжуд блокчейн-протоколларни қайта ташкил этиш бўйича инфратузилма ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Эътиборли жиҳати, уларнинг орасида ФБР, АҚШ Солиқ бошқармаси ва Европол томонидан фаол қўлланилаётган криптовалюталар амалиётини кузатиб борувчи Chainalysis хизмати ҳам бор.

Молиявий назорат соҳасида эса Symbiont платформаси кенг қўлланилмоқда. У АҚШнинг офшор, яъни қулай солиқ шароитига эга давлатда хорижий фуқаро томонидан қайддан ўтган ва ушбу мамлакатда фаол иш юритмайдиган фирма ҳудуди сифатида танилган Делавэр штати раҳбарлари билан бирга, минтақада акциялар эмиссияси ва эгалик қилиш тузилмасини кузатиб бориш имконини берувчи технология устида изланмоқда. Шунингдек, Vanguard Group инвестицион компанияси билан ҳамкорликда стартап ва бозор маълумотларини алмашиш учун блокчейндан фойдаланиш имкониятлари синовдан ўтказилмоқда.

ШАХСИЙ МОЛИЯ ЭВОЛЮЦИЯСИ

Бозордаги стартапларнинг ҳозирда урфга кирган Big data технологияларига тобора кўпроқ мурожаат қилаётгани ва янги бизнес-моделлар билан тажриба ўтказаётгани сабаб, “Финтех” ишлаб чиқарувчилари томонидан шахсий молияларни бошқариш соҳасидаги очиқ опцияларни кенгайтиришга тўғри келмоқда. Жумладан, Credit Carma хизмати юқори технологик скоринг ёрдамида қарз олувчининг у ёки бу кредит маҳсулотиини олишга бўлган имкониятини ва қайси банкдан унга аниқ қарз берилиши мумкинлигини ҳисоблаб беради.

Metromile хизмати кўрсатилган паст нархларда автомобиль суғуртасини ҳавола этади ва босиб ўтилган масофа учун қўшимча фоизларни киритади. Мазкур хизмат иловаси автомобилнинг диагностик тизимига уланган махсус қурилма воситасида масофани мустақил равишда кузатиб боради. Бундан ташқари, илова ёрдамида ҳар қандай ҳалокат тафсилотларини кузатиб туриш ва юзага келувчи даъволарни тезлик билан бартараф этиш мумкин.

Earnin мобиль хизмати эса соатбай тўланадиган ишчилар учун ойлик ҳақи берилгунга қадар даромадлардан фойдаланиш имконини яратади, яъни 500 долларгача бўлган нақд пул фойдаланувчининг банк ҳисоб рақамига келиб тушади.

“Финтех”нинг барча янги ишланмалари пул маблағлари билан муомала қилишда қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган хизмат кўрсатувчи маҳсулотлар саналади. Сўнгги бир аср мобайнида бутун капитал дунёси бошқарувида етакчилик қилиб келаётган банкларнинг бўлинмалари қисқариши, дизайни ўзгариши мумкин, бироқ улар фаолият юритишда давом этаверади.