UZMOBILE мобил алоқа миллий оператори алоқа сифатини яхшилаш мақсадида 27 июль куни «Мобил лабораторияси» микроавтобуслари хизматини йўлга қўйди.
Абонентлар мурожаати, компания тижорат ва маркетинг хизматлари аризалари бўйича «Мобил лабораторияси» микроавтобуслари мунтазам равишда белгиланган йўналишлар бўйича йўлга тушади ҳамда тармоқлар ҳолати мониторингини ўтказади. Мазкур ўлчовлар натижасида тармоқни оптималлаштириш бўйича тақдим этилаётган хизматлар сифатини оширишга йўналтирилган зарур чора-тадбирлар ўтказилади, заруратга кўра, қўшимча ускуналар ўрнатилади. Асосий мақсад – сифатни баҳолаш ва узлуксиз мониторинг ўтказишдан иборат.
Сергей Мелников, UZMOBILE техник директори:
«Республикамиз ҳудудида тақдим этиладиган алоқа хизматлари сифатини баҳолаш ва узлуксиз мониторингини ўтказиш компаниянинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Anite Finland Ltd. компаниясидан CDMA/GSM мобил алоқанинг барча стандартларида алоқа сифатини тестдан ўтказиш учун мўлжалланган UZMOBILE ўлчов ускуналари комплекси базасида «Мобил лабораторияси» лойиҳасини амалга оширдик, унинг доирасида мунтазам равишда бутун республика бўйича CDMA/GSM тармоқларида ўлчов хизматлари ва тестдан ўтказиш ишлари амалга оширилади».
Республика ҳудудида алоқа хизматлари сифатининг доимий мониторинги ёндашувидан фойдаланиб, UZMOBILE жорий йилнинг ўзидаёқ сервисларнинг янги сифати даражасига кўтарилди, бу эса ўз навбатида тармоқ сифати ва мобил алоқа соҳасининг ривожланишига ёрдам беради.