Тил ва мультимедиа

Чет тилларни, айниқса турли миллат вакиллари орасида универсал сўзлашув воситаси – “Lingua Franca” ҳисобланган инглиз, немис ва француз тилларини ўрганиш яхши даромадли иш ва кўнгилдагидек касбий фаолиятни олиб бориш, порлоқ келажакка етаклайдиган жараён эканини бугун ҳамма тушунади. Бу жараённи ёшликдан, болаликдан бошлаш ҳам муҳим. Бироқ грамматикаси, тузилиши ва лексикаси жиҳатдан она тилимиздан фарқланадиган тилларни ўрганишда алоҳида ёндашув ва усуллар талаб қилинади. Шундай методлардан бири албатта ахборот коммуникация технологиялари билан уйғунлашган ўқув жараёнини ташкил қилишдир.

2012 йилги Президент Қарори билан Ўзбекистонда чет тилларни ўқитиш тизимида бир қатор ислоҳотлар бошланиб кетди, улардан бири умумий ўрта мактабларнинг биринчи синфидан бошлаб хорижий тиллар ўқитилиши борасидаги саъй-ҳаракатлар старт олгани эди. Мамлакат бўйлаб барча мактабларда аввал фақат бешинчи синфдан ўқитилган хорижий тил дарслари бошланғич синфлар ўқув дастурига киритилди. Биринчи синф ўқувчилари ўйинлар ва интерфаол машғулотлар асосида инглиз, немис ва француз тилларидан бирини ўргана бошладилар. Қисқа муддат ичида чет тилларини ўқитиш методистлари, олимлар, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш институтлари ва илмий-тадқиқот марказлари ходимларидан таркиб топган муаллифлар жамоалари “Kids’ English” (инглиз тили), Deutsch macht spab” (немис тили) ва “Hirondelle” (француз тили) дарслик-мажмуаларини тайёрлади. Ўз ичига ўқувчи китоби, ўқитувчи учун методик қўлланма ва мультимедиа иловани олган дарслик мажмуалар шарофати билан илк марта мактабга чиқиши биланоқ чет тилини ўрганиш имконига эга бўлган болалар бу йили бешинчи синфга чиқадилар.

Ўзга бир тилни ўрганиш синови бошига тушган кичик ёшли болалар ва бошлаган ишларига масъулият билан ёндашган ўқитувчилар мазкур дарслик мажмуаларидан фойдаланиб, қийинчиликларни енгиб ўтишга уриндилар. Бунда уларга малакали муаллифлар жамоаси ва хорижлик экспертлар, хусусан, Ўзбекистондаги Британия Кенгаши, Франция элчихонаси ва Гёте институти мутахассислари ёрдам берди.

Келинг, ҳозир “Янги авлод дарсликлари” деб аталаётган ана шундай ўқув материалларидан бири “Kids’ English”, унинг асосида тузилган ўқув дастурлари ва мультимедиа иловаларининг қўлланилишига назар солайлик.

– “Kids’ English” дарслиги 14 та  бўлим (unit) ва битта такрорлаш қисмдан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳар бирида интерфаол машғулотлар бор. Ҳар бир бўлимда мультимедиа воситаларига мурожаат қилинади. Дарсликнинг электрон шакли кўринишида яратилган мультимедиа иловасида қўшиқлар, топишмоқлар, жумбоқли ўйинлар, ўқувчиларнинг билимини текшириш ва мустаҳкамлашга қаратилган машғулотлар жамланган, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида ташкил этилган чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш маркази вакили Муқаддас Огай.

Мамлакат бўйлаб чет тилларини ўқитиш, дарсликлар, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, ўқитувчилар малакасини мос равишда ошириб бориш учун таянч университет ЎзДЖТУ қошида очилган инновациялар марказида мультимедиа иловалар яратиш бўлимининг ушбу мутахассисининг таъкидлашича, машғулотлар болаларнинг ахборотни қабул қилишида, уларнинг психологияси ҳам ҳисобга олиниб, тузилган. Бунда дарслик ва иловадаги суратларнинг ранг гаммалари, ёзувларнинг шрифтлари ҳамда машғулотларнинг давомийлиги махсус стандартларга мослаштирилган.

Инглиз тили дарсларини ташкил қилишда ушбу мультимедиа иловасидаги учта асосий машқлардан фойдаланилади:

Jump a Word: эшиттирилган сўзни ҳарфлар териб чиқилган барглар устига сакрайдиган бақа ёрдамида тузиш.

Magic Box: сеҳрли сандиқчадан ўрганилиши лозим бўлган янги сўз чиқади. У қандай талаффуз қилиниши ўқиб эшиттирилади.

Naughty Words: аралаштириб берилган сўзлардан дарс давомида ўтилган гаплардан бирини тузиш керак бўлади.

– Бундай электрон иловаларни яратиш турли соҳа вакиллари, техник ва педагогик кадрлар ҳамда доимий изланишдаги жамоа меҳнатини талаб қилади, – дейди Муқаддас Огай. “Kids’ English” дарслик-мажмуаларидаги мультимедиа иловаларини яратишда Халқ таълими вазирлиги қошидаги Умумтаълим мультимедиа дастурларини ривожлантириш маркази катта кўмак кўрсатган. Ундан ташқари, бу ишга Ўзбекистондаги Британия мактаби мутахассислари ва ўқувчилари, Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмасининг Young Leaders Development Project лойиҳаси кўнгиллилари, ЎзДЖТУ инглиз тили факультети талабалари, Юнусобод туманидаги 260- мактаб ўқувчилари ўз ҳиссасини қўшган.

Ҳозирда “Kids’ English”ни янада такомиллаштириш устида бош қотирилмоқда, ўтган давр ичида синфхоналарда улар қанчалик самарали иш бергани таҳлил қилиниб, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг таклиф ва фикрлари ўрганилмоқда. Ундан ташқари, ушбу дарслик мажмуанинг ўзига хос томонларидан яна бири ота-оналар учун ташкил қилинган бўлимчалар такомиллаштирилиб, кичкинтойларнинг яқинлари фойдаланиши учун махсус мобил илова яратиш устида иш олиб борилаяпти.

Ўрганиш мураккаб ҳисобланган чет тилларга бўлган қизиқишни янада ошириш ва таълим жараёнини қизиқарлироқ қилишда мультимедиа технологияларининг ўрни катта. Уларнинг бошланғич синфлардан таълимга жорий қилиниши аҳолининг медиа ва ахборот саводхонлиги ошишига ҳам туртки бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир.