Жорий йилда IT ишлаб чиқарувчилари томонидан янгидан-янги қурилмалар, смартфон ва бошқа турли замонавий технологиялар тақдим этилиши кутилмоқда. Қуйида эътиборингизга ана шундай янгиликлардан бир нечтасини ҳавола этамиз. Улар кундалик юмушларни бажаришимизда янада кўпроқ завқ олиш ва мушкулларимизни енгиллатиш учун хизмат қилса, ажаб эмас.

1ОЛМОС ЭКРАНЛИ СМАРТФОНЛАР

Американинг олмосли яримўтказгичларга ихтисослашган Akhan Semiconductor компанияси смартфонлар дисплейини аввалгилардан кўра олти карра мустаҳкамроқ ва ўн баробар чидамлироқ қилувчи технологияни ишлаб чиқмоқда. Ҳозирнинг ўзида мазкур ишланма етакчи ишлаб чиқарувчилар томонидан синовдан ўтказилмоқда.

Akhan Semiconductor тасодифий шаклланувчи нанокристалли Mirage Diamond Glass тузилмасини яратган бўлиб, у жиддий дарз кетишлар юзага келишини бартараф этади. Экран ҳимоясини янада яхшилаш учун бу турдаги шишаларни Corning Gorilla Glass қопламаси билан қўллаш мумкин.

Технологиянинг ишлаш лаёқатига ишонч ҳосил қилиш ва сенсорли экранлар билан яхши ишлашига кафолат бериш учун компания ўз ҳамкорлари билан мазкур технологияни синовдан ўтказяпти. Шунингдек, тадқиқотчилар қопламанинг аксланувчи хусусиятини камайтириш бўйича изланиш олиб бормоқда.

Бу орқали қурилмадан қуёш нури ёки ёритиш манбалари кўп бўлган жойларда фойдаланганда шуъла аксланмаслигини таъминлаш мумкин. Олмос экранли биринчи смартфонлар жорий йилда тақдим этилади.

25G МОБИЛ ИНТЕРНЕТЛИ СМАРТФОНЛАР

2019 йилдан 5G даври бошланди. Бу каби симсиз тармоқларда маълумотларни узатиш тезлиги 1-2 Гбит/с, яъни симли интернетга нисбатан 10-20 баробар катта бўлиши таъкидланмоқда.

Экспертлар фикрича, 2024 йилга бориб, 20 фоиз мобил трафиклар 5G га эга қурилмалар орқали ўтади. Шунга мувофиқ, етакчи смартфон ишлаб чиқарувчилари Американинг Qualcomm компаниясидан симсиз коммуникация воситаларини, бешинчи авлод мобил алоқа модемларини ишлаб чиқиш бўйича буюртма беришни режалаштирмоқда.

Экспертлар қатор ишлаб чиқарувчиларнинг 2019 йилги смартфонлари 5G га эга бўлишини тахмин қилмоқда. Кутилаётганидек, ана шундай смартфонлардан дастлабкисини биринчилардан бўлиб OnePlus бренди февраль ойида Барселонада бўлиб ўтган MWC 2019 кўргазмасида тақдим этди.

3БУКЛАНУВЧАН SAMSUNG GALAXY FLEX СМАРТФОНИ

Samsung томонидан таклиф этилаётган ушбу янги модел Galaxy F номини олиб, иккита асосий экранга эга бўлади. Ташқи экран оддий смартфонларникидек ишлайди, бироқ букланувчан экранни очганингиздан сўнг у кичикроқ планшетга ўхшаб қолади. Бу турдаги телефон лойиҳалари ҳақида аввалроқ ҳам маълумот берилган, аммо уларни амалиётга жорий этиш 2019 йилдан кучга киради. Букланувчан Samsung Galaxy Flex смартфони шу йилнинг март ойида намойиш этилиб, 1 770 доллар нархда сотувга чиқарилади.

4SONY КОМПАНИЯСИДАН ЯНГИЛИК

XPERIA Z Pureness смартфон ғоясини тақдим этган Sony компанияси ҳам 2019 йилда янги телефон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Гаджет ярим шаффоф экранга эга бўлади, телефон корпуси эса хромланган пўлатдан тайёрланади. 3840х2160 пикселли дисплей ўлчами 5,2 дюймдан иборат. Ушбу моделнинг яна бир янгилиги унда юз идентификатори ва имо-ишоралар текшируви мавжуд.

 

 

5MI9 ЯНГИ ФЛАГМАНИ

2019 йилда Xiaomi харидорларни Snapdragon 855 платформасига асосланган Mi9 янги флагмани билан мамнун этади. Ушбу моделнинг Samsung S10 билан ўхшашлик жиҳатлари анчагина: рамкасиз дисплей, 5G мобил тармоғининг мавжудлиги, UFS 3.0 ва LPDDR5 хотира. Хитойнинг Xiaomi фирмаси қўшни мамлакатларни ўз маҳсулотлари билан аллақачон эгаллаб улгурган, эндиликда ишлаб чиқарувчи Европа бозорларига ҳам фаол кириб боришга интилмоқда. Бу вазифани амалга оширишда 2019 йил апрель ойида чиқиши кутилаётган Mi9 модели алоҳида аҳамият касб этса, ажаб эмас.

6LG G8 THINQ

LG компанияси ишлаб чиқарувчилари ўзлари тақдим этадиган флагман қурилмаси мобил гаджетлар бозорини забт этишига ишонмоқда. Уч йилдан бери гаджетлар мусобақасида қатнашмаётган LG ишлаб чиқарувчилари бу сафар LG G8 моделига катта умид боғлашган.

Флагман асосига Snapdragon 855 процессори қўйилади. Иккиталик фронтал камера ва 9 га 20 ўлчамли дисплей эндиликда ҳеч кимни ҳайратлантирмаслиги мумкин. Хотира картасини улашга мўлжалланган слот ва қулоқчинлар учун 3.5 ли чуқурчани сақлаб қолиш режалаштирилмоқда.  Samsung ва Huawei каби гигант-рақобатчилардан устун келиш учун LG ишлаб чиқарувчиларидан қаттиқ меҳнат қилиш талаб этилади.

7HUAWEI P30 ВА P30 PLUS ВА HUAWEI MATE 30

Huawei P30 ва P30 Plus моделлари ҳатто флагман бўлмаган қурилмаларни ҳам учталик камера ва бешкаррали зумлар билан жиҳозлаб, фойдаланувчиларни ҳайратга солишда давом этади. Аммо бу Huawei таклиф этаётган бор янгилик эмас. Асосийси – юзни сканерлаш ва аниқлаш функциясига эга икки фронтал камерадир. Модел 2019 йилнинг март ойида чиқиши тахмин қилинмоқда. Смартфон Kirin 980 платформасига асосланади.

Huawei компаниясидан яна бир янгилик – бу Kirin 990 процессорларига асосланадиган Mate 30 ҳисобланади. Унинг янгилиги шундаки, смартфонда шу пайтгача Huawei томонидан ишлаб   чиқилган барча имконият ва қулайликлар жамланади. Mate 30 2019 йилнинг октябрь ойларига қараб чиқарилмоқчи.

8SAMSUNG GALAXY S10 5G

2019 йилда Samsung ўзининг биринчи 5G смартфонини ишлаб чиқаради. Бу флагманлар тармоғидаги тўртта янги модел бўлади. Уларнинг учтаси дунё бўйича, биттаси эса фақат АҚШ ва Жанубий Кореяда сотилади. Айни шу давлатларда 5G ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Смартфон Snapdragon 855 процессорига, 6 ГБ оператив ва 1 ТБ доимий хотирага, 6.7 дюймли экран ҳамда 2 таси олд ва 4 таси орқа томонда жойлашган 6 камерага эга бўлиши кутиляпти. Шунингдек, дисплейга ўрнатилган биометрик сенсор ва рамкасиз дизайн ҳам Samsung Galaxy S10 5G қулайлиги ва кўпфункционаллигини таъминлайди.

9ЯНГИ ИМКОНИЯТЛИ НОУТБУК

Қулай дизайн, аъло даражадаги экран ва рақобатбардош нархга эга ноутбук. Бу Huawei компаниясининг FullView экранли илк ноутбуки ҳисобланади. Экраннинг корпусга нисбатан 91 фоизлиги деярли рамка йўқдек тасаввур уйғотади. MateBook X Prо сенсорли экрани бармоқ излари қолмайдиган Corning Gorillа юпқа шишали қопламадан тайёрланган. 14,6 мм қалинлик ва 1,33 кг оғирликка эга ноутбук нозик ва енгилдир. 2 ГБ GDDR5 хотирали видеокарта тасвирларга ишлов беришда юқори тезликни, видеолар таҳририда оддийликни ва ўйинларнинг бир хилда ишлашини таъминлайди. MateBook X Prо га ниҳоятда кучли 57,4 Вт*с қувватловчи ўрнатилган. Тўлиқ қувватланган ноутбук узлуксиз 12 соат видео кўриш имконини беради.

ОСТАВЬТЕ КОММЕНТАРИЙ: