Республика товар-хомашё биржасига янги назар

«Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси» акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун «»ЎзРТХБ» АЖ савдо инфратузилмасини модернизациялашуви ва электрон тижоратнинг янги имкониятлари» мавзусида пресс-тур ўтказилди. Тадбирда республикамизнинг етакчи масс-медиа вакиллари, шу жумладан телевидение, радио, босма ва электрон нашриётларнинг ходимлари иштирок этдилар.

Пресс-турдан кўзланган мақсад кенг жамоатчиликни ЎзРТХБ марказий биносини реконструкция қилиш, унинг IT-инфратузилмасини модернизация қилиш натижалари ва биржанинг электрон тижорат соҳасидаги истиқболлари билан таништиришдан иборат бўлди.

Тадбир давомида таъкидлаб ўтилганидек, ЎзРТХБ республикамизнинг товар сегментида электрон савдолар оператори сифатида юқори технологик компания ҳисобланиб, унинг фаолияти биринчи навбатда мижозлар манфаатлари ва талабларига жавоб беришга йўналтирилган. Шу боис, биржанинг стратегик ривожланишида янги йўналишларни ўзлаштириш, ҳамда замонавий, ишончли ва самарали савдо инфратузилмани яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Биржа хизматларини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, шу жумладан уларнинг самарадорлигини ва функционаллигини ошириш орқали барча савдо иштирокчилари учун мукаммал шароитларни яратиб бериш биржа савдо инфратузилмасини модернизация қилиш ғоясининг негизини ташкил этади. Мазкур вазифалар доирасида ЎзРТХБ сўнгги йилларда биржанинг марказий биносини қайта таъмирлаш ва IT-инфратузилмасини модернизацияси бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширди.

Хусусан, биржа биносининг фасади ва ички интерьери тўла янгиланди, брокерлик савдо зали модернизация қилинди, ҳамда хоналар замонавий технологик асбоб-ускуна ва алоқа воситалари билан жиҳозланди. Шу билан бирга, мижозларга хизмат кўрсатиш ва меҳмонларни қабул қилиш зоналари яратилиб, уларда электрон навбатга туриш терминали, маълумотлар учун LED мониторлар ва ахборот киосклар ўрнатилди. Қўлланилган новаторлик ёндашуви ва инженерлик ечимлар эвазига биржага ташриф буюрган ҳар бир мижозга керакли мутахассис ёки брокер билан боғланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Биржанинг янги мулоқот тизими кўрсатилаётган хизматларнинг мунтазам равишда мониторинги ва таҳлилини интерактив шаклда олиб бориш имконини тақдим этди.

Янгиланган савдо залида электрон савдо натижалари ва биржа котировкаларини намойиш этиш учун ахборот мониторлари ва рангли электрон табло ўрнатилди. Бундан ташқари архитектура услубларини қўллаш орқали брокерлар майдони 150 та иш жойидан 250 тагача кўпайди. Биржа аъзолари фаолиятини ташкиллаштиришда асосий мезонлар сифатида қулайлик, шинамлик хизмат қилди ва индивидуал услубдан фойдаланилди.

Шунингдек бинода биржанинг «UZEX хабарлари» корпоратив теледастурни
замонавийлашган талқинини яратиш мақсадида дунёнинг етакчи бизнес
каналларининг замонавий трендларига мос келадиган концептуал янги телевизион
студия қурилди. Теледастурнинг янгиланган формати яқин ойларда эфирга
узатилиши кутилмоқда. Биржа ходимларини малакасини ошириш, уларнинг
интеллектуал ва ижодий салохиятини рўёбга чиқариш мақсадида корпоратив
кутубхона ва ўқув маркази очилди.

Мижозларга сифатли хизматларни ўз вақтида кўрсатиш, ҳамда улар учун тенг
шароитлар яратиб бериш мақсадида жорий йилда биржанинг барча филиалларида замонавий фронт-офисларни очилиши режалаштирилган. Ушбу офислар илғор IТ-технологиялари, яъни маълумотларни тақдим этиш асбоб-ускуналари ва
автоматлаштирилган мулоқот воситалари билан жиҳозланади. Шу билан бирга 2017-
2018 йилларда биржанинг Хоразм, Жиззах ва Навоий вилоятларидаги филиалларининг биноларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади, шунингдек, Сирдарё вилоятида «ЎзРТХБ» АЖнинг янги биноси қурилади.

Тадбирда пресс-тур иштирокчилари биржанинг ижодий гуруҳи, ахборот
технологиялари бўлими, маклериат ва мижозларга хизмат кўрсатиш учун
ташкиллаштирилган фронт-офис фаолиятлари билан яқиндан танишиб чиқдилар.
Бугунги кунда ЎзРТХБда электрон биржа савдоларидан ташқари, ярмарка
савдолари онлайн тарзда фаолият юритади. Шунингдек, биржада ҳар куни 40
млрд сўмлик битимлар тузилиб, 4 минга яқин клиринг транзакциялари амалга
оширилади. Шунинг учун биржанинг муҳим вазифаларидан бири барча ахборот
тизимларнинг узлуксиз равишда ишлашини таъминлашдан иборатдир.

Жорий йилда ЎзРТХБ IТ-инфратузилмасини модернизация қилиш лойихаси
доирасида биржада НР Blade System платформаси асосида юқори технологик Дата-
марказ яратилди, Extreme Networks коммутаторларида янги локал ҳисоблаш тармоғи
ўтказилди ва замонавий иш жойларини созлаш ишлари якунланди.

Маълумотларни қайта ишлаш маркази (МҚИМ) юқори талабларга жавоб
берадиган электр тармоғи билан таьминланган бўлиб, автоматик тарзда ўзгарувчан иккита мустақил электр қуввати манбаига эга. Яъни электроэнергия ўчирилган
ҳолатларда у автоматик тарзда дизель-генераторга ўтказилади. Серверлар хонаси
ҳаво алмаштириш, совутиш ва ёнғинни махсус газ билан ўчиришнинг ишончли тизимлари билан жиҳозланган.

IТ-инфратузилмани модернизация қилиш натижасида биржа сервер асбоб-ускуналарининг бандлиги 80% дан 25% гача қисқаритилди. Шунингдек, янги Дата-
марказ 15 савдо платформаларини узлуксиз равишда ишлашини таъминлаш, ҳамда
бир сонияда 5 мингга яқин буюртма ёки 14 мингта транзакцияни қайта ишлай олади. Ушбу натижага эришишда МҚИМга тушадиган босимни
серверлар орасида бир маромда мувозанатлаштириш опциясини созланганлиги ва
кластерларни виртуализацияси ҳам ўз кўмагини берди.

Жорий этилган мазкур янгиликлар туфайли 2017 йилнинг 7 ойлик якунларига кура биржада 5,7 мингдан зиёд янги мижозлар рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг аксарият қисмини бизнес соҳаси вакиллари ташкил этади.

Мазкур лойиҳани амалга оширилиши биржада янги сервис ва савдо платформаларини жадал равишда жорий этиш имкониятларини ҳам очиб беради. Хусусан, яқин келажакда биржа янги йўналиш, яъни электрон тижоратнинг В2С моделини ўзлаштиришни режалаштирган. Бу эса ўз навбатида «УзРТХБ» АЖ электрон аукционларига жисмоний шахсларни жалб қилишни назарда тутади.

Шунингдек, истиқболда ЎзРТХБ битимлар тузилишини электрон рақамли имзо воситасида электрон шаклга ўтказиш, биржанинг электрон логистика тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш каби масалаларни ҳал қилишни мақсад қилиб олган. Тадбир давомида биржа мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.