Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети “Бакалаврликка ҳужжатларни электрон шаклда қабул қилиш” лойиҳасини синовдан ўтказмоқда. Электрон хизмат ҳозирча Ягона давлат хизматлари порталида жорий қилинган.
Абитуриентлар ҳужжатларни масофадан туриб 2017 йилнинг 15 июнидан 10 июлига қадар ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача тақдим этишлари мумкин. Ягона портал орқали ҳужжатларни тақдим этиш учун электрон рақамли имзо талаб этилади. Электрон рақамли имзони туман солиқ инспекциясидан олиш лозим.
Абитуриент электрон вариантда қуйидагиларга эга бўлиши лозим:
1. JPEG форматида бўлган 3,5х4,5 ўлчамдаги рангли фотография (бунда орқа фон оқ рангда ва расмий кийимда бўлиши керак. Шу билан бирга, суратнинг асл нусхасини дастурий воситалар билан ўзгартириш қатъиян маън этилади)
2. Қуйидаги ҳужжатларнинг сканерланган нусхалари:
—ўрта мактабни тугаллаганлигини тасдиқловчи ҳужжат (аттестат) ёки ўрта махсус ёки касб ҳунар таълим муассасаси ҳужжати (диплом);
—ҳарбий чақирувга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат;
—абитуриент шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт).
Ҳужжатлар тақдим қилингач, абитуриентга 3 кун мобайнида Ягона порталда рўйхатдан ўтаётган вақтида киритган мобил телефон рақами, электрон почта манзили ёки шахсий кабинетига ҳужжатлари қабул қилинганлиги ҳақида тасдиқ хати юборилади.
Лойиҳа “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Батафсил маълумот билан университет веб-сайтида танишиш имкони мавжуд.