АКТ Ҳафталигининг афзалликлари

Жорий йилнинг 18-22 сентябрь кунлари ўтказиладиган ICTWEEK Uzbekistan 2017 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги, одатдагидек, бир қатор ихтисослаштирилган тадбирларни ягона форматда бирлаштириши режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “ICTWEEK Uzbekistan” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинишидан Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари, ахборот хавфсизлиги ва дастурий маҳсулотлар бозори ривожланишини рағбатлантириш каби мақсадларга эришиш кўзда тутилмоқда.

Қарорга кўра, давлат ва бошқарув органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органларига АКТ Ҳафталиги доирасида белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги маҳаллий компаниялар – АКТ Ҳафталиги иштирокчилари билан ахборот тизимлари, ресурслари, маълумотлар базаси ва бошқа дастурий маҳсулотлар сотиб олиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан туриб, тўғридан-тўғри шартномалар имзолашга рухсат берилган.

Шунингдек, бир ой муддат ичида АКТ Ҳафталиги доирасида тузиладиган шартномалар реестрини рўйхатга олиш ва юритиш тартибини ўз ичига олган қоида тасдиқланади.