Давлат хизматларини кўрсатиш жараёни соддалаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 11 июль куни миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақидаги ПҚ-3126 сонли қарор имзоланди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида 2018 йил 1 май кунидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнлари, жумладан, биометрик ҳужжатлар бериш, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш, доимий ва вақтинча турар жойда рўйхатдан ўтиш, шунингдек, манзилий-маълумотнома олиш жараёнларини соддалаштирувчи электрон тизим ишлаб чиқилади ва жорий этилади.

Шунингдек, икки ой муддатида паспорт тизими масалалари бўйича фуқароларни қабул қилишнинг электрон тартиби йўлга қўйишда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ускуналар ва дастурий маҳсулотлар билан босқичма-босқич таъминлаш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Қарорга биноан, Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси тизимида Электрон ахборот тизимлари бошқармаси ташкил этилади. Мазкур бошқарманинг асосий вазифаси давлат хизматлари кўрсатиш, жумладан, биометрик ҳужжатлар бериш, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш, доимий ва вақтинча прописка олиш, яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш, шунингдек, манзилий-маълумотнома олиш жараёнларини соддалаштирувчи электрон тизимни жорий қилиш ва ривожлантириш ҳисобланади. Шунингдек, доимий ва вақтинча прописка олиш, яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш, Ўзбекистон Республикасига кириш, чиқиш, фуқароликни олиш, чиқиш ва йўқотиш, сиёсий бошпана берилиши йўналишларида интеграллашган маълумотлар базаларини шакллантириш ва жорий қилиш, ахборот тизимларининг хавфсиз ва узлуксиз ишлаши ва бошқаларга жавобгар бўлади.

Қарорнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.