“Электрон ҳукумат” тизими – фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш тартибини соддалаштириш воситаси

Амалда мавжуд бўлган давлат хизматларини фуқароларга, юридик шахсларга ва давлат органларининг ўзига кўрсатишнинг янгича усули ҳисобланувчи “электрон ҳукумат” тизимини амалга ошириш ҳар қандай замонавий демократик давлатнинг асосий стратегик йўналишларидан бирига айланмоқда. Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланиш, яъни “электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш мазкур жараённи оптималлаштиришнинг асосий воситаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Шу жиҳатдан олганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва бир вақтнинг ўзида инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини юқори даражада таъминлашга қаратилган, шунингдек, амалда мавжуд давлат хизматларини замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кўрсатишни ўз ичига олувчи “электрон ҳукумат” тизими воситасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг янгича тартибини жорий этиш ва унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Маълумки, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, хусусан, туғилганликни ва никоҳ тузилганлигини қайд этиш энг кўп фойдаланиладиган хизмат турларидан бири ҳисобланади. Давлат статистика қўмитаси ахборот хизматининг маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 32,121 млн кишини ташкил этмоқда. Бу эса бир йилда ўсиш 1,7 фоизга тенг бўлганини (545,8 минг киши) кўрсатади. 2016 йилнинг январь ойидан декабрь ойи охиригача мамлакатда 726,8 минг бола туғилган. 2016 йил бошидан охиригача ФҲДЁ органлари 275,1 минг никоҳни қайд этган. Ушбу кўрсаткичлардан ҳам кўриниб турибдики, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш ва никоҳни қайд этиш оммабоп ва долзарб хизмат турларидан бири ҳисобланади. Шу боис мазкур хизматлардан фойдаланиш тартибини электрон ҳукумат тизими яратиб бераётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда оптималлаштириш фуқаролар учун янада янги қулайликларни яратиб беради.

Туғилиш ва никоҳ тузилганлигини қайд этиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 387-сонли Қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш” Қоидалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 400-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларига кўра, боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим. Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат мобайнида оғзаки ёки ёзма шаклда берилиши зарур. Бола туғилганлиги тўғрисидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса  қариндошлари, қўшнилари ёки ота-онаси ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахсга, тиббиёт муассасаси, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан берилиши мумкин. Туғилганликни қайд этиш учун, бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома, ота-онасининг паспорти ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гербли гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ёки никоҳда бўлмаган онанинг аризаси тақдим этилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, никоҳни қайд этиш учун ҳам фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларида келтирилган талабларга риоя этилиши лозим ҳисобланади. Никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрисида белгиланган намунадаги ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади. ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахсларнинг никоҳ тузилганлигини қайд этиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади.

Барчамизга маълумки, амалиётда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш ёки никоҳни қайд этиш учун фуқаролар ФҲДЁ органига шахсан ташриф буюрган ҳолда ариза берадилар. Республикамизда электрон мурожаат қилиш тизими йўлга қўйилган бўлсада, ушбу соҳада бу тизим ҳанузгача ўз фаолиятини бошламаган. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида “Мурожаатлар оғзаки, ёзма, ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин”, деган қоида акс эттирилган. ФҲДЁ органларига туғилганликни қайд этишни сўраб тақдим этилган ариза ҳам фуқаролар мурожаатининг турларидан биридир. Шундай экан, савол туғилади: “Электрон мурожаат юбориш тизими ўзининг ҳуқуқий асосларига эга бўлса-да, нима сабабдан ФҲДЁ органларига туғилишни қайд этишни сўраб электрон тарзда мурожаат юбориш мумкин эмас?” Саволга жавоб излаш жараёнида маълум бўлдики, my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари порталида

my.gov.uz
my.gov.uz

фуқаролик хизмат турлари рўйхатида никоҳни қайд этиш учун Тошкент шаҳри Сергели тумани фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш органи (ФҲДЁ)га ариза тақдим этиш ва туғилганликни қайд этиш учун Тошкент шаҳри Сергели тумани фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш органи (ФҲДЁ)га ариза тақдим этиш хизматлари ҳам киритилган. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бошқа туманлардаги ФҲДЁ органларида мазкур портал орқали электрон ариза тақдим этиш хизмати мавжуд эмас. Биз ушбу масалада маълумот олиш учун Сергели тумани ФҲДЁ органига телефон орқали мурожаат қилганимизда, Сергели тумани ФҲДЁ бўлими раҳбари томонидан ушбу тизим ишламаслиги, my.gov.uz портали орқали Сегели тумани ФҲДЁ бўлимига ҳали бирор марта электрон ариза келиб тушмаганлиги, ФҲДЁ органларига электрон ариза бериш тизими Сергели туманида эксперимент сифатида амалга оширилиши кўзда тутилгани, бироқ, ҳали амалга оширилмаганлиги ҳақида маълумот олишга муяссар бўлдик. Бундан кўриниб турибдики, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш жараёнида электрон мурожаатлар амалиёти билан боғлиқ етарлича муаммолар мавжуд.

Бу борада ривожланган хорижий давлатлар амалиётига юзланадиган бўлсак, маълум бўлдики, бир қанча хорижий давлатларда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ФҲДЁ органларида никоҳни қайд этиш ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун электрон ариза ва ҳужжатларни юбориш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, Буюк Британияда ушбу тизим самарали фаолият юритаётган бўлиб, www.gov.uk портали орқали туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун ариза юбориш имконияти мавжуд.

vrtrf
gov.uk

Бундан ташқари Буюк Британияда портал орқали туғилганликни қайд этиш ҳақида умумий маълумотларга эга бўлиш, кимлар ариза бериши мумкинлиги, шунингдек, туғилганликни рўйхатга олиш идоралари ҳақида маълумот олиш имконияти мавжуд. Порталда Шотландия, Шимолий Ирландия ва хорижда туғилган болаларни туғилганлигини қайд қилиш учун турлича қоидалар белгиланган. Хусусан, хорижий давлатда туғилган болалар учун портал орқали ариза тўлдириш мобайнида, хизмат учун онлайн тўловни амалга ошириш ҳамда ҳужжатларни юбориш ҳақида маълумот олиш мумкин. Ариза тўлдирилиб, ҳужжатлар юборилгандан сўнг, рўйхатга олувчи орган 5 иш куни мобайнида туғилганликни қайд этади. Агар рўйхатга олувчи органга бирор маълумот керак бўлса, ёки ҳужжатларни тўғрилигига шубҳа туғдирадиган ҳолатлар аниқланса, рўйхатга олувчи орган ариза берувчига телефон қўнғироғи орқали мурожаат қилади. Ҳужжатлар ариза берувчига туғилганлик қайд этилганидан сўнг хавфсиз курьер хизмати орқали жўнатилади. Шунингдек, ҳужжатлар билан биргаликда агар хизмат учун тўлов амалга оширилган бўлса туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ҳам юборилади. Мазкур тизим ҳаттоки хорижда бўлган Буюк Британия фуқароларига ҳам интернет тармоғи орқали ўз фарзандларининг туғилганлигини қайд этиш имконини яратади.

ffew
eesti.ee

Туғилганликни қайд этишнинг электрон тизими Эстонияда ҳам мукаммал йўлга қўйилган бўлиб, Эстония фуқароси махсус ID рақамлари орқали www.eesti.ee Эстония давлат хизматлари порталига кириб, туғилганликни қайд этиш учун электрон ариза юбориш имкониятига эга. Қолаверса, Эстонияда ушбу тизимнинг ҳуқуқий асослари ҳам мавжуд. 2009 йил 20 майда қабул қилинган Эстония Республикасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш учун агар қонунда бошқа қоидалар на­зарда тутилмаган бўлса, аризалар шахсан ёзма равишда ёки электрон шаклда элек­трон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилиши белгиланган.

Бундан ташқари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш учун электрон ариза бериш тизими Россия Федерациясининг кўплаб ҳудудларида ҳам кенг йўлга қўйилган. Масалан, Санкт- Петербург давлат хизматлари портали www.gu.spb.ru сайтида туғилганликни давлат рўйхатидан ўтқазиш ҳақида умумий маълумотлар олиш имконияти бор бўлиб, шу билан бир қаторда туғилганликни қайд этиш учун электрон тарзда портал орқали ариза бериш тизими ҳам ишлайди. Россия Федерациясининг “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасида “Туғилганликни қайд этиш учун ота-она (ёки улардан бири) оғзаки ёки ёзма тарзда, шунингдек, ягона пор­тал орқали электрон равишда ариза юбориши мумкин. Электрон равишда юборилган аризалар ариза берувчининг оддий электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади”, деган қоида акс эттирил­ган. Ушбу мезондан кўриниб турибдики, Россия Федерациясининг ягона интерак­тив давлат хизматлари порталида ҳам фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш учун электрон тарзда ариза бериш имкони яратилиши билан бирга, ушбу тизим ҳуқуқий жиҳатдан ҳам асослантирилган.

Республикамизга чегарадош давлатлар­дан бири Қозоғистоннинг давлат хизмат­лари портали www.egov.kz сайтида ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун электрон ариза юбориш тизими ишга туширилган ва ҳозирги вақтда ўз фаоли­ятини олиб бормоқда. Бундан ташқари, жаҳоннинг Германия, Жанубий Корея, АҚШ, Франция каби бир қатор ривож­ланган давлатларида ҳам туғилишни ва никоҳни қайд этишнинг электрон тизими яратилган.

Фикримизча, электрон ҳукумат тизими www.eesti.ee (Эстония) ривожланиб бораётган бир даврда бизнинг мамлакатимизда ҳам фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг электрон тизимини йўлга қўйиш вақти келди. Шу боис my.gov.uz Ягона интерак­тив давлат хизматлари порталида дастлаб Тошкент шаҳрининг барча туманлари­даги ФҲДЁ органларига электрон ариза ва ҳужжатларни юбориш тизими ишга туширилиб, кейинчалик вилоятларда ҳам мазкур тизим йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, портал­да туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда уларни такрорий равишда олиш учун ариза қолдириш имконияти билан бир қаторда хизматдан фойдаланганлик учун электрон тўловни амалга ошириш имконияти ҳам яратилиши лозим.

Мазкур ислоҳотларнинг амалга ошири­лиши соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришни ҳам кўзда тутади. Хусусан, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларининг 17-бандига электрон тарз­да мурожаат қилиш имконияти ҳақидаги қоидалар киритилиб, мазкур банд қуйидаги таҳрирда баён қилиниши лозим: “Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат мобайнида оғзаки ёки ёзма шаклда, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда берилиши зарур. Электрон шаклда тақдим қилинган ариза­лар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади”.

Ушбу қоидани ҳаётга татбиқ этиш учун электрон рақамли имзодан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш талаб этилади.

Хуллас, электрон ҳукумат воситасида давлат хизматларини кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш ва соддалаш­тириш давлатимиз олдига қўйган муҳим вазифалардан бири экан, ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ино­батга олган ҳолда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, хусусан, туғилишни ва никоҳни қайд этишнинг электрон тизимини амалга жорий этиш орқали электрон ҳукуматни ри­вожлантиришнинг яна бир омили бўлиб хизмат қилади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ