22 август куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Бутунжаҳон банки штаб-квартираси АКТ лойиҳалари катта координатори O.Петров бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Марказий ва Жанубий Осиёни ягона рақамли хабга боғлайдиган ва трансчегаравий телекоммуникация тармоғини яратишга қаратилган «Digital CASA» ҳудудий лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг иштироки истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур лойиҳа денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларга Интернет тармоғини яхшилашга, шунингдек, ушбу мамлакатларнинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, вазирлик томонидан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида Инновация марказида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, юқори малакали IT-мутахассислар тайёрлаш, почта соҳасини ривожлантириш каби таклифлар берилди.
Учрашув якунига кўра томонлар Бутунжаҳон банки салоҳиятидан максимал фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиг истиқболларидан келиб чиқиб, рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.