Электрон тижоратда янги ривожланиш босқичи ёхуд ечимини кутаётган муаммолар гирдоби

Бугунги кун оммавий ахборот воситаларига назар солинса, мамлакатимиздаги ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ютуқлар ҳақида кўплаб мақолаларни кўриш мумкин. Ушбу мақолада, бу анъанадан бир оз четланиб, АКТ соҳасидаги кичик, лекин муҳим бир йўналишга танқидий эътибор қаратишга рухсат бергайсиз. Бу – ҳаммага маълум бўлган электрон ҳужжат айланиши тизимларидир.

Маълумки, республика миқёсида электрон ҳужжат айланиши тизимларини татбиқ этиш ишлари мана қарийб 15 йилдан бери амалга оширилиб келинмоқда. Бу соҳада қабул қилинган асосий норматив ҳужжатлар базаси эса доимий бойитиб борилмоқда.

Аммо, шу вақтга қадар электрон ҳужжат айланиши тизимлари фақат ички корпоратив тизимлар сифатида шаклланиб келиб, электрон ҳисоб-фактура, корхоналараро электрон ҳужжат айирбошлаш тизимлари ҳанузгача бозорда мавжуд эмас. Қолаверса, электрон тижоратда ҳам электрон ҳужжат айланиши иштирок этмайди.

Ҳозирги пайтда:

  • корпоратив электрон ҳужжат айланиш тизимига эга корхоналар сони бир неча мингдан ортиқ, бироқ ташкилотлараро шартномалар ва бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари қоғоз ҳолида;
  • мамлакатимизда барча биржа сотув жараёнлари сўнгида қоғоз кўринишидаги шартномалар билан якунланади;
  • электрон тижорат тизимлари охирги икки йилда йиллик 200 фоиздан зиёд ўсишни кўрсатаётган бўлсада, бу соҳада B2B сегментига хизмат кўрсатилмаётганлиги афсусланарли ҳолдир;
  • республикада ташкилотлараро ЭҲА тизимлари фақат C2G ва B2G (электрон мурожаатлар, электрон ҳисоботлар тақдим этиш) йўналишларида ривожланган.

Шу билан бирга, респуликамиздаги биринчи ташкилотлараро электрон ҳужжат айланиши оператори – Faktura.uz хизмати ўз фаолиятини олиб бораяпти. Мазкур хизматнинг асосий вазифаси бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини (шартнома, ҳисоб-фактура, далолатнома ва бошқалар) электрон тарзда алмашиш имкониятини яратишдир. Ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги бу хизматларни кўрсатувчи илк хизмат тури бўлиб, ўз олдига нафақат тизим яратиш, балки B2B электрон тижорат платформалари учун катализатор бўлишни мақсад қилиб қўйган.

Мижозлар концерватизми ёки электрон архивни нима қиламан?

Мижозлар томонидан бу каби тизимлар жуда қулайлигини эътироф этиш билан бирга, лойиҳанинг бирламчи босқичлариданоқ яратилган электрон ҳужжатларни қай тарзда сақлаш ва текширув даврида тақдим этиш масалалари уларни ўйлантириб келмоқда.

Албатта, сўнги даврда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари ва қарорлар бу соҳани ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда, жумладан, 2015 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-398-сон “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” Қонуни, электрон ҳисоб фактураларни электрон яратиш ва сақлашни юридик мақомини тасдиқлаб берди.

Шу билан бирга, юзага келаётган бир муаммога – электрон ҳужжатларни ким томонидан ва қай тарзда текширилишига аниқлик киритилмаган.

Албатта, ҳозирда ушбу масалани технологик жиҳатдан Давлат Солиқ Қўмитаси қошидаги Янги технологиялар Илмий Ахборот маркази томонидан тақдим этилаётган e-imzo криптопровайдери орқали ечиш имконияти бор. Аммо, бирламчи бухгалтерия ҳужжатларининг имзоланиш жараёнлари маълум бўлган ҳолда, назорат органлари томонидан ушбу электрон ҳужжатларни текшириш учун олиш ва текшириш талабларини тартибга келтириш долзарблиги сақланиб қолинмоқда.

Яна бир ечимини топиш лозим бўлган масала – ҳужжатларни доимий сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигига электрон тарзда топширишдир. Маълумки, ҳар бир бирламчи ҳужжат учун, жумладан, тижорат соҳасидаги бухгалтерия бирламчи ҳужжатлари учун ҳам маълум бир давр сақланиш ва архивга топшириш талаблари мавжуд.

Аммо, ҳозирга қадар «Ўзархив» агентлиги бош директорининг 2011 йил 22 декабрдаги 89-сон буйруғи билан тасдиқлаган “Электрон архив тўғрисидаги намунавий низом” мавжуд бўлиб, агентликда эса электрон архивларни қабул қилиб олиш имконияти мавжуд эмас.

Тартибланмаган форматлар

Бир қатор қонун ҳужжатларида электрон ҳужжатлар босма қоғоздаги ҳужжатлар билан тенглаштирилганлиги ва иш жараёнида фойдаланиш лозим бўлган стандартлар қабул қилинган бўлсада, реал иш жараёнида бир қанча стандартларга аниқлик киритиш лозимлиги кузатилмоқда.

Масалан, O’zDSt 3114:2016 “Электрон ҳужжат айланиши. Электрон кўринишдаги битимларни бажариш бўйича электрон ҳужжатларнинг тузилиши ва таркиби” стандартини олиб қараганда, бир нечта саволлар туғилади.

  • XML формати берилган ҳужжатнинг номи нима? – Ҳисоб-фактурами, инвойсми?, – аниқ кўрсатилмаган.
  • Ҳужжат қаерда қўлланилишга мўлжалланган? – Ички тузилишидан асосан биржалар учун, балки, умумийроқ соҳаларни стандартлаштириш лозиммикан?
  • XML тузилишнинг қайси қисми имзоланиши лозим? Бунинг ҳам аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли, кейинчалик текширишда муаммо пайдо бўлади.
  • Тузилишнинг баъзи таркибий қисмлари, ахборот тизимлари ишлаб чиқарувчилари ўзлари белгилашлари учун ноаниқ қолдирилган. Бу ҳам мунозарага олиб келиши ва ҳужжатларни ўқишга тўсқинлик қилиши мумкин.

Бошқа соҳа стандартлари ҳам назарий фикрлаш асосида тузилган, бироқ ишлаб чиқариш амалиётдаги ҳолатни ўз ичига олиши лозим эди. Масалан, ҳужжатлар йўлланмаси, кўп сонли ҳужжатлар жилдлари билан ишлаш масалалари, ҳужжатларни саралаш, ичидаги маълумот индексацияси, уларни сақлаш ва ҳоказолар ечимини кутмоқда.

Ечимлар ва кутилаётган ўзгаришлар

Мазкур соҳа аҳамияти жуда катталиги ҳамда иқтисодиётнинг реал секторига таъсири катта бўлишини инобатга олиб қуйидагиларни таклиф этиш мумкин:

  • кичик, ўрта ва йирик корхона ва ташкилотлар учун қулай бўлган ҳужжат ясаш усуллари мавжуд бўлиши лозим. Масалан, минглаб ҳисоб-фактура юборадиган коммунал хизматлар, мобиль алоқа операторлари учун мос интерфейслар ишлаб чиқилмоқда. Ушбу интерфейслар очиқ бўлиши тарафдоримиз;
  • яратилган ҳужжатлар билан ишлаш, уларни жўнатиш ҳам тезкор ва самарали амалга оширилиши лозим. Бу ўринда, ҳужжатларни узатиш учун ҳозирдан махсус йўлланма алгоритмларини ишлаб чиқишга асос тайёрланмоқда. Бунинг натижасида ахборот ҳамкорлар пайдо бўлса, улар бир-бирларининг мижозлари орасида электрон ҳужжат айланишини йўлга қўя оладилар. Яъни ҳужжатлар йўлланмаси ҳақида ҳам ҳозирдан ўйлаш зарур;
  • ҳужжатлар ичидаги маълумотларни бошқа молиявий ва бошқарув тизимларига автоматик равишда импорт қилиш имконияти бўлиши зарур. Имзоланган ҳисоб-фактурадаги маълумот қайта бухгалтерия ёки бошқа биллинг дастурларига киритилиши лозим;
  • ҳужжатлар ҳар бир тарафда сақланиши лозим бўлади. Вақти ўтиши билан, уларни давлат архив хизматига топшириш тартибларини ишлаб чиқиш керак бўлади. Бу нарса стандартларда кўрсатилган, лекин амалиётда қандай кўринишга эга бўлишини ҳам белгилаб чиқишимиз шарт;
  • электрон ҳужжатларни ким текширади? Имзолар қандай қўйилган, қайси келишувга қараб амалга оширилган? Фактура.уз – egov.uz мутахассислари билан ҳамкорликда, – электрон ҳужжат контейнери форматини ишлаб чиқди ва ушбу “zip” архив кўринишидаги файллар имзоларини текшириш хизматини ўз сайти орқали амалга оширмоқда. Лекин бундай ҳужжатларни бошқа мутасадди ресурслар (soliq.uz, pki.uz, egov.uz) ҳам 3-тараф сифатида текшира олишлари зарур бўлади. Қолаверса, электрон ҳужжатлар файллари билан суд органлари, нотариуслар ва бошқа идоралар ҳам ишлай олишлари учун механизмлар йўлга қўйилиши зарур.

Умуман олганда, соҳанинг эркин ривожланишига имкон бериш лозим. Императив усуллар билан ҳали шаклланмаган йўналишларга таъсир ўтказиш ўрнига, уларни бошида эркин қўйиб, пайдо бўлган механизмлар, аҳдномаларни стандартлашга ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Тўлқин Яқубов, «faktura.uz» ахборот тизими директори ўринбосари