Глобаллашув жараёнида оила институти, аёллар ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда ахборотлашган жамиятнинг ўзаро уйғунлиги

Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кун ахборотлашган жамияти мисолида давлат ва халқ муносабатларининг янги даражага кўтарилганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Ўз навбатида, баъзи ривожланган ва ривожланаётган давлатлар жамият ҳаётининг муҳим негизи ҳисобланмиш оила институти, аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши борасидаги мавқеъини мустаҳкамлашда ахборотлаштириш масаласини асосий вазифа сифатида белгилаган бўлса, баъзилари жамият ва давлат ривожланишининг муҳим омили сифатида кун тартибига қўйиб бормоқда. Жаҳон тажрибасида оила, тажрибаси сўнгги йилларда кўплаб тадқиқотларнинг диққат марказида бўлиб келмоқда. Юқорида тилга олинган мавзу долзарблигини Корея ҳукуматининг Оила ва хотин-қизлар вазирлиги фаолияти мисолида кўриб чиқсак.

Кореяда фуқароларга 24 соат давомида хизмат кўрсатиш тизими ҳисобланган Minwon24 орқали вазирлик тақдим этиб келаётган электрон давлат хизматларининг жами сони 41 тани ташкил қилиб, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва яна бошқа бир неча қўмиталардан интерактив электрон хизматлар сони бўйича устун туради. Оила ва хотин-қизлар вазирлиги томонидан вазирликнинг асосий фаолиятидан келиб чиққан ҳолда аёллар ҳуқуқи бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, аёллар ҳуқуқи бўйича юридик хизмат, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонликнинг турли кўринишидан жабрланганларга реабилитация кўрсатиш, вақтинчалик ҳимоялаш бошпаналаридан жой бериш, турли миллатдан ташкил топган оилаларни жамиятга мослашувида кўмак кўрсатиш, аёл кадрларни етиштириб чиқаришни ривожлантиришга доир интерактив хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Хизматларнинг 30 дан ортиғи тўғридан-тўғри ариза бериш орқали ҳисобдан ўтиб, вазирликда фаолият юритаётган бошқармалар ҳамда вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари кесимида йўналишларига мос таснифланган ҳолда ҳал қилинади.

Кореянинг Оила ва хотин-қизлар вазирлиги электрон хизматлари рўйхатида ёлғиз она ва ёлғиз оталар учун ижтимоий таъминот бўйича мурожаат, ёрдам, ёрдамни тўхтатиш бўйича мурожаат хизматлари мавжуд. Шунингдек, электрон хизматлар рўйхатида асосий мақсади ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга қаратилган турли хил хизмат турларини учратиш мумкин. Улар қаторида вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатномалар топшириш, хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, мазкур масаланинг нақадар аҳамиятлилигини кўрсатиб беради. Таъкидлаш жоизки, бугун инсоният оила институтига бўлган муносабатнинг кескин ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда.

Корея Республикаси нафақат давлат ва жамият бошқарувининг турли жабҳаларини ахборотлаштириш, балки аҳолининг давлат бошқарувидаги иштирокини ҳам жаҳон миқёсида юксак ўринларга олиб чиқишга эришган давлат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг одам савдосидан жабр кўрганлар учун реабилитация ва руҳий қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш, бошқарув жараёнига ўзгартириш киритиш ҳамда зарур ҳолларда марказ фаолиятини тўхтатиш бўйича аризалар топшириш имкониятлари мавжуд.

Хизматлар рўйхати ёшлар маркази, халқаро никоҳ воситачилик ва маҳаллий никоҳ воситачилик марказларини ташкил этиш, уларнинг бошқарувига ўзгартириш киритиш ҳамда марказлар фаолиятини тўхтатиш бўйича ариза топшириш имкониятларини ҳам ўз ичига олади. Юқорида тилга олинган хизматлар юзасидан давлат органига Интернет тармоғи орқали мурожаат қилиш имконияти жамият олдида турган масалаларни ҳал этишнинг замонавий, тезкор ва қулай усули бўлиш билан бирга, зўравонлик, одам савосидан жабр кўрганларнинг конфиденциаллигини сақлашда ҳам муҳим роль ўйнаши алоҳида аҳамият касб этади.

Юқорида қайд этилганлардан маълум бўлмоқдаки, Оила ва хотин-қизлар вазирлиги аёл ва оила институтига доир сиёсатни такомиллаштиришга нафақат концептуал, балки амалий нуқтаи назардан давлат хизматларини тақдим этиши орқали уни сиёсий институтлар доирасида ҳам мустаҳкам мавқега эга эканлигини кўрсатади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Корея Республикасининг Оила ва хотин-қизлар вазирлиги фаолият доираси диққат марказидаги йўналиш ва вазифалар кўлами кенг ва кўп тармоқлидир. Вазирлик тақдим этаётган хизматлар давр шиддати ва тараққиётига ҳамоҳанг равишда ахборотлаштириш омили ёрдамида мустаҳкамланган. Бу эса ўз навбатида, ахборотлаштириш мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш йўлида қандай жабҳаларгача етиб борганлиги ҳамда жамият ривожини белгиловчи муҳим хусусиятлардан бири эканлигига ёрқин мисол бўла олади.

Зилола Абдугафурова, «Электрон ҳукумат» тизимин ривожлантириш маркази Халқаро ҳамкорлик бўлими бош мутахассиси