Давлат хизматлари кўрсатишнинг такомиллаштириш тартиби ўз ичига куйидаги бир қанча тадбирларни олади:
- давлат хизматларини кўрсатишнинг қулайлигини ошириш ҳамда жараёнлардаги ортиқча такрорланувчи функцияларни қисқартириш;
- давлат хизматларини кўрсатишда алоқадор бўлмаган; икки ёки ундан ортиқ давлат органлари, шунингдек, қуйи ташкилотлар ўртасидаги айнан бир хил вазифа ва топшириқларга асосланган маълумот тақдим этишда ортиқча коғозбозликларни қисқартириш;
- давлат хизматлари ҳамда ушбу жараёнда уларни кўрсатиш билан боғлиқ бўлган муддатни асосли қисқартириш;
- давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган давлат органлари ҳужжатларини умумлаштириш;
- давлат электрон хизматларидан фойдаланиш жараёнида жисмоний ва юридик шахслар томонидан тақдим этилаётган ҳужжатлар жамланмасини аниқлаш ва сонини қисқартириш;
- давлат хизматини кўрсатиш жараёнидаги вазифаларни белгилаш ҳамда иштирок этадиган давлат органидан тўпланиладиган маълумотларни электрон идоралараро ҳужжат алмашинуви орқали тақдим этиш;
- давлат хизматларини ягона марказлар орқали “ягона дарча” тамойилига мос тақдим этиш ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириш.
Давлат хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш асосан қуйидаги босқичлардан иборат:
- Давлат хизматлари кўрсатилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш (давлат хизматларини кўрсатиш тартибини кўрсатувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни, тўсқинликларни, АКТ ривожланганлик ҳолатларини ўрганиш);
- “Ҳозирги ҳолат” (As Is) моделини ўрганиш ва ифодалаш;
- “Қандай бўлиши лозим” (To Be) моделини лойиҳалаш;
- Амалга ошириш режасини ташкил қилиш.
2016 йилнинг учинчи чорагида “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази томонидан ишчи йиғилиш ўтказилиб, “Кўчмас мулкка эга бўлиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Жисмоний шахсларга тегишли турар жой, хонадон, шахсий уй ёки хонадонларни расмийлаштиришга оид нотариал ҳужжат тақдим этиш”, “Ўриндошлик асосида ишловчи жисмоний шахсларга даромад солиғи ҳақидаги дек ларацияни тақдим этиш”, “Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш”, “Ўрмон жамғармаси ҳисобига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига рухсатнома бериш” каби давлат хизматларини такомиллаштиришга оид қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини бажаришда номлари қайд этилган хизматларнинг бажарилиш жараёнида қўлланиладиган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ўрганилиб, хизматларни кўрсатишда иштирок этадиган давлат ташкилотларга ташриф буюрилиб, давлат ва хўжалик ташкилотлари фаолияти ўрганилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида ҳар бир хизмат юзасидан унинг айни пайтдаги тартибини ўз ичига олган маълумотномалар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таҳлили, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ечимини топишда хорижий давлатларда қўлланилган айнан шу хизматга ўхшаш давлат хизматлари ўрганилиб, таҳлилий маълумотлар тайёрланди.
Ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар якунига кўра, давлат хизматини мақбуллаштириш, қонунчилик қисмини такомиллаштириш ҳамда ташкилотлараро электрон маълумот алмашинувини ҳисобга олган ҳолда хизмат кўрсатишнинг янги модели яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига биноан, 2017 йилда қўшимча 18 та давлат хизмати ишга тушиб, тадбиркорлар субъектларига ягона марказлар орқали босқичма-босқич амалга оширилади. Шунингдек, 2018-2020 йилларда ишга тушириладиган давлат хизматларининг рўйхати тасдиқланган. Ушбу қарор 2017 йилнинг I чорагидан ишга тушириладиган “Лицензия” ахборот тизимлари комплексини ўз ичига олади. Комплекс тегишли давлат органига бормасдан туриб, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини электрон шаклда олиш, рухсатнома ва лицензиялар олиш тартиби ва муддатлари ҳақидаги, шунингдек рухсатнома ва лицензиялар реестридаги маълумотлардан масофадан туриб фойдаланиш, “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари бўйича рухсатнома ва лицензия бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш жараёни ва натижасини, қаерда ва қай тарзда мурожаат этганидан қатъи назар, кузатишга имкониятлар яратади.
Қарор ижроси йўлида, давлат хизматларининг йўлга қўйилишини ўрганиш ҳамда 2017 йилга жорий этилиши ва Ягона порталда ишга туширилишини йўлга қўйишда иштирок этувчи ишчи гуруҳ тузилиб, давлат ва хўжалик органлари вакиллари билан ишчи музокаралар олиб борилди. Ишчи гуруҳ томонидан АКТ тараққиётининг ҳозирги ҳолатига кўра инфратузилма ўрганилиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг унга тайёргарлиги, ташкилотлараро алоқадорликда, ахборот тизими ва маълумотлар базасида қўлланилиши таҳлил этилди.
Тадбирлар сўнгида “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларининг тадбирлар жадвали ишлаб чиқилди ҳамда уларга мувофиқ вазифалари белгилаб олинди.