Интернет тармоғининг кенгайиб бориши бевосита матбуот нашрларига ҳам таъсир кўрсатиб, газета ва журналларнинг электрон шаклга ўтиш жараёнини кучайтирмоқда. Бугун матбуот дўконларида тизилишиб турган одамлар навбатини учратиш маҳол, бирор ахборот илинжида газета-журнал варақлашга ҳам тобора эҳтиёж камаймоқда. Интернет имкониятларидан эркин фойдаланувчилар бу борада кенг қулайликларга эга. Негаки, эндиликда янгиликлар ёки ўзингизни қизиқтирган мақолаларни ўқиш учун смартфонга керакли таҳририятнинг мобил иловасини юклаб олиш кифоя. Бундан ташқари, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мунтазам равишда янгиликлардан хабардор бўлиб бориш мумкин. Бу сўнгги маълумотларни тезкор билиб олиш ҳамда вақтни тежашга ёрдам беради.
Қолаверса, интернет нашрларда фақат матнли эмас, балки аудио-видео форматдаги материаллар ҳамда суратли-инфографик ахборотлар ҳам ҳавола этилади, уларни тушуниш ва ўзлаштириш анчайин осон. Шунингдек, материалларга бериладиган изоҳларга муносабат билдириш ва мавзуга оид бошқа фикрлар билан танишиш мумкин. Эҳтимол, газета ва журналларда ана шундай хизматларнинг йўқлиги ҳам уларга бўлган талабни туширяпти дерсиз. Аммо буни асосий сабаб деб бўлмайди. Чунки юртимизда интернетдан фойдаланмайдиган, компьютер ёки смартфон ишлатишдан кўра “жонли” газета мутолаасини хуш кўрадиганлар оз эмас. Гарчи интернет ОАВ дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида оммалашиб улгурган бўлса-да, улардаги босма нашрлар адади ҳам шунга мувофиқ ҳавас қилгуликдир.