Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда олиб борилган тадбирлар доирасида тегишли тиббиёт муассасаларида қатор ахборот тизимлари, жумладан, “Электрон поликлиника”, “ТМЭК”, “Наркологик диспансер”, “Психологик диспансер”, “Бемор”, “Эмлаш”, “Хатлов”, “Туғилиш ва ўлим”, “ПЦР-тест тизими” ва бошқалар ишга туширилган.
Кўриниб турибдики, ахборот-коммуникация технологияларининг кенг ривожи, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва кўрсатишнинг янги йўналиши – телемедицина учун асос яратилмоқда.
Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш шароитида стратегик муҳим вазифа, географик жиҳатдан олис тиббиёт-профилактика муассасаларининг ихтисослаштирилган соғлиқни сақлаш муассасалари билан ўзаро алоқаларини ташкил этишдан иборат бўлди. Масофада жойлашган тиббиёт-профилактика муассасалар ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ўртасидаги ўзаро алоқалар, аҳолига масофадан туриб юқори малакали ёрдам кўрсатиш орқали амалга оширилади. Телемедицинада замонавий ахборот-телекоммуникация технологияларидан ва энг яхши клиникаларнинг интеллектуал салоҳиятидан фойдаланади.
Телемедицина ўзи нима беради? Мамлакатимиздаги фаолият юритаётган малакали шифокорлар ва дунё тиббиёт муассасаларидаги мутахассислар билан реал вақт оралиғида боғланиб, онлайн кўрикдан ўтиш, даво маслаҳатларини олиш имконини беради. Яъни, бемор билан шифокор ўртасидаги масофа аҳамиятли бўлмайди.
Маълумки, республикамизнинг географик кенглиги туфайли ташхис қўйиш ва даволанишга муҳтож беморларнинг ҳаммаси ҳам зудлик билан туман ёки вилоят даражасидаги тегишли тиббий марказларга юборишнинг имконияти йўқ. Шу билан бирга, ихтисослашган марказларда юзма-юз консультациялар (маслаҳатлар) ва касалхонага ётқизилишнинг ҳар доим ҳам ўзини оқламайди, баъзида даволовчи шифокор томонидан ихтисослаштирилган муассасадаги ҳамкасблари ёки ҳудудий тиббиёт муассасаси шифокорлари билан касалликнинг клиник кўринишларини тўлиқ муҳокама қилишнинг ўзи етарлидир. Ушбу ёндашув санитар авиация ёрдамида узоқ ҳудудларга консультантни юбориш заруриятини камайтиради, баъзида эса бу ҳолатни бутунлай бекор қилиш имкониятини беради.
Телемедицина тизимида онлайн маслаҳатлашиш йўлга қўйилиши натижасида етук шифокорлар, профессорлар билан онлайн мулоқотда бўлишга шароит яратилади. Бу ҳам беморнинг, ҳам мутахассис-шифокорларнинг вақтини, шу билан бирга, маблағни тежашга хизмат қилади.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида, хусусан, бирламчи тиббий ёрдамни, шошилинч тиббий ёрдам тизимини ва ҳудудий диагностика марказлари тармоғини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни фаолроқ олиб бориш талаб этмоқда. Ушбу соҳаларнинг барчасида телемедицина технологиялари вақт, жой ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва мавжудлигига сезиларли таъсир кўрсатиши керак.
Бугунги кунда аксарият ривожланаётган давлатларда шифокорлар ва беморлар ўртасидаги мулоқотлар нисбати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган талаблардан жуда паст ҳисобланади.
Кўпгина ривожланаётган мамлакатлар учун хос бўлган асосий муаммолар:
— олис туманлар ва ҳудудларда тиббиёт муассасалари, инфратузилма ва мутахассислар етишмаслиги;
— ташхис қўйиш ёки даволанишни талаб қиладиган беморлар учун транспорт қўшимча харажатлар. Кўпгина ўлимлар ташхис қўйиш ёки ташиш пайтида кечикишлар билан боғлиқлиги;
— диагностика марказларининг етишмаслиги. Ҳозиргача кўпчилик маҳаллий шифокорлар мутахассисга шахсан мурожаат қилишлиги;
— ички манбалар, яъни кўпгина ривожланаётган мамлакатларда шаҳарлардан ташқарида беқарор қувват манбалари, алоқа тармоқлари ва Интернет алоқалари мавжуд бўлиб, бу телемедицина маслаҳати ва даволаш мақсадларида маълумотларни узатишни қийинлиги.
Айни пайтда Ўзбекистон ва бошқа ривожланаётган мамлакатлар ўз фуқаролари саломатлигини яхшилашга ёрдам берадиган самарали тизим орқали ушбу тиббий хизматлар ва маслаҳатлардан фойдаланишлари зарур. Телемедицина бу мамлакатларнинг реал эҳтиёжларини қондириш учун энг мос платформа ҳисобланади.
Телемедицина қамрови:
— электрон бемор ёзуви;
— илғор мутахассислик диагностикаси;
— касаллик тарихи;
— тиббий маслаҳат (онлайн / офлайн);
— тиббий ҳисоботлар ва электрон рецептлар;
— ўз корхонаси ёки етказиб берувчилари орқали патология, радиология ва фармацевтика хизматларини бошқариш;
— даволанишнинг кейинги босқичи учун кўрсатма.
Телемедицинанинг афзалликлари:
— ҳудудлардан келган беморларга диагностика ва тиббий маслаҳат;
— кам харажатли, касалликларни эрта ташхислаш учун мунтазам текширув;
— аудио-, видео-, статистика ва бемор маълумотлари билан реал вақт режимида шифокор билан маслаҳатлашиш;
— халқаро телемедицина стандартларига, шу жумладан махфийлик ва тиббий-ҳуқуқий қоидаларга мувофиқлиги;
— миллий саломатликни яхшилаш индекси;
— бемор маълумотларини ўз вақтида тақдим этиш;
— биометрик электрон бемор ёзувларини автоматик яратиш;
— ҳар қандай вақтда кўпроқ беморларни янада самарали даволаш.
Соғлиқни сақлаш соҳаларидан бири сифатида таклиф қилинаётган телемедицина технологиясига узоқ муддатли ва кенг кўламли нуқтаи назардан қараш керак, чунки унинг фойдалари ва қўлланилиш соҳаларини дарҳол англаб етиш, амалга ошириш ёки иқтисодий жиҳатдан фойдали эканлигини исботлаш мумкин эмас. Телемедицинани янада ривожлантириш ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш сиёсатига мувофиқ, телемедицина технологияси томонидан амалга ошириладиган вазифалар доирасини кенгайишига олиб келиши керак.
Телемедицина тизимлари ва телемедицина технологияларини ривожлантириш устувор характерга эга бўлиши ва давлат томонидан қўллаб-қувватланиши керак деб уйлаймиз.
Ушбу йўналишда мамлакатимизда 2020 йилнинг 17 июль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда республикада илк бор телемедицина амалиётига старт берилди. Унда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали профессор ва шифокорлари томонидан Мўйноқ туманидаги 18 ёшгача бўлган сурункали касалликлари бор болаларни реал вақтда масофадан тиббий кўрикдан ўтказилди.
Шу муносабат билан, “Телемедицина технологиялари” тушунчасига аниқлик киритилиши, ушбу технологияларидан фойдаланиш мумкин бўлган тиббий ёрдам турларини белгилаш ҳамда телемедицина ҳаракатларининг рухсат берилган турлари рўйхати (консилиум, консультация, беморнинг соғлиғини масофадан тиббий назорат қилиш) аниқлаш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда шу йўналишда шифокорларимиз малакасини ошириш лозим.
Телемедицина хизматини ташкил этиш натижасида ҳудудлардаги инсонлар ҳам малакали ва сифатли тиббий хизматдан бевосита фойдаланиш имкониятига эга бўлишади.