Корея Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик ўрнатилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига буюрган ташрифи доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири Ким Бу Кюм билан музокаралар ўтказди.

Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги Корея давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги негизида ташкил қилинган бўлиб, унинг фаолияти жамоат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган. Шунингдек, “Ақлли шаҳар” ва “Хавфсиз шаҳар” концепцияларини амалга оширишда “Электрон ҳукумат”ни ишлаб чиқишга ҳам масъул ҳисобланади.

Музокара вақтида икки вазирлик ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Асосий эътибор “Хавфсиз шаҳар” тизимини амалга оширишда Корея тажрибасини ўрганишга қаратилди. Ҳозирда ушбу лойиҳани ишга туширишга АКТ вазирлиги масъул этиб белгиланган.

Маълумки, Жанубий Корея нафақат “Электрон ҳукумат”, балки “Хавфсиз шаҳар” соҳасида ҳам етакчи давлатлардан ҳисобланади. Шунинг учун техник топшириқларни ишлаб чиқишда уларнинг тажрибасини ўрганиш – Ўзбекистондаги лойиҳаларни сифатли амалга ошириш ва жамоат хавфсизлиги ҳамда мамлакатимиз фуқаролари хотиржамлиги даражасини янада яхшилашда жуда қўл келади.

Учрашув сўнгида узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари бўйича вазирликлар ўртасида меморандум имзоланди. Корея Ички ишлар ва хавфсизлик вазири Ким Бу Кюм Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи нақадар аҳамиятли эканини, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида ахборот тизимини жорий этиш юзасидан вазирликлараро ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.