Ҳозирда замонавий технологиялар деярли барча йўналишларда анъанавий усулларни бирма-бир суриб чиқариб, ҳар қачонгидан кўра кўпрок самарадорликка эришиш имконини беряпти. Бу, ўз навбатида, инвесторларда киритаётган сармояларидан имкон қадар кўпроқ даромад олиш кайфиятини кучайтириб юборяпти. Эндиликда улар IT билан боғлиқ ҳар қандай стартапни ҳеч иккиланмай қўллаб-қувватлашга тайёрлар. Негаки, ахборот технологиялари асрида бугунги янгилик эртага эскириб қолиши мумкинлиги оддий ҳолга айланиб улгурди. Келажакда улкан даромад манбаига айланиши кутилаётган янги IT йўналаши – FoodTech ҳам шулар жумласига киради.
Аксарият ҳолларда нотўғри овқатланиш кўплаб касалликларнинг бош сабабчиси бўлиб чиқади. Янги турдаги техникалар ёрдамида касалликларнинг олдини олиш, соғлиқни мунтазам назорат қилиш имконияти эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмасиги аниқ.
FoodTech – бу нафақат ақлли техника, балки кўрсаткич (датчик)лар, саломатликни назорат қилиш ва бошқаларни ҳам ўз ичига олади. Айниқса, яқин келажакда FoodTech тақдим этиши кутилаётган бешта янги технология мутахассисларнинг диққат марказида турибти.
Озиқ-овқат етказиб бериш хизмати
UBS прогнозига кўра 2030 йилга келиб таом етказиб бериш хизмати қиймати 35 млрд.дан 365 млрд.га ўсади. Мутахассислар бунга инвесторлар ҳеч иккиланмай сармоя киритаётган жуда самарали бизнес тури сифатида қарашяпти.
Кўпгина ресторанлар мустақил равишда ёки махсус ишлаб чиқилган стартаплар асосида бу каби хизмат турларини жорий қилмоқдалар.
Ошқозон сенсорлари
Карнеги университети – Меллон махсус датчик яратиш устида иш олиб бормоқда. У ошқозонни мунтазам назорат қилиб боради, шикастланган тўқималарни қайта тиклайди, дориларнинг нима мақсадда қабул қилинганлигига қараб тўғри етиб боришини тартибга солади. Шунингдек, у истеъмол қилинаётган озиқ-овқатларни яхшироқ кузатиб бориш имконини беради.
Сенсорни ошқозонга ўрнатиш учун уни ютиш керак бўлади, холос.
Тишлар учун датчиклар
Агар танавул қилаётган овқатларингизни назорат қилиш учун юқоридаги қаби махсус “дори”ларни қабул қилишни истамасангиз, бунинг ўрнига бошқа бир муқобил танловни амалга оширишингиз ҳам мумкин. Бундай имкониятни сизга Тафтса университетининг муҳандислик факультети тақдим этади. Бу тишларга мўлжалланган махсус датчиклардир.
Ускунанинг ўлчами 2 мм.ни ташкил қилади. У глюкоза, канд ва алкогол даражасини ўлчайди. Тўпланган тиббий маълумотларни эса кенгайтирилган RFID (электромагнитли радиотўлқинга асосланган симсиз ахборот алмашиш усули) орқали олиш мумкин.
Food Blockchain
IBM ходимлари озиқ-овқатларни етказиб бериш хизматини назорат қиладиган блокчейнни ишлаб чиқишди. Унинг ўзига хослиги шундаки, харидор товарни дўконнинг ўзида сканердан ўтказади ва маҳсулот қаерда етиштирилгани, дўконга қачон ва қай тариқа олиб келингани ҳақида маълумотга эга бўлади.
Бу, албатта, харидолар учун қулайлик яратади. Улар шу оркали сабзавотларни тўғри танлай оладилар, яроқсиз маҳсулотлардан заҳарланиб қолишдан сақланадилар.
“Сеҳрли таёқча”лар
Организмига ёки тана азоларининг қайсидир қисмига турли хил датчик ва сенсорлар ўрнатишни хоҳламайдиганлар учун ҳам саломатликни назорат қилш усуллари мавжуд. Айрим компаниялар бунинг учун махсус ошхона анжомларини ишлаб чиқишмоқда. Улар истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини мониторинг қилиб боради.
Масалан, Baidu овқат ейишда фойдаланиладиган ақлли таёқчаларни яратди. Таёқчалар таом ҳароратини, уни тайёрлашда фойдаланилган ёғнинг сифати ва бошқа белгиларни аниқлаб беради. Келгусида бу каби сеҳрли таёқчаларнинг овқатнинг истеъмолга яроқлилигини анқлаш имкониятига ҳам эга бўлиши айтилмоқда.
Сотувга чиқиш санаси ҳозирча номаълум бўлган мазкур беш технология саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсонни қизиқтириб қўйиши шубҳасиз. Агар сиз ҳам улар қаторида бўлсангиз IT оламида рўй бераётган воқеа ва янгиликларни мунтазам кузатишда давом этинг. Ким билсин, эҳтимол, сиз ушбу қурилмалардан бирининг илк фойдаланувчисига айланарсиз.