Инха Университети профессори халқаро мукофотга сазовор бўлди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг профессори ҳамда Компьютер фанлари ва муҳандислик департаментининг раҳбари  доктор Абдул Раҳим Носир “Marquis” Ноширлик уйи (АҚШ)нинг халқаро мукофотига сазовор бўлди.

Доктор Абдул Раҳим Носир ҳаётда эришган ютуқлари учун Альберт Нельсон Маркуис мукофоти (2017 Albert Nelson Marquis Lifetime Achievement Award)га сазовор бўлди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети профессори мазкур мукофотга “ҳаётда эришган ютуқлари, меҳнатсеварлиги, ўз касбига садоқати ва сўнгги 32 йил давомида муҳандислик таълими соҳасига қўшган ҳиссаси учун” лойиқ деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, Доктор Абдул Раҳим Носир турли халқаро мукофотлар совриндори ҳисобланади. 2017 йилнинг февраль ойида у халқаро “Great Achievers Award for excellence in engineering education” (Муҳандислик таълими соҳасидаги улкан ютуқлари учун) мукофотига сазовор бўлган эди.

2017 йилнинг апрелида профессор кетма-кет бешинчи маротаба Marquis Who’s Who in the World нашри саҳифаларидан ўрин олди.

IUT Ректори Сарвар Бабаходжаев мазкур янгиликни шарҳлади: “Мен мазкур мукофот билан доктор Носирни чин юракдан табриклайман. Бу мукофот яна бир бор бизнинг университетимизда юқори малакали мутахассислар фаолият кўрсатаётганидан даракдир. Улар эса ўз тажриба ва билимларини ўсиб келаётган ёш авлодга беришмоқда”.

Marquis Who’s Who — қисқача таржимаи ҳолларни ўзида мужассам қилган АҚШнинг қатор каталоглар нашри ҳисобланади. Мазкур каталогдан бутун дунёдаги бизнес, юриспруденция, фан, тиббиёт, санъат, бошқарув ва шу каби бошқа соҳаларнинг мутахассислари ҳамда етакчилари ўрин олган.