Замонавий технологиялар имконияти ортгани сайин, уларга бўлган талаб ва эҳтиёжларимиз ҳам кўпаймоқда. Ана шундай турли хизматларни тақдим этаётган ва кундалик ҳамроҳимизга айланиб улгурган воситалардан бири, шубҳасиз, смартфонлардир. Эндиликда мўъжаз қурилма орқали мулоқотдан ташқари, онлайн харидлар ва тўловларни амалга ошириш, пул ўтказмалари ва бошқа турдаги кўплаб молиявий амалларни бажариш мумкин. Бу жараёнлар аслида жадал кенгайиб бораётган FinTech (Financial technology), яъни молиявий технологиялар маҳсули ҳисобланади. Бугун юртимизда мазкур йўналишдаги хизматларни таклиф этувчи PayMe, U-Pay сингари қатор мобил иловалар ишламоқда. Аксарият банклар ҳам ўз мижозларига қулайлик яратиш мақсадида барча хизматлардан онлайн фойдаланиш имконини берувчи мобил иловаларни ишлаб чиққан. Агар шу тизимларнинг бирортасини қўллаётган бўлсангиз, демак, FinTech сиз билан.
Илгари телефон хизмати ёки коммунал тўловларни амалга ошириш учун тегишли идораларга бориш, у ерда турнақатор навбатда туриш, шундан сўнггина тўлов қилиш мумкин эди. Ҳозир эса пластик карталарни керакли мобил дастурга бириктириб қўйишнинг ўзи кифоя. Барча молиявий амалларни уйдан чиқмай туриб ҳам бажариш мумкин. Молиявий технологияларнинг асосий вазифаси ҳам шу – молия тизимидаги жараёнларни соддалаштириш ва тезлаштириш. Одамлар IT яратаётган қулайликларни бир зумда ўзлаштиряпти, FinTech ҳам бундан мустасно эмас.