IUT талабалари Кореядаги Ёзги мактабда иштирок этадилар

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT)нинг 10 нафар талабалари 2017 йилнинг 17 июль – 4 август кунлари Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида иштирок этадилар.

Ибрат Обидов, Ниғматжон Анваров, Тўлқинжон Исоқов, Малика Жўраева, Жамолиддинхўжа Одилхўжаев, Достонхон Озодхўжаев, Илҳом Раҳимов, Абдул Жамол Салим, Ирода Ўлмасбоева ва Дархонбек Маматалиевлар Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида бепул қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

10 нафар Ёзги мактаб иштирокчисидан 9 нафари 2017 йилнинг февраль-апрель ойларида университетда ўтказилган ички танловларда ғолиб чиқишган. Жумладан, Дархонбек Маматалиев Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги фаол иштироки ҳамда CodeCraft курсининг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун Кореядаги Ёзги мактабда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ёзги мактабда талабалар “Корейс тили”, “Сиёсат ва Шарқий Осиёнинг халқаро муносабатлари”, “Корея ва унинг маданияти”, “Кореяда бизнес ва иқтисодиёт”, “Келажакнинг янги технологии” ва бошқа шу каби курсларда иштирок этадилар.

Шунингдек, талабалар Корея Республикасининг маданий ва туристик диққатга сазовар жойлари билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабаси Ирода Ўлмасбоева қуйидагиларни айтди:

Мен Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг раҳбариятига мана шундай Ёзги мактабда қатнашиш имкониятини тақдим этгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ёзги мактаб менга Корея Республикаси ва корейс халқининг маданияти билан яқиндан танишиш имкониятини тақдим этади. Умид қиламанки, Ёзги мактаб менга корейс тили бўйича ўз билимларимни, IT соҳасидаги кўникмаларимни яхшилаб олиш имкониятини беради.

Қайд этиб ўтамизки, Ёзги мактабда дунёнинг турли мамлакатларидаги университетлардан келган талабалар иштирок этишади. Бу эса ўзбекистонлик талабаларга янги дўстлар орттириб, бошқа халқларнинг маданияти ва анъаналарини ўрганиш имкониятини беради.

Жорий йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида учинчи маротаба иштирок этадилар.