IUT ва “Curtin University” ҳамкорликда тадқиқотлар олиб боришади

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва “Curtin University” (Австралия) вакиллари таълим ҳамда ахборот технологиялари соҳасида тадқиқотлар олиб бориш учун ҳамкорликни ўрнатиш тўғрисида келишиб олишди.

IUT ва “Curtin University” ахборот технологиялари соҳасидаги тадқиқотлар борасида ҳамкорликни ривожлантириш учун ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолашди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев: “Биз Австралиянинг етакчи университетларидан бири билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Ҳужжатга мувофиқ университетлар ҳамкорликда тадқиқотлар, тренинглар ва ривожланиш лойиҳаларини ўтказишни кўзлашмоқда”.

Шунингдек, томонлар таълим олиш учун талабалар ва ўқитувчилар билан ҳам алмашишни ташкил этишни режалаштиришмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари  “Curtin University”нинг магистратура ва докторантурасида таълим олиш имкониятига эга бўладилар, деди Сарвар Бабаходжаев. Шунингдек, томонлар “1+1” кўринишида магистратура дастурини очишни режалаштиришмоқда, яъни талабалар бир йил IUT да ва бир йил “Curtin University”да таҳсил оладилар.

IUT ва “Curtin University” ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири ҳисоблаш физикаси, ядро астрофизикаси, компьютер фанлари ва ахборот технологиялари ва ҳкз. соҳаларда ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш бўлади, таъкидлади IUT Ректори.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Австралиянинг университети билан ҳамкорлик доирасида “Curtin University” профессорларини дарс беришга таклиф қилади.

Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети физика-технология тадқиқотлари бўйича Халқаро инновацион марказни ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда. Мазкур марказ “Curtin University” ва дунёнинг бошқа етакчи университетлари билан ҳамкорликда турли хилдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим платформага айланиши керак.

“Curtin University” Австралиянинг етакчи университетларидан бири бўлиб, ҳозирда олий ўқув юрти Австралиянинг уч шаҳрида, шунингдек, Сингапур, БАА ва Малайзия давлатларида ҳам ўз филиалларига эга. Университетда бугунги кунда 58 минг нафардан ортиқ талабалар ахборот технологиялари, гуманитар, тиббиёт ва бошқа йўналишларда таълим олишмоқда. Улардан 40% эса хорижлик талабалардир.

“Curtin University” дунё университетларининг турли рейтингларидан жой олган. Жумладан, Австралия университети “Academic Ranking of World Universities 2017” талқини бўйича дунёнинг энг яхши 1 фоиз университетлари қаторига киритилди. “Curtin University” ҳозирда дунёнинг 20 дан зиёд олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади.