Бухоро вилояти: амалий чора-тадбирлар

Республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг муҳим тармоқларидан бўлган ахборот-коммуникация технологиялари ривожига бугун Ўзбекистонда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари топшириғига биноан, мазкур йўналишда комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, барча вилоят ҳудудларига тадбиқ этилмоқда. Хусусан, АКТни жорий этиш бўйича Бухоро вилоятида олиб борилаётган ишлар ҳам диққатга сазовор. 
АКТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Вилоят ҳокимлигининг ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича рейтинг баҳоси жорий йилнинг 3-чорагида 100 балли кўрсаткичдан 87,63 баллни ташкил этди. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари республика ҳамда вилоят даражасида жорий қилинган 31 та ахборот тизими ва порталларидан унумли фойдаланиб келмоқда.

Жумладан, “Лицензия” ахборот тизимига 2071 та лицензия ва рухсатномалар тўғрисида маълумотлар, Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталига 153 турдаги очиқ маълумотлар тўпламлари, Давлат ахборот ресурслари ва ахборот тизимлари ягона реестрига жами 14 та ахборот тизими ва 8 та ахборот ресурси тўғрисида маълумотлар киритилган.

Вилоятда 6 та тадбиркорлик субъектлари “Мирзо Улуғбек инновация маркази” резиденти сифатида рўйхатдан ўтказилган. Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 25 апрель куни ҳудудий бошқарма томонидан “Bukhara Software Expo” кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2018 йил 25 июлдаги 511-сонли буйруғига асосан, Бухоро давлат университетида жами 100 нафар уюшмаган ёшларга малакали ўқитувчи-тренерлар томонидан “Компьютер саводхонлиги”, “Компьютер устачилиги”, “Компьютер графикаси”, “Веб-дизайн” ўқув курслари ўтилди. Курслар якунида тингловчиларга махсус сертификатлар берилди. Шунга мувофиқ, қатор ёшлар ахборот технологиялари бўйича вилоят корхоналарида ишга жойлашди ва шу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун замин яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Туризм соҳасини жадал ривожлантириш масалаларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этиш тўғрисида”ги Ф-5396-сон фармойишига биноан, жорий йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Бухоро вилоятидаги жами 376 та сараланган Маданий мерос объектларида ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилганлик ҳолати ўрганиб чиқилди. Ушбу объектларда сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича:

  • мажмуа ёнида хорижий сайёҳлар учун маданий мерос объекти ҳақида тўлиқ маълумот берувчи QR-код, радиогид ва аудиогид тизимларини ўрнатиш;
  • барча маданий мерос объектлари тўғрисида батафсил маълумот етказувчи ҳамда электрон кутубхона, виртуал экскурсия хизматларини кўрсатувчи ягона интернет порталини яратиш;
  • вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Facebook, Одноклассники хорижий ижтимоий тармоқлари ва Telegram, Instagramm мессенжерларида вилоятдаги тарихий обидалар, маданий мерос объектлари тўғрисида қисқа маълумотлар акс этган гуруҳларни яратиш сингари қатор таклифлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 октябрдаги “Ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларнинг ҳудудий манзилли рўйхатларини шаклллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 821-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил вилоятда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлашга кўмаклашиш маркази мутахассислари билан ҳамкорликда CTF.UZ лойиҳаси доирасида киберхавфсизликка қизиқувчи олий таълим муассасалари талабалари ҳамда давлат органларининг ахборот хавфсизлигига масъул ходимлари учун жорий йилнинг 21-22 ноябрь кунлари ўқув семинари ва маҳорат дарси ўтказилди. Натижада мазкур соҳага қизиқувчи ёшлар сафи кенгайиб, давлат органлари, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассислари малакаси оширилди.

ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 12 февралдаги “Мобил алоқа миллий оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2126-сонли қарори доирасида Бухоро вилояти бўйича “Ўзбектелеком” АК “Ўзмобайл” Бухоро боғламаси томонидан жами 191 та GSM база станциялари ўрнатилиши белгиланган эди. Бугунги кунда 126 та таянч станциялари ишга туширилиб, мобил алоқа ва интернет бўйича вилоят аҳолисига янада сифатли хизмат кўрсатиш таъминланди.

Шунингдек, 2019 йил давомида мобил алоқа тармоғини кенгайтириш мақсадида “Unitel” МЧЖ – 50 та, “Ucell” МЧЖ ХК – 20 та, “Ўзмобайл” – 6 та ва “UMS” – 37 та объектда база станциялари ўрнатишни режалаштирган.

Бухоро шаҳридаги 54-сон мактабгача таълим муассасаси танлаб олиниб, Корея Республикасининг илғор мактабгача таълим муассасаси билан тажриба алмашиш мақсадида 450 метр оптик толали линия қурилиб, юқори тезликдаги интернетга улаб берилди.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг ҳар бир туманидаги биттадан намунавий мактабгача таълим муассасаларида жами 13,55 км оптик толали линия қурилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш учун тайёрлаб қўйилди.

Интернет хизматларини кўрсатувчи кенг полосали қурилмаларнинг сиғими 45,524 портга етказилди, улар орқали 30,685 нафардан ортиқ абонентга хизмат кўрсатилмоқда. IP-TV хизматидан фойдаланувчилар сони 3579 нафарни ташкил этмоқда.

Бухоро вилоятида умумий сиғими 126,804 рақамга тенг 98 та телефон станциялари 100 фоиз рақамлаштирилган бўлиб, 93,823 нафар фойдаланувчиларга замонавий алоқа хизматлари кўрсатилмоқда.

2018 йилнинг 11 ойи давомида Бухоро вилояти бўйича жами 124,8 км дан ортиқ масофада оптик толали алоқа кабелларини ётқизиш ишлари амалга оширилиб, вилоятда оптик толали алоқа линияларининг жами узунлиги 797,8 км га етказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтишга доир Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-1741-сон қарорига мувофиқ, “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” ДУК томонидан Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида жами 4 та кам қувватли ҳамда 8 та юқори қувватли рақамли телеузаткичлар ўрнатилиб, ишга туширилди. Натижада вилоят ҳудуди 100 фоиз рақамли телевидение сигналлари билан тўлиқ қамраб олинди. Вилоят аҳолиси сифатли рақамли телекўрсатувларни кўриш имкониятига эга бўлди.

ЭЛЕКТРОН ПОРТАЛ

Вилоят, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларида Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорининг виртуал қабулхонаси, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали, “Лицензия”, “Ягона идоралараро ижро интизомини назорат қилиш”, “Идоралараро электрон ҳамкорлик”, “ICT.NIS.UZ”, “Кадрлар”, “УзАСБО”, “Ҳудуд”, “DOCENT”, “Бандлик дастурини мониторинг қилиш” каби ахборот тизимлари фаол тадбиқ этилган.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталига вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари уланган бўлиб, ушбу портал орқали ҳокимликларга жами 2500 та электрон мурожаатлар келиб тушган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 августдаги “Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 232-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан data.buxoro.uz ҳамда data.gov.uz порталларида жами 153 та очиқ маълумотлар тўплами жойлаштирилган.

Ҳокимликлар томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишларни оммага ёритиш мақсадида вилоят ҳокими, Қоракўл туман ҳокими, Шофиркон туман ҳокими, Когон шаҳар ҳокими томонидан Facebook ижтимоий тармоғида расмий саҳифалар ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3677-сонли қарорига мувофиқ, вилоятдаги барча ҳокимликлар ва ер участкаларини ажратишда иштирок этувчи барча ташкилотлар “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “YER ELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига уланди.

Вилоят ҳокимлиги фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида миллий интернет тармоғида ҳокимликнинг buxoro.uz манзилида расмий веб-сайти ишга туширилган. Мазкур расмий веб-сайтда ҳокимлик фаолияти, вилоятдаги янгиликлар, турли хил лойиҳалар, вилоят ҳокими томонидан қабул қилинган ҳужжатлар, статистик ва таҳлилий маълумотлар, ҳокимлик томонидан кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари ва бошқа фойдали маълумотлар жойлаштирилган. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига веб-сайт орқали вилоят ҳокимлигига тўғридан-тўғри электрон мурожаат йўллаш ва мурожаат бўйича жавоб олиш имконияти яратилди.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайти орқали 12 хил, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 10 хил турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. “Лицензия” ахборот тизимига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан берилган лицензия ва рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилмоқда.

Тижорат банклари томонидан тақдим этилган маълумотларни доимий реал вақт режимида ўрганиб бориш, яратилган иш ўринларининг такрорланиши олдини олиш мақсадида http://www.bdat.uz манзилида “Бандлик дастурини мониторинг қилиш” ахборот тизими ишга туширилди. Ҳозирги кунда мазкур ахборот тизимига вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, тижорат банклари, давлат солиқ органлари, марказий банк вилоят бош бошқармаси уланган.

Вилоятдаги 56 та сектор раҳбарлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар ҳамда давлат солиқ органлари раҳбарлари “Ҳудуд” ахборот тизимига уланди ҳамда замонавий русумдаги планшет компьютерлари билан таъминланди. Ҳозирги кунда мазкур ахборот тизимига секторлар фаолиятига оид барча маълумотларни киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳайъати ва Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Раёсатининг 2018 йил 12 апрелдаги қўшма қарорига асосан “Энг фаол ёш дастурчи” танловини ўтказди. Мазкур танловда “Ўзбекистон почтаси” АЖ Бухоро филиали Ахборот технологияларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Б.Наимов ўзи томонидан ишлаб чиқилган “Post Market” мобил иловаси билан иштирок этиб, танловнинг ҳудудий босқичи ғолиби деб  эътироф этилди. Мазкур мобил иловани ишлаб чиқариш ва очта хизматларини янада ривожлантиришда қўллаш кўзда тутилган.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида Бухоро вилоятидаги 13 та “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи марказлар “Тадбиркорлик субъектларини он-лайн режимда рўйхатдан ўтказиш” ахборот тизимига уланди. Ҳозирги кунда марказлар томонидан 100 турга яқин давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Фахриддин Аллаев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини
ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи