Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбарларидан иборат делегация аъзоларининг Хитойга ташрифи амалга оширилмоқда.
Ташриф давомида турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари хитойлик ҳамкорлар билан қатор учрашувлар ўтказмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон делегацияси ушбу мамлакатнинг солиқ тизимидаги илғор тажрибаси билан танишиш мақсадида Хитой Халқ Республикаси давлат солиқ администрацияси вакиллари билан музокаралар олиб борди. Шунингдек, Шеньчжэнда жойлашган “Huawei” бош офисида бўлиб, ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Хитой Халқ Республикаси давлат солиқ администрацияси вакиллари билан учрашув давомида “Huawei” ўз ҳамкори “CEIEC” билан биргаликда ишлаб чиқилган “Golden Tax” (“Олтин солиқ”) номли ахборот платформасининг яратилиш тарихи билан танишилди ва Хитойда солиқ тизимини рақамлаштиришга оид тажрибаси бўйича фикр алмашилди.
Хитойда 1994 йилда ишга туширилган мазкур тизим солиқ қонунчилигига риоя этилишини рағбатлантириш бўйича самарали платформа сифатида ном қозонган. Бугунги кунда ушбу лойиҳанинг учинчи босқичи жорий қилинмоқда.
Учрашувда “Huawei” ва “CEIEC” томонидан Ўзбекистонда солиқ тизимини модернизация қилиш лойиҳаси асосидаги технологик ечимлар намойиш этилди. Мазкур тизимнинг афзаллиги шундаки, соҳани ахборотлаштириш орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотларни истеъмолчигача бўлган ҳаракатини ҳамда ушбу жараёнда тўловларнинг амалга оширилишини ҳар бир иштирокчи кесимида назорат қилишга шароит яратади.
Рақамли платформанинг ва кўп каналли солиқ хизматларининг (АРР мобил иловаси, web, автоматлаштирилган ўзига-ўзи хизмат кўрсатадиган машина ва бошқалар) жорий этилиши натижасида солиқ тўловчиларга мажбуриятларини ихтиёрий бажаришлари учун юқори сифатли хизматлар кўрсатилади. Бу ўз навбатида, солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасидаги шаффоф муносабатларни мустаҳкамлайди.
“Huawei” технологиялари асосида “CEIEC” томонидан ишлаб чиқилган дастурий маҳсуллар мамлакатимиз солиқ маъмуриятчилигида кенг ислоҳотларни амалга ошириш даврида биз учун ҳам ўта аҳамиятлидир. Шу боис хитойлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда “Golden Tax” тажрибасини ўрганиб, унинг ижобий натижаларини амалиётга жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш учун “CEIEC” вакилларини Давлат солиқ қўмитасига таклиф қилишдан мамнунмиз”, — деб таъкидлади Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев.