Алгоритмдан – ғалабагача

Ўзбекистонлик етти нафар касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ўқувчиси Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтказилган XIII Халқаро Жаутиқ олимпиадасида иштирок этди. Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги 2-сонли лицей ўқувчиси Темур Хўжақулов информатика фани бўйича хорижий тенгқурлари билан беллашиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади ва бронза медали совриндорига айланди.

Бу йилги олимпиада бугунги куннинг забардаст олимларига бағишланган бўлиб, улар қаторида швейцариялик машҳур олим, информатика соҳасининг донгдор мутахассиси, Цюрих олий техника мактабининг компьютер фанлари доктори, Паскаль, Модула-2, Оберон каби дастурлаш тилларининг муаллифи Никлаус Виртнинг номи ҳам бор,- дейилади танлов ташкилотчилари берган расмий хабарда.

Никлаус Вирт яратган дастурлар ва дастурлаш тиллари ёрдамида бугуннинг миллионлаб фойдаланувчилари турли сайтлар, иловалар ишлаб чиқмоқда. Унинг қаламига мансуб Паскаль дастурлаш тили дунё бўйлаб кўплаб ўқув муассасалари таълим дастурига киритилган. Олимпиадада совриндор бўлган Темур ҳам информатикага илк қадамларини айнан Паскаль дастурлаш тилини ўрганишдан бошлаган:

8-синфда синф раҳбаримиз Паскаль дастурида ишлашни ўргатиб, дастурлашга қизиқтирган. Қисқа муддат ўтиб, ҳозир бизга лицейда дарс бераётган устозимдан қўшимча дарс олишни бошладим ва 9-синфда бир неча бор информатика бўйича олимпиадага қатнашиб, деярли ҳар сафар ғолиб бўлдим. Мактабни битиргандан сўнг, устозим Аҳад Азаматов ишлайдиган Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги 2-сонли лицейга ўқишга кирдим ва шу инсоннинг қўл остида таҳсил олаётганимдан жудаям хурсандман, – дейди иккинчи босқич ўқувчиси Темур Хўжақулов.

Ҳақиқатан, буюк юрт келажаги – илмли авлод қўлида. Темур ҳам биз билан суҳбат давомида мана шундай илмга чанқоқлик ва тиришқоқликни намойиш этди.

– Темур, Халқаро олимпиадада илк бор иштирок этишингизми?

– Ҳа, илк бор. Лекин шу вақтгача Ўзбекистон бўйича йигирмага яқин олимпиадада қатнашганман.

– Олимпиада қандай ўтди?

– Бир ҳафта давомида информатика имтиҳони учун икки кун белгиланди. Ҳар куни иштирокчиларга учтадан масала берилди. Масалалар қийин бўлишига қарамай, тез ва тўғри ечишга харакат қилдик. Олимпиада синовларининг ўзига яраша қийинчиликлари бўлса ҳам, бу ўз билимларимизни алгоритмларга асосланган Динамик дастурлаш, Бинар қидирув, Комбинатория ва бошқаларда синаб кўришимиз учун яхши имконият бўлди. Бўш кунларимизда шаҳар бўйлаб сайр қилдик, тоғларга экскурсияга чиқдик.

– Шундай зафарли иштирокдан сўнг, Ўзбекистонга қайтишингиз кўтаринки руҳда бўлиб ўтди, бундан жуда хурсанд бўлгандирсиз?

– Ўзбекистонга қайтганимизда бизни яқинларимиз, устозларим ва курсдошларим кутиб олишди. Мен жуда ҳам хурсанд бўлдим. Эришган ютуғимдан фахрланаман, чунки ушбу информатика олимпиадасида юртимиз ёшлари орасида биринчи бўлиб совриндор бўлдим. Келгусида, жумладан ёзда Эронда бўлиб ўтадиган умумжаҳон олимпиадасида олтин медаль олишга ҳаракат қиламан. Ушбу олимпиадада 90дан ортиқ мамлакатдан 400 га яқин ёшлар иштирок этиши кутилмоқда.

– Албатта, ушбу ниятингизга эришишингизга, барча юртдошлар қаторида, биз ҳам тилакдошмиз. Зеро, сўзларингизга қараганда, Эронда ўтадиган олимпиада ҳам нуфузи жиҳатидан анча юқори ўринда туради. Айтингчи, халқаро миқёсдаги беллашувларда муваффақиятли қатнашиш учун қандай билим ва маҳорат талаб этилади?

– Буни олдиндан билиш мушкул. Кўп билимларни қунт билан ўрганиш лозим. Янги алгоритмларни ўзлаштириш жуда аҳамиятли. Масалан, Динамик дастурлаш ва математикадан олинган Графа назарияси ҳам саволлар қаторида бўлиши мумкин.

– Ғолибликни рақибларингизга бой беришдан қўрқмайсизми?

–Ҳар қайси олимпиадада рақобат кучли бўлади. Халқаро ва умумжаҳон олимпиадалар-да эса, энг кучлилар беллашади. Илм беллашувида мутлақ рақобат бўлмайди – ҳамма бир-биридан нимадир ўрганади.

– Темур, ҳаётингиздаги илк катта зафарга эришдингиз. Ота-онангиз сиз билан жудаям фахрланса керак?

– Ҳа, улар мени қизиқишимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдилар. Бир жиҳатни ҳисобга олмаганда – компьютер қаршисида кўп ўтирмаслигим лозимлигини айтиб, тез-тез огоҳлантириб туришади.

234234324

–Ота-онангиз информатика соҳасида ишлайдиларми?

– Йўқ, аксинча. Оиламизда бу соҳага бир ўзим қизиқаман. Онам – инглиз тили ўқитувчиси, дадам эса ҳарбий соҳада ишлайдилар.

–Келажагингизни дастурлаш соҳасида кўрасизми?

–Ҳа, албатта! Олий ўқув юртига ҳам информатика йўналиши бўйича ўқишга кирмоқчиман ва, ўз навбатида, касбий фаолиятимни ҳам шу соҳада давом эттираман.

“Информатика билан шуғулланиш учун нафақат таҳлил қилаолиш, балки мантиқан фикрлай олиш ҳам катта аҳамиятга эга. Илк танишганимиздаёқ, Темур ўзида айнан шу  қобилиятларни намоён этган эди”, – дейди Темурнинг устози Аҳад Азаматов. 20 йилдан ортиқ педагогик тажрибага эга ўқитувчининг ҳар бир ўқувчиси информатика фанига ўзгача меҳр қўйган. Унинг сўзларига кўра, 2–3-босқич ўқувчилари “Алгоритм” деб номланувчи тўгарак ташкил этиб, дарслардан сўнг кун қорайгунча информатика хонасида турли машқлар бажариб, фанни биргаликда чуқур ўзлаштиришга интилишади.

– Аҳад ака, нима деб ўйлайсиз, ўқувчиларингизнинг билим савияси ҳозир қай даражада?

– Агар Ўзбекистон миқёсида оладиган бўлсак, улар энг илғор поғонада десам адашмайман. Олдин ҳам иқтидорли талаба ва ўқувчиларим бўлган. Кўпчилиги айни дамда магистратура босқичида таҳсил оляпти, айримлари эса нуфузли ташкилотларда ўз мутахассислиги бўйича фаолият олиб олиб бормоқда. Уларнинг ўз ишлаш услуби ривожланиб, мустаҳкамланиб бўлган. Темур ва унинг тенгқурлари эса кундан-кун янги билимларни ўрганиб, ҳозирданоқ университет дастури даражасидаги билимларни эгаллашни бошлаган. Яъни улар мустақил равишда дастурлаш тили ва алгоритмларни ислоҳ қила олади.

– Ўқувчиларингиз хозир айнан қайси дастурлаш тилини ўрганмоқда?

– Бошида ўқувчиларимиз Паскаль дастурлаш тилини ўрганган бўлса, лицейга келиб, Дельфидан бошлаб, С++ дастурлаш тили, сўнг Питон дастурлаш тилини ўрганишди. Сўнгра эса, яна C++га қайтишди. Бу уларнинг шахсий хулосаси бўлди – С++нинг имкониятлари бошқа дастурлаш тилларидан юқоридир.

– Кўриниб турибдики, устоз сифатида ўқувчиларингизга мунтазам равишда йўналиш бериб турасиз. Фикрингизга кўра, Темур келажакда қандай мутахассис бўлиб етишишади?

– Келажакда Темур етук дастурчи, соҳанинг кучли мутахассиси бўлади. Ҳозир улар лицейда алгоритмлар, яъни барча дастурларнинг негизини ташкил қилувчи билимларни ўзлаштирмоқда. Бу билимлар уларнинг хоҳ у иқтисодиёт бўлсин, хоҳ банк, ёки ижтимоий соҳами, ҳаммасида ишлай олишига мустаҳкам замин бўлади.

– Олимпиада жараёнига қисқача тўхталиб ўтсак. У ерда ўқувчиларга тақдим этилган масалалар мураккаблиги қай даражада?

– Олимпиадада тақдим этилган масалалар ўз ечимида нафақат информатика, балки математика, физика фанларига оид билимларни талаб этади. Алматада бўлган олимпиаданинг асосий вазифаси – масаланинг ечимини топиш бўлса, ёзда Эронда бўлиши кутилаётган умумжаҳон олимпиададан кўзланган асосий мақсад – ана ўша масала ечимини амалда қўллаб, маълум бир жараённи моделлаштириш бўлади. Иштирокчиларга зарур бўладиган кириш-чиқиш маълумотлари ҳамда техник шароитлар яратиб берилади. Ўз навбатида, ўқувчиларимиз Эрон олимпиадасига ҳозирдан пухта тайёргарликни бошлаб юборган.

– Шогирдларингиз информатикани жуда катта қизиқиш билан ўзлаштиришар экан. Бу бошқа фанларни ўрганишга тўсиқ бўлмаяптими?

– Ўқувчиларимга тез-тез: “Сиз дастурлаш вирусига чалингансиз!” деб айтаман. Чунки улар бўш вақти бўлди дегунча, информатика хонасига шошилади. Мен болаларга ўзбек ва жаҳон адабиётидан китоблар ўқишни вазифа этиб тайинлайман. Албатта, улардан бошқа фанларни хам чалғимасдан, қунт билан ўқишларини сўрайман. Темур ҳам бир қатор тенгдошлари билан мартда IELTS сертификатини олиш учун имтиҳон топширмоқчи.

– Ўқувчиларингиз ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишига биз ҳам ишонамиз. Ай-тингчи, 20 йилдан ортиқ тажрибангиз мобайнида Темур каби иқтидорли ёшлар кўп учрадими?

– Мен учун ҳар бир ўқувчим – иқтидор эгаси! Авваллари қўл остимда ўқиган бир қанча ўқувчиларим Тошкент ахборот технологиялари университети, Инҳа каби олий ўқув юртларига кирган, кўплари ҳозир магистратура босқичида таҳсил олмоқда. Уларнинг барчаси ҳаётда ўз йўлини топган.

Шундай қилиб, илк халқаро ютуғини қўлга киритган Темур ўз олдига янада юксак мақсадлар қўйиб, юқори марраларни кўзламоқда. Ватанимизнинг истиқболи ва тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган бундай янги авлод, шак-шубҳасиз, келажакда мамлакатда олиб борилиши кўзланаётган барча ислоҳотларнинг ташаббускори ва муносиб ижрочиси бўлиб майдонга чиқади.