Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 2017 йилнинг 29 ноябрь куни “Open Data Challenge” – очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда иловалар ишлаб чиқиш бўйича танловнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Ўзбекистондаги БМТТД ваколатхонаси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва бошқа муассасалар томонидан ташкил қилинди.
“Open Data Challenge” – бу очиқ ҳукумат маълумотларига асосланган маҳсулотларни тез ишлаб чиқиш бўйича мусобақа бўлиб, у Ўзбекистон учун нисбатан янги бўлган очиқ маълумотлар ғоясини тарғиб этишга қаратилган.
Хакатоннинг асосий вазифаси Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz) ва Ўзбекистон давлат органлари веб-сайтларида жойлаштирилган, ҳамда хусусий сектор томонидан тақдим этилган очиқ маълумотлар орасида ижтимоий ва инновацион иловалар ва хизматлар яратишдир.
«Open Data Challenge» хакатони 2017 йилнинг 30 ноябрдан 3 декабргача икки босқичда бўдиб ўтади. 30 ноябрь ва 1 декабрь кунлари рўйхатдан ўтган 400 дан зиёд иштирокчилар маҳорат мактаблари ва семинарларда иштирок этадилар. Ушбу тадбирлар давомида иштирокчилар малакали мутахассислар дизайн-фикрлаш, жамоаларни шакллантириш, Python тили асосида маълумотларни таҳлил этиш, Lean Startup ва Customer Development методологияси, блокчейн ва бошқа йўналишлар бўйича билимларга эга бўладилар.
2 ва 3 декабрь кунлари тренинг ва мастер-классларда олган билимлари ва таклифлар, ҳамда очиқ маълумотлар асосида ўз лойиҳаларини яратадилар.
Танлов ҳакамлар ҳайъати лойиҳаларни ўрганиб чиқади ва уч номинация асосида ғолибларни аниқлайди:
• Очиқ маълумотларда асосланган энг яхши ижтимоий лойиҳа (мобил ёки веб-илова, хизмат, мессенджерлар ёки ижтимоий тармоқлар учун ботлар, маълумот йиғувчи, қайта ишловчи ва тақдим этувчи ускуналар);
• Очиқ маълумотларда асосланган энг яхши бизнес лойиҳа(мобил ёки веб-илова, хизмат, мессенджерлар ёки ижтимоий тармоқлар учун ботлар, маълумот йиғувчи, қайта ишловчи ва тақдим этувчи ускуналар);
• Хакатоннинг энг инновацион лойиҳаси.
Биринчи икки номинацияда ғолиблар якка ва жамоавий таркибда аниқланади. Хакатоннинг энг инновацион лойиҳасини ғолиби Хакатонга тақдим этилган ечимлар орасидан танлаб олинади. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими 2017 йилнинг 16 декабрь куни бўлиб ўтади.