Президент Қўриқлаш бошқармаси фаолиятида АКТдан фойдаланиш ҳолати билан танишди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15 июль куни пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари туманда жойлашган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармаси фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Президентимиз ташаббуси билан профилактика инспекторлари ўзи хизмат қилаётган ҳудудда ягайдиган, фуқаролар йиғинлари билан бирга ишлайдиган янги тизим яратилмоқда. Ички ишлар ходимлари уй-жой, автомобиль ва замонавий техника воситалари билан таъминланмоқда.

Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлашда муҳим ўрин тутмоқда. Мамалакатимиздаги барча ички ишлар органлари таянч пунктларини ўзаро боғловчи оптик толали тизим барпо этилмоқда.

Президентимиз 8 июль куни Наманган шаҳридаги «Орзу» маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори хизмат хонасила ўрнатилган компьютер орқали Хоразм ва Хива тумани ички ишлар бўлими ходимлари билан видеомулоқот қилган эди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармасида ҳам дамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Бош бошқармада «Хавфсиз шаҳар» бошқарув ситуацион маркази ташкил этилмоқда. Марказ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, пост-патруль хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқаради. Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш техникаси бунда қўл келади. Бу жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тех фурсатларда бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.

Тинчлик-осойишталикни таъминлаш тизими ҳаётимиз талабларига мос бўлиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Янги замонавий тизим самарали ишлаши учун уни мукаммал ўзлаштириш, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш зарур.

Президентимиз мазкур бошқарув тизимини икки йил давомида синовдан ўтказиш, ички ишлар ходимларининг ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университетила ихтисослашган кадрлар тайёрлаш, тизим пухта ўзлаштирилгандан кейин уни мамлакатимизнинг барча шаҳарларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади.