Тошкентда ахборот хавфсизлиги масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтади

Қандай қилиб ўз корхонангизнинг инфратузилмасини бошқаришни таъминлаш мумкин? Муаммолар ва кутилмаган ҳодисалар ҳақида имкон қадар тез хабардор бўлиш учун нима қилиш керак? “Ҳужумларни/таҳдидларни” қандай қилиб аниқлай олишимиз ёки олдиндан тахмин қилишимиз мумкин? Шу ва бошқа саволларга жавобни 9 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Пойтахт” бизнес-марказининг “Kizilkum Gold” конференц-залида «Ахборот хавфсизлигини таъминлашда комплекс ёндашув» мавзусига бағишланган халқаро конференция давомида олиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг иштирокида ўтказиладиган тадбирда республикамизнинг давлат идоралари ва банклари вакиллари ҳамда Россия, Япония ва АҚШ каби дунёнинг етакчи дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларининг вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Конференция қатнашчилари ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун етакчи АТ-ечимлар, соҳадаги замонавий таҳдидлар ҳамда тенденциялар билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Тадбир доирасида:

  • дунёдаги машҳур вендорларнинг (сотувчи) тақдимоти;
  • бизнеснинг турли соҳаларидаги ҳақиқий ҳолатлар таҳлили;
  • тадбирда тақдим этилган дунё вендорларининг маҳсулотларини онлайн тарзда синовдан ўтказиш;
  • индивидуал маслаҳатлар;
  • замонавий кибер ҳужумлардан самарали ҳимояланишда илғор тажриба ва билимларни баҳам кўриш каби масалалар кўриб чиқилади.

Бўлиб ўтадиган конференция иштирокчиларга жорий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда хавфсизлик тизими архитектурасини янгилаш ва қайта кўриб чиқиш, ахборот хавсизлигини таъминловчи мавжуд дастурларни тўғрилаш ва ўз корхона ёки ташкилотида киберхавфсизликнинг истиқболли доктринасини ишлаб чиқиш имконини бериши кутилмоқда.