IUT ва Ҳарбий кучлар Академияси ўртасида келишув имзоланди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва Ўзбекистон Ҳарбий кучлар Академияси таълим ва фан соҳасидаги келишувни имзолашди. Ҳужжат Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ректори Сарвар Бабаходжаев ва Ўзбекистон Ҳарбий кучлар Академияси бошлиғи Қобул Бердиевлар томонидан имзоланди.

Келишувнинг мақсади: таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, таълим, методик ва илмий ишларни ташкил қилишда, шунингдек, бошқа таълим соҳаларида самарали ҳамкорлик қилиш учун шароит яратишдир.

Жумладан, томонлар ўқув, методик ва илмий ишларни ташкил қилишда тажриба алмашиш, биргаликдаги ўқув-услубий ва илмий-амалий ишларни амалга ошириш ниятидалар.

Ўқув муассасалари ўқув, методик ва илмий адабиётлар, дидактик ва ахборот-таҳлилий материаллар билан бир қаторда нашрлар билан алмашишни режалаштиришган. Ҳужжат доирасида, томонлар маърузалар ўқиш, педагогик маҳоратни ошириш, илғор технологиялар ва педагогик усулларини жорий этиш, тадқиқотлар ўтказиш услубининг янги техникасини ўзлаштириш, илмий кадрларни тайёрлашда ўзаро ёрдам кўрсатиш учун профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар билан алмашадилар.

IUT ва Ўзбекистон Ҳарбий кучлар Академияси ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси бўйича суҳбатлар, учрашувлар ва маърузалар ўтказишади, шунингдек, фан, таълим ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништиришади.


IUTга ташрифи давомида Ўзбекистон Ҳарбий кучлар Академияси университет талабалари ва ўқитувчилари учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишдилар.