АКТ вазирлиги ва «SAP СНГ» компанияси ўртасида меморандум имзоланди

10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «SAP СНГ» компанияси ўртасида республикада рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик бўйича Меморандум имзоланди.

Меморандум доирасида томонлар АТ-хизматлар экспортини ошириш ва юқори технологик лойиҳаларни жорий қилишда SAP Альянс Университети воситасида AKT соҳасида кадрлар тайёрлаш, SAP халқаро тажрибасини ўртоқлашиш ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш, коммуниал хизматлар учун SAP ечимлари базасида замонавий биллинг тизимини жорий этиш, иқтисодиёт секторини рақамлаштириш ва бошқа бир қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

30 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва буюртмачиларига қўшимча имтиёз ва преференциялар тақдим қилиниши ҳисобига АКТдан фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг юқори технологик соҳаларини ривожлантириш учун янги имкониятларни очди.

Фармонда белгиланган вазифаларни самарали ижро этиш мақсадида, имзоланган меморандум SAP ечимларини Ўзбекистон Республикаси ичида жорий қилиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мазкур хизматларни бошқа мамлакатларга экспорт қилишда маҳаллий ҳамкорлар ва интеграторларнинг келгусида лойиҳаларда иштирок этиши таҳлилини шакллантиришга кўмаклашади.