Google компанияси ўзининг ажойиб лойиҳалари билан барчани ҳайратга солишда давом этмоқда. Айни пайтда компания янги технология – Project Soli деб номланган имо-ишоралар сенсори устида иш олиб боряпти.
Google Soli сенсорларининг ишлаш принципи қуйидагича:
Миттигина чипга бармоқларингиз ҳаракатини ўқий оладиган ва олинган маълумотларни қайта ишлайдиган радарга ўхшаш қурилма ўрнатилган. У секундига 10 минг сўровни қайта ишлаш тезлигига эга.
Google Soli чипларининг ўлчами уларни исталган турдаги тақиладиган ёки кийиладиган гаджетга, жумладан, қўл соатларига жойлаш имконини беради. Google ATAP лабораториясида яратилган Google Soli чипининг прототипи бор-йўғи 5×5 миллиметрни ташкил қилади ва унчалик катта бўлмаган электрон қурилмаларга, масалан, қўл соатларига бемалол жойлашади.
Ушбу сенсорнинг ўзига хослиги шундаки, фойдаланувчининг қурилма билан бевосита алоқасида ҳеч қандай ташқи датчик ёки шунга ўхшаш ускуналар шарт эмас. Ҳаммаси жуда оддий: қўлингизни сенсорга тутиб, маълум бир буйруқни киритиш учун тегишли ишорани бажарсангиз кифоя.
Шундай қилиб, бармоқларингиз билан ишора қилиш орқали кўпгина мураккаб ва оддий функцияларни бошқара оласиз. Шунингдек, айрим имо-ишораларни кундалик ҳаётдан олиб, ҳеч қандай ўзгаришларсиз виртуал муҳитга қўчириб ўтиш мумкин. Масалан, механик соатни керакли вақтга тўғрилаш учун унинг “қулоғи”ни бураётгандаги ҳаракатни бемалол смарт-соатларни созлаш жараёнида қўллаш мумкин. Бош ва кўрсаткич бармоқлар ёрдамида овоз баландлигини созлаш учун мурватни бурагандаги ҳаракатдан эса масофадан туриб смартфон ёки ўйин қурилмалари овозини созлашда фойдаланса бўлади.
Ҳозирда Google Project Soli лойиҳаси жамоаси сенсорнинг ишлайдиган намунасини намойиш қилиб улгурди. Энди уни турли хил қурилмалар, “интернет буюмлари” (Internet of Things, IoT)га жорий қилиш учун SDK (тизимни ривожлантириш тўплами)ни яратиш устида иш олиб бориляпти.
Афсуски, мазкур чипларни тижорий мақсадларда ишлаб чиқариш санаси, уларнинг айнан шундай ёки бошқача шаклда пайдо бўлиши ҳақида ҳозирча ҳеч кандай гап-сўзлар бўлгани йўқ. Бу “мўъжиза”нинг шунчаки синов-тажриба сифатида қолиб кетмай, эртами-кечми, албатта, лабораториядан ташқарига чиқади деган умиддамиз.