Ҳозирги вақтда ахборот-коммуникация технологияларидан ҳаётнинг барча жабҳаларида фойдаланиб келинмоқда, шу жумладан ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятида ҳам. Жиноятчилик билан курашиш амалиётининг ривожланиши, хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш – ички ишлар органлари олдида турган вазифаларни муваффақиятли бажариш, аксарият ҳолатларда улар фаолиятининг ахборот ва таҳлилий таъминланганлик даражаси билан белгиланишини кўрсатади.
Фаолиятга автоматлаштиришни жорий қилиш, компьютер технологияларидан фойдаланиш жараёнидаги катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлар юкини енгилаштиришга ёрдам берган ҳолатларда айниқса асқотади. Бу ўз ўрнида, иш жараёнида вақтнинг тежалишига, вазифаларни бажариш сифати ва тезкорлигининг ошишига олиб келади.
Ички ишлар органлари таркибида ахборот технологияларидан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул бўлган малакали ходимларга эга бўлинмалар ташкил қилинди, ахборот технологияларидан фойдаланиш давлат дастурларини ва лойиҳаларини идоралараро мувофиқлаштириш тизимининг асоси шакллантирилмоқда.
Ахборот технологияларидан фойдаланиш жараёнларини бошқариш сифати ошиб бормоқда.
Шу каби ишлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар тизимида, хусусан, қўриқлаш бўлинмаларида қай даражада олиб борилаётганлиги билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 6 август куни Ўзбекистон Миллий матубот марказида “Қўриқлаш хизматининг бугунги кундаги янги технологиялардан фойдаланган ҳолда олиб бораётган ишлари” мавзусида матубот анжумани ўтказилди.
Мазкур тадбирда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 июндаги “Ички ишлар органлари қўриқлаш хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 421-сон Қарорига асосан, Қўриқлаш хизмати зиммасига юклатилган вазифалар доираси янада кенгайиб, бугунги кунда техник қўриқлаш йўналишига алоҳида катта эътибор қаратилаётганлиги ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, анжуманда Қўриқлаш хизмати мустақиллик йиллари даврида ички ишлар идораларининг энг йирик бўлинмаларидан бирига айланиб, ҳозирги пайтда жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш, давлат, халқ ва шахсий мулкни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, уларнинг талон-тарож этилишининг олдини олиш борасида кенг кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Қўриқлаш ва муҳофаза қилиш хизмати моддий-товар бойликларни, хусусан: техник қўриқлаш; милиция постлари орқали қўриқлаш; қўриқлаш милиция йўналишлари орқали қўриқлаш; ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари орқали қўриқлаш; қоровул бўлинмалари ёрдамида қўриқлаш орқали амалга оширилаётганлиги маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5005-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 июндаги “Ички ишлар органларининг қўриқлаш хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 421-сон Қарорига мувофиқ кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганлиги, айниқса техник қўриқлаш йўналишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумотларга кўра, республика ички ишлар органларининг қўриқлаш бўлинмалари томонидан 2018 йилнинг 7 ойи давомида 26953 та халқ хўжалиги объекти ва 12104 та фуқаролар хонадони қўриқланиб келинмоқда.
Амалга оширилган таҳлиллар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қўриқлашнинг барча йўналишлари бўйича қўриқланаётган объектлар сони ошганини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳарбийлашган соқчилик қўриғидаги объектлар 45,9 фоизга, қоровуллар томонидан қўриқланаётган объектлар 20,2 фоизга, Техник қўриқлаш марказларининг мустақил қўриғидаги объектлар 12,0 фоизга, қўриқлаш йўналишлари қўриғидаги объектлар 17,9 фоизга, шаҳодатланган қўриқлаш постлари қўриғидаги объектлар эса 0,5 фоизга ошган.
Ички ишлар тизимида қўриқланаётган объект, хонадон ва йўналишларга 2015 йилда 18 та, 2016 йилда 17 та, 2017 йилда 14 та, жорий йилда эса 23 та жиноий тажовузнинг олди олинди. Ўтган йиллар давомида қўриқлашга олинган объект ва хонадонларнинг бирортасида ўғирлик содир бўлишига йўл қўйилмади.
Шунингдек қўриқлаш бўлинмаларида моддий-товар бойликларни кузатиб бориш бўйича 85 та кузатув йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. Ички ишлар идораларининг мутасадди ходимлари томонидан олиб борилган ташвиқот ва тарғибот ишлари натижасида жорий йилнинг 7 ойи давомида 4369 та объект, 2907 та хонадон қўшимча тарзда қўриқлашга олинган. Бугунги кунда қўриқланаётган объектлардан 24828 таси хавфсизлик сигнализацияси билан жиҳозланган. Жорий йилда қўшимча тарзда қўриқлашга олинган объектларнинг 4029 таси сигнализация билан жиҳозланишига эришилган бўлса, 2681 та объект қўшимча тарзда техник қўриқлаш марказлари томонидан қўриқлашга олинди.
Республика ички ишлар органларининг қўриқлаш бўлинмалари ўз фаолиятида 1141 та замонавий техник воситалар билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан фойдаланмоқдалар. Аҳоли ва тадбиркорларнинг янада кенгроқ қатламларини қамраб олиш, хизмат кўрсатиш кўламини ошириш мақсадида ИИВ Қўриқлаш бош бошқармаси Матбуот хизмати томонидан 10 дан ортиқ ижтимоий-тарғибот роликлари ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг телеканалларида 680 марта, Ўзбекистон кабель телевидениеси орқали 1440 марта, хусусий телеканалларда эса 480 марта чиқишлар уюштирилди. Шу билан бирга, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида 1370 марта чиқишлар амалга оширилди.
Республикада алоқа коммуникациялари ва ахборот узатиш тузилмаларининг шиша-толали алоқа тармоқларига ўтилганлиги Техника қўриқлаш пунктларини ушбу тармоқларда ишлайдиган ускуналар билан қайта жиҳозлаш заруратини юзага келтирди.
Давомли ўрганишлар, изланиш ва синовлар асосида маҳаллий иқлим шароитига мос келадиган техник қўриқлаш ускуна ва технологиялар танлаб олиниб, фаолият давомида ушбу тармоқлардан фойдаланиш учун уларни жорий этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди. Шиша-толали алоқа тармоқларидан фойдаланиш қулай ҳисобланади, чунки улар ёрдамида маълумотларни узатиш тезлиги ва ҳажми юқори бўлади ҳамда иқтисодий жиҳатдан ҳам мақбулдир. Бундай алоқа тармоқлари орқали ички ишлар идораларида маълумот узатишнинг кўплаб турлари йўлга қўйилган, хусусан, рақамли телефон, видео ва бошқа сигналларни узатиш имкониятлари мавжуд. Буларга сарфланган харажатлар қисқа муддатларда қопланиши ҳам катта аҳамиятга эга.
Тизимда жорий этилаётган замонавий қурилмалар шиша-толали алоқа тармоқларининг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланади. Жумладан, Интернет тармоғи, рақамли, модемли телефон тармоқлари, GSM уяли алоқа каналлари ҳамда ультра-қисқа тўлқинли радио тармоқларида ишлайди.
Республика бўйича 140 та автоматлаштирилган марказий кузатув ва хабар узатиш тармоғини яратиш режалаштилди. Булардан 15 таси мониторинг маркази ва 125 таси техник қўриқлаш пунктлари ташкил қилади.
Техник қўриқлаш йўналишини ривожлантириш уч босқичдан иборат бўлиб, ҳозирда биринчи босқич якунланиб, иккинчи босқичдаги ишлар фаоллик билан амалга оширилмоқда. Қўриқлаш хизматига замонавий технологияларнинг жорий қилиниши қуйидаги қўшимча хизматларни кўрсатиш имконини беради:
- кўп қаватли биноларнинг умумий кириш эшикларини интеграллашган қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситалари орқали қўриқлаш;
- видеокузатув мосламалари орқали қўриқлаш;
- кириб-чиқиш назорати ва бошқарув қурилмалари билан ишлаш;
- кабелли коллекторлар ва магистраллар қурилмаларини қўриқлаш;
- банкоматларни қўриқлаш;
- магистрал нефть ва газ қувурларини қўриқлаш;
- транспорт воситаларини қўриқлаш;
- террористик ҳаракатларга қарши самарали курашиш учун узоқ масофалардан аниқлайдиган қурилмалар ёрдамида объектларни қўриқлаш;
- телефон алоқаси мавжуд бўлмаган жойларда GSM уяли алоқа каналлари орқали қўриқлашни амалга оширади.
2018 йил 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган танқидий фикрлардан сўнг, хизмат фаолияти янада фаоллаштирилди.
Хусусан, биринчидан, “Хавфсиз хонадон” махсус режаси ишлаб чиқилиб, бутун республика бўйича амалга киритилди. Бунинг натижасида ҳафта ичида 400 дан ортиқ хонадон қўшимча равишда қўриқлашга олинди.
Иккинчидан, қўриқлаш хизматини мутлақо янги тизимга айлантириш, давлат-хусусий шерикчиликка мувофиқ сервис хизматларини ташкил этиш бўйича Президент Қарорининг лойиҳаси тайёрланди.
Учинчидан, Тошкент шаҳрида жорий этилган интеграллаштирилган қўриқлаш тизимлари ва инновацион қўриқлаш моделини республика бўйича татбиқ этиш белгиланди.
Тўртинчидан, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини эътиборга олиб, кейинги олти йил давомида хонадонни қўриқлаш нархи ўзгартирилмади (ойига 17 минг сўм). Эндиликда бу борада янада кўпроқ қулайлик жорий қилинди. Жумладан, хонадонларга сигнализация воситалари ва бошқа жиҳозлар бепул ўрнатилмоқда.
Бешинчидан, тадбиркорлик объектларига қўриқлаш хизматларини кўрсатиш кўлами кенгайтирилади. Уларга техник қўриқлаш хизмат нархидан 40 фоизгача бўлган чегирмалар белгиланди (амалда соатига 2 355 сўм), шунингдек бундан кейин ушбу объектларга сигнализация воситалари ва бошқа жиҳозлар бепул ўрнатилади.
Олтинчидан, босқинчилик жиноятларининг олдини олиш мақсадида аҳоли ва тадбиркорларга “тревога” тугмаси бўйича хизмат кўрсатиш нархининг ўрта ҳисобда 50-60 фоизга арзонлаштирилиши кўзда тутилган (ҳозирда соатига 1766 сўм). Ушбу “тревога” тугмачаси хизмат туридан кассалар, банклар, кўнгилочар муассасалар самарали фойдаланиб келмоқда. Шунингдек ўз ҳаёти, соғлиғи, хотиржамлигини ўйлаган фуқаролар ҳам хизматнинг ушбу туридан фойдаланади. Хизматнинг бу турида мижоз ўзига керакли вақтда “тревога” тугмачасини босиш орқали қўриқлаш хизмати ходимларини хонадон, дўкон, кўнгилочар масканлар, яъни тугмача қаерга ўрнатилган бўлса, ўша ерга чақириши мумкин.