Ўзбекистон Республикаси Бош вазири A. Арипов Германия Федератив Республикасига ташрифи доирасида 15 ноябрь куни «Siemens AG» консернининг Мюнхенда жойлашган бош қароргоҳида бўлиб, унинг Россия ва Марказий Осиё бўйича президенти Ази Роланд Буш билан учрашди.
Учршув чоғида томонлар «Хавфсиз шаҳар» концепциясини амалга оширишда икки томонлама ҳамкорлик қилишни муҳокама қилиб, мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Siemens» ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Хусусан, мазкур йўналишда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг комплекс ечимини жорий қилиш, шаҳар инфратузилмаси ва транспорт хўжалигини эвакуация қилиш тизимини яратишда АКТдан фойдаланиш, шунингдек электр тармоқларида «ақлли тармоқлар» (Smart Grid) технологиясидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик қилинади.
Роланд Буш: «Инновация ва рақамлаштиришда катта тажрибага эга муассаса сифатида биз Ўзбекистон билан сановатни, шаҳар инфратузилмаси ва энергетика, соғлиқни сақлаш соҳаларида замонавий технологияларни жорий қилиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Мисол учун, «интернет буюмлари» тенденцияси учун биз таклиф қилаётган операцион тизимлар бугунги кунда шаҳарлар хавфсизлиги ҳамда қулайлигини таъминлаш, шунингдек рақобатбардошлик ва барқарор тараққиётни оширишда муҳим аҳамиятга эга».
Ҳамкорлик доирасида Siemens компаниясининг бошқа йўналишлардаги муваффақиятли ишланма ва технологияларини ўрганиш ҳам кўзда тутилган. Бу борада етакчи экспертлар иштирокида ўқувлар, машғулот-семинарлар, конференциялар ўтказиш режалаштирилмоқда.