Сирдарё вилояти: Самарали меҳнат натижалари

Жойларда АКТ соҳасида эришилган натижаларнинг таҳлили – журналимизнинг “Минтақа” рукни остида чоп этиладиган мақолаларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Умид қиламизки, ушбу сонда Сирдарё вилоятида ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ва вилоятда ушбу соҳанинг ривожланиш кўрсаткичлари билан танишиш учун сиз, азиз журналхонларимиз эътиборига ҳавола қилинган мақолаларимиз кўзлаган мақсадига эришади.

“Электрон ҳукумат”

Маълумки, электрон ҳукумат давлат органлари аҳоли, тадбиркорлар ҳамда бошқа давлат органлари билан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли орқали ўзаро самарали муносабатини йўлга қўйишда босилган асосий қадамлардан биридир.

Мисол ўрнида айтиш мумкинки, мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумотнома олиш учун авваллари туман (шаҳар) солиқ инспекциясига бориб, навбатда туриб, ёзма равишда ариза ёзиб, ушбу аризани солиқ инспекциясида қолдириб, уни кўриб чиқилишини бир неча кун кутиш ва тайёр бўлгандан сўнг маълумотномани яна ўша туман инспекциясига бориб олиб кетиш керак бўлар эди. Ҳозир эса, ушбу маълумотномалар автоматик тарзда электрон шаклда веб-сайт орқали бир зумда шакллантирилиб берилмоқда. Вилоят ҳокимлигининг sirdaryo.uz расмий веб-сайти орқали ҳам шу каби 14 та интерактив давлат хизматлари жорий қилинган. Шу ўринда эътиборингизни «электрон ҳукумат»нинг яна бир жиҳатига қаратамиз. Электрон ҳукумат – бу фақатгина ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш эмас, унинг асосий қисмини ташкилий чора-тадбирлар ташкил этади. Яъни, ушбу чораларни ўртача тақсимлайдиган бўлсак, 20 фоизини ахборот технологияларини жорий қилиш ташкил этса, қолган 80 фоизини маъмурий бошқарув ислоҳотлари, тартиботларни оптималлаштириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш чора-тадбирлари ташкил этади.

11051

Сирдарё вилоятида АКТни ривожлантириш бўйича 2016 йилда амалга оширилиши режалаштирилган 35 та лойиҳадан иборат 101 млн сўмлик чора-тадбирларнинг манзилли дастури тасдиқланиб, Республика Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилди. Мазкур чора-тадбирга мувофиқ вилоят ҳокимлиги расмий сайтида data.sirdaryo.uz бўлими яратилди ва 60 дан ортиқ очиқ маълумотлар тўплами жойлаштирилди. Шу билан бирга data.gov.uz очиқ маълумотлар порталида 70 дан ортиқ маълумотлар жой олишган. Вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтига “Ишонч телефони” хизматини интерактив кўринишга ўтказиш мақсадида IVR -“Виртуал офис” ахборот тизими жорий этилди. Тизим орқали ишонч телефонига қилинган қўнғироқларни электрон ҳисобини юритиш ва хизмат сифатини баҳолаш имконияти яратилди.

Телекоммуникациялар

Маълумки, ахборот-коммуникация технологиялари ижтимоий ва иқтисодий соҳаларни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Айниқса, давлат бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш юртимизнинг истиқболдаги тараққиётини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли ҳам бугунги кунда мамлакатимизда axбoрoт-кoммуникaция теxнoлoгиялaри тизимининг ўрни ўта муҳим ҳисобланади. Сирдарё вилоятида бугунги кунда телекоммуникация ва ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари самарадорлигини ошириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар орасида тезкор мулоқот ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларнинг кўзга ташланадигани, бу умумий сиғими 48 минг рақамга тенг 66 та телефон станцияларининг 100 фоизга рақамлаштирилгани ва улар орқали 40,4 минг фойдаланувчиларга замонавий алоқа хизматлари кўрсатиб келинишига эришилганидир. Соҳани ривожлантириш йўлида етарлича куч ва вақт ажратилаётганининг яққол далилларидан яна бири, айни вақтга келиб, вилоят аҳолисига Интернет хизматларини кўрсатувчи кенг полосали қурилмаларнинг сиғими ўтган йилгига нисбатан 10 фоизга оширилганидир.

Ҳозирги вақтга келиб кенг полосали қурилмалар сиғими 14,5 минг портга етказилди, улар орқали 12,3 мингта абонентга хизмат кўрсатилмоқда. IP-TV хизматидан фойдаланувчилар сони эса 3 632 тани ташкил қилмоқда. Жорий йил вилоятда 89,97 км оптик толали алоқа кабеллари ётқизилиб, оптик толали алоқа линияла-рининг вилоятдаги жами узунлиги 538,2 км га етказилди, – дейди Республика Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожланитириш вазирлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Хидиров.

Таъкидлаш жоизки, вилоятда тармоқ ўтказувчанлик даражасини ошириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, барча туманлар кесимида DWDM қурилмалари ўрнатилиши орқали тармоқ ўтказувчанлик даражаси вилоят марказигача 40 Гбит/с га, ҳар бир туман марказларигача 10 Гбит/с га етказилди. Сирдарё вилоятида база станциялари сони ҳам ошиб бормоқда, 2017 йилнинг 1 март ҳолатига кўра вилоятдаги жами база станцияларининг сони 505 тани ташкил этмоқда.

Натижада, аҳоли яшаш масканларида мобил алоқа қамрови 90 фоизга етказилиб, мобиль алоқа фойдаланувчилари сони 567,5 мингтани ташкил этмоқда. Шулардан 279 мингдан ортиғи мобил интернет хизматларидан фойдаланиб келмоқда. Бундан ташқари, “Ўзбектелеком” АК Сирдарё филиали томонидан Гулистон шаҳар Алоқа уйида ташкил этилган замонавий “Call-centr” марказида 10 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Корпоратив секторга мультимедиа хизматларини кўрсатиш мақсадида Гулистон шаҳрида тадбиркорлик ва бизнес фаолиятини ривожлантириш масалаларида видеоконференция алоқаси ёрдамида интерактив йиғилишларни ташкил этиш, илғор хориж тажрибаларини ўрганишга имконият берувчи мультимедиа студиялари замонавий телекоммуникация технологиялари билан жиҳозланган.

Компьютерлаштириш маркази

Вилоятда фаолият юритадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижро интизомини мустаҳкамлаш, идоралараро электро ҳужжат айланиши тизимини жорий этиш ва ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида вилоят ҳокимининг 2016 йил 26 декабрда 403-сон қарори имзоланди. Мазкур қарор билан тасдиқланган режага мувофиқ вилоят Компьютерлаштириш маркази томонидан вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларида тизим жорий этилди. Шунингдек, корпоратив электрон почта тизимларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ҳамда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг

261 нафар ходимига корпоратив электрон почта тизими жорий этилди.

– Аҳоли ўртасида интерактив маълумотлар олиш жараёни кучаймоқда, – дейди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги вилоят “Компьютерлаштириш маркази” директори Алишер Бурханов.

Лекин, интерактив маълумотлар олиш йўлларини кенгайтириш, ушбу жараёнда керакли қулайликлар яратиш, албатта, ўзимизнинг қўлимизда. Агар аҳолини доимий равишда интерактив хизматлар бўйича қизиқарли маълумотлар билан таъминлаб турмасак, исталган натижага эришиш қийинлашади.

Компьютерлаштириш маркази директорининг фикрича, марказ томонидан амалга оширилган муҳим ишлар қаторида шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ўртасида локал тармоқ ўрнатилгани, ходимлар томонидан Интернетдан фойда-ланиш самарадорлигининг ошгани ва энг муҳими – ЭҲА тизимини кенгайтиришга эришилганидир.

Рейтинг натижалари

Вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтини такомиллаштириш бўйича вилоят “Компьютерлаштириш маркази” ДУКга камчиликлар юзасидан кўрсатмалар бериб борилмоқда. Камчиликларни бартараф этиш ва веб-сайтни такомиллаштириш, интерактив хизматлар сифатини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Доимий равишда кўрсатилаётган амалий ёрдам ва тавсиялар натижасида, вилоят ҳокимлигига Ягона портал орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш сифати ва NIS.UZ рейтинг натижаларини ошириш чоралари кўрилиб, бу йўналишда камчиликларни бартараф этиш мақсадида маълумотлар киритиб борилмоқда. Натижада, вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти ва интерактив хизматлар сифат кўрсаткичи 2015 йил IV чорагида 19,75 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йил IV чоракда ушбу кўрсатки 45,39 фоизга оширилди.

Умумий рейтинг кўрсаткичи 2016 йил 4-чоракда 2015 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиши 19,9 фоизни ташкил этди.

“Ягона дарча” маркази

Ҳаммамизга маълумки, жорий йилнинг 1 январидан эътиборан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолият бошлади. Сирдарё вилоятида ҳам Ягона дарча марказлари тадбиркорларга яқиндан кўмак бераяпти.

Гулистон шаҳар Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш “Ягона дарча” маркази ҳам замонавий компьютер ва ташкилий техника воситалари билан 100 фоиз таъминланган.

Марказимиз моддий-техник базаси замонавий ахборот коммуникациялари билан таъминлангани, албатта, марказнинг талаб даражасида фаолият юритишида қўл келмоқда. 2017 йил бошидан тадбиркорлик субъектларини рўйҳатдан ўтказиш ва уларнинг базасини шакллантириш бўйича янги тизим – bo.birdarcha.uz сайти ишга тушди ва вилоятимиз тадбиркорлари ушбу усул ўз фаолиятларини бошлашларининг тез ва қулай йўли эканлигига амин бўлишмоқда, – дейди марказ директори Боҳодир Ибодиллаев.

Таъкидлаш жоизки, барча марказлар 2 Мбит/с тезликдан кам бўлмаган Интернет тармоғининг миллий сегментига тўлиқ уланиб, 16 турдаги давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари билан ўзаро муносабатлари Ijro.uz – идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали амалга оширилиши таъминланган. Ўз навбатида ягона дарча марказларида фаолият юритаётган 73 нафар ходим “E-Kalit” – электрон рақамли имзо калитлари билан ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг 280 нафардан ортиқ ходимлари Идоралараро электрон ҳамкорлик тизимидан фойдаланишлари учун Электрон рақамли имзо сертификатлари билан таъминланди. Ушбу тизимда ишлаш бўйича мутахассислар томонидан мунтазам равишда семинарлар ўтказилиб, масъул ходимларнинг билим ва малакалари оширилиб келинмоқда.

Ҳусусан, вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган тадбиркорлик субъектларига «бир дарча» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли ташкилотлар ва ягона дарча марказлари ходимларини идоралараро электрон ҳамкорлик тизимидан фойдаланиш кўникмасини оширишга қаратилган ўқув амалий машғулотлари тармоқ графигига мувофиқ ҳудудий бошқарма томонидан “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-тамойилларини расмийлаштириш жараёнида идоралараро маълумотларни электрон айирбошлаш механизмини амалга ошириш тартиби” мавзусида амалий семинарлар ташкил этилди.

Маънавият манбаи

Китоб ўқиш – инсон маънавиятини юксалтириш учун энг самарали восита ҳисобланади. Мутафаккирлардан бири “Мен ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман”, деган экан. Бугунги кун кутубхоналари китобхонларни тарихий маълумотлар, халқларнинг маънавий дунёқарашларидаги тарихий ўзгаришлар билан таништириб қолмай, ҳозирги замонда долзарб ҳисобланадиган йўналишлар бўйича ҳам етарлича маълумотлар билан таъминлаши мумкин. Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти Ахборот-кутубхона маркази ташкил этилган кунданоқ аҳолини ахборотга бўлган талабларини қондириш, билим ва ахборот олиш учун кенг имконият яратиб бериш, шахс ривожланиши учун билимларни ошириш, маданий фаолият ва бўш вақтда ижодий фаолият юритиш учун шароит яратиш йўлида хизмат қилиб келмоқда. Марказнинг ижтимоий муҳимлиги, ахборот ва китоб зарурлигининг ҳозирги кунда ошиб бориши, умумтаълим фаолиятида синфдан ташқари ўқишнинг ўрни ўсиб бориши сабабли, фойдаланувчиларнинг талаблари мураккаблашмоқда.

АКМда биз мавжуд қадриятларимизни сақлаб қолган ҳолда, китоб, ахборот ва фойдаланувчилар билан ишлашни янги усулларини йўлга қўйиш бўйича қатор ишларни амалга оширмоқдамиз, – дейди АКМ Ахборот-технологиялари бўлими мудири Акмал Абдуразоқов.

Дарҳақиқат, Сирдарё вилояти Ахборот кутубхона маркази иш фаолиятида ҳам кескин ўзгаришлар сезиларли даражада тус олмоқда. Ахборот технологиялари бўлими ходимлари томонидан бугунги кунга қадар автоматлаштирилган кутубхона жараёнлари “КаДаТа” дастури бўйича 10 та иш ўринлари ташкил этилди. Марказ фойдаланувчиларининг 40 нафари компьютер саводхонлиги бўйича ўқитилди.

Кутубхонада тўла матнли маълумотлар базасини яратиш учун ҳужжатларни сканерлаш давом этмоқда, ҳисобот даврида 3602 та 26936 Мб ҳажмли ҳужжат сканерланди. Интернет тармоғи ва Ziyonet таълим портали орқали 362 та, Lex.uz портали орқали эса 180 нафар фойдаланувчиларга хизмат кўрсатилди. Йиғма электрон каталог секторида Ахборот-кутубхона ресурсини электрон шаклга ўтказиш мақсадида рақамлаштиришни, кутубхоналарнинг автоматлаштирилган дастурий таъминоти ИРБИС ва KaDaTa дастурлари ёрдамида ҳалқаро MARC форматида электрон каталог базаларини яратади.

Йиғма электрон каталогимиз ахборот-кутубхона ресурси кўринишларидан бири бўлиб, у турли идораларга қарашли ўз ахборот – кутубхона ресурсларига эга ахборот-кутубхона муассасаларининг ҳамкорлигида яратилади ва фойдаланилади, – дейди АКМ бош кутубхоначиси Риза Муллаев.

– Ҳозирги кунга келиб, электрон каталоглаштириш тизими ахборот-кутубхона муассасаларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Йиғма электрон каталогнинг қулайликлари фойдаланувчилар учун масофадан туриб, ўзига керакли бўлган китобни электрон кўринишини қисқа вақт ичида топиб, фойдаланиш имконини беради. Ахборот кутубхона марказида битта китобнинг электрон шаклини яратиш учун бор йўғи беш дақиқа кифоя қилинмоқда. Марказ яқинда ушбу жараённи бажаришга мўлжалланган 137 млн сўмдан ортиқ илғор технологияли ускуналар тўпламига эга бўлди. АКМнинг Ахборот технологиялари бўлими томонидан фойдаланувчиларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш, уларни вақтини тежаш ҳамда ахборотга бўлган талабларини қондириш мақсадида янги лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, кенг оммага тадбиқ этиш учун Ахборот-кутубхона марказининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Ушбу лойиҳалар бўйича кутубхона Ахборот-технологиялари бўлими мудири Акмал Абдуразаков “Мобиль саёҳат” лойиҳасига алоҳида тўхталиб ўтди. – Ахборот-кутубхона марказининг ҳар бир бўлимида махсус расмлар жойлаштирилган бўлиб, ушбу расмлар янги яратаётган андроид платформасида ишловчи илова дастур базасига кири-тилган. Ҳар бир бўлимга махсус логотип расмлар танланган бўлиб, бўлимлар иш фаолияти акс эттирилган расмларга мобил телефон камераси орқали қаралганда дастур автоматик равишда ишга тушади ва мазкур бўлим тўғрисида маълумот беради. Дастурга киритилган маълумотлар матнли, аудио ва видео форматда бўлиши мумкин. Ушбу дастур Ахборот-кутубхона марказининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган бўлиб, дастур хақида йўриқнома кўрсатиш имкони ҳам мавжуд.

Кутубхона ходимларининг фикрига кўра, ушбу дастур бир қатор қулайликларга эга. Авваломбор, дастур фойдаланувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга автоматик тарзда жавоб олиш имконига эга бўладилар.

Бунинг учун фойдаланувчи илова дастурнинг фотокамерасини ўзи қизиқтирган бўлимда жойлаштирилган расмга қаратса бўлгани. Бу дастурга буюк алломаларимиздан Алишер Навоий ва Сохибқирон Амир Темур расмлари ва ушбу шахсларнинг таржимаи ҳоллари ҳам киритилган.

Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилоят Ахборот-кутубхона маркази фондида сақланаётган илмий, адабий, бадиий ва оммабоп адабиётларнинг электрон нашрларини тайёрлаш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Бу ишларни амалга оширишдан кутубхона кўзлаган асосий мақсад – ахборот технологияларининг бугунги кун ҳаётига шиддат билан кириб келаётгани инобатга олиниб, ушбу технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда, китоб фондида мавжуд бўлган барча адабиётларнинг электрон нашрларини яратишдир.

Хусусий сектор

Сирдарё вилоятида АКТ соҳаси билан боғлиқ бўлган фаолият турини юритаётган хусусий сектор вакиллари ҳам ўз йўналишлари бўйича аҳолига хизмат кўрсатмоқдалар. Улардан бири – ICOM.uz компанияси ҳисобланади. Корхона ўз фаолиятини 2010 йилда бошлаганига қарамай, фаолиятининг биринчи куниданоқ, яратиладиган дастурларни ўзлари томондан ишлаб чиқилган “engine SURGE” платформаси асосида тайёрлашни йўлга қўйди.

– Биз охирги уч йил давомида турли хил технологияларни амалиётда фаол ўрганиб чиқдик, – дейди компания раҳбари Иван Порохин. – Дастурий маҳсулотлар яратиш ва йўлга қўйиш бўйича етарлича тажрибага эга бўлиб, айни вақтда биз юртимизда фаолият юритаётган корхоналарнинг бизнес жараёнларини соддалаштиришда ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз. Корхона раҳбари Иван Порохиннинг фикрича, дастурлаш, фойдаланувчига содда туюлишидан қатъи назар, бу – ижодий жараён. Компания веб-сайтлар, интернет-дўконлар ва электрон ҳужжат алмашинуви тизимлари яратиш бўйича ва алоҳида ташкилот учун бир қатор индивидуал таклифлар бериш имкониятига эга.