Рақамли телевидение олис ҳудудларни «забт этмоқда»

Сурхондарё вилояти юртимиздаги энг кўп тоғли аҳоли пунктларига эга минтақалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунга қадар географик ноқулайликлар сабабли тоғли ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини яратиш мураккаб жараён бўлиб келган. Замонавий симсиз алоқа технологиялари эса узоқ тоғли ҳудудлар аҳолисини ишончли ва сифатли алоқа тармоқлари билан қамраб олишга имкон бермоқда.

Мачай – тоғли Бойсун туманининг энг олис, чекка қишлоқларидан бири. Туман марказидан 80 км узоқда жойлашган «Мачай» ҚФЙда 6500 нафар фуқаро истиқомат қилади. Бу ҳудудда шу кунга қадар биргина мобиль алоқа оператори фаолият кўрсатаётгани, рақобатнинг йўқлиги алоқада узилишларни ва техник қийинчиликларни юзага келтирар эди. Режага мувофиқ, қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқларда май ойида UZMOBILE Миллий операторининг 2 та, Perfectum Mobile операторининг 1 та таянч база станциялари ўрнатилди. Натижада, ҳудуднинг 80 фоизи Миллий оператор алоқа сигналлари билан қамраб олиниб, аҳоли арзон ва сифатли мобиль алоқа хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Сифатли мобиль алоқа ўз навбатида замонавий интернетдан самарали фойдаланиш имконини беради. Мачай қишлоғи ҳудудида жойлашган 4 та умумий ўрта таълим мактаблари UZMOBILE компанияси томонидан “Ziyonet” таълим тармоғига уланди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг узоқ тоғли аҳоли масканларида рақамли телевидение қамровини кенгайтириш бўйича ҳам узлуксиз ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунгача маҳаллий аҳоли «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» телеканалларини томоша қилиб келишган бўлса, ҳозирда аҳоли 18 та рақамли телеканалларни кўриш имкониятига эга бўлишди.

Тоғли аҳоли масканларидаги электр энергияси таъминотидаги чекловларни инобатга олиб, қуёшли панелли батареялар ҳамда шамол генераторида ишлайдиган мобиль алоқа станциялари, қўшимча дизель генератори ва аккумуляторга эга рақамли телерадиоузаткичлар ўрнатилмоқда.

Жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими ҳамда Алоқа инспекцияси масъул ходимлари Бойсун туманида бўлиб, очиқ мулоқотларда фуқароларнинг муаммо ва таклифларини ўрганишди. Аҳоли вакиллари фикр-мулоҳазаларини баён этиб, яратилган қулайлик ва ғамхўрлик учун ҳукуматга ҳамда вазирлик мутасаддиларига миннатдорчилик билдиришди.