Ўзбекистон — почта алоқаси тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш йўлида

Бугун барчамиз мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар рўй бераётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муболағасиз айтиш мумкинки, почта алоқаси соҳасини ҳам четлаб ўтмади.

Тарихга назар солсак, кишилик ҳаётининг барча даврларида, инсонлар ҳаётида почта алоқаси алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда айрим инсонлар қарашларида унинг ҳозирда мавқеи, аҳамияти камайган бўлиб ҳисоблансада, жаҳон амалиёти бундай қарашларнинг аксини, яъни почта алоқаси соҳасининг ҳозирги даврдаги ўрни, роли янада ортганлиги, замонавийлашганлиги, янги хизмат турлари билан бойитилганлиги, ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт шароитида рақамли технологияларига асосланган ҳолда ривожланаётганлигини кўрсатмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, барча ижтимоий қатламларига почта хизматларининг кенг тарқалганлиги, қамровлилиги ҳамда унинг хизматларидан республиканинг барча аҳолиси фойдаланиши мумкин бўлганлиги сабабли, Ўзбекистон почта хизмати фаолияти жамиятимизда катта ижтимоий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, Республика почта алоқаси хизмати ҳам мамлакатнинг барча бурчакларида почта алоқаси ва унга тегишли хизматларни кўрсатадиган, яхши ташкил этилган почта алоқаси тармоғининг афзалликларига эга. Ўзбекистон миллий почта операторини ривожлантиришнинг стратегик мақсади корхонани жаҳон сифат стандартларини амалга оширувчи юқори самарали ва рақобатбардош компанияга айлантириш ҳисобланади. Бу мақсадга эришиш кўп жиҳатдан янги, замонавий усуллардан фойдаланиш, кўрсатилаётган хизматлар доирасини кенгайтириш ҳамда рақамлаштиришни фаоллаштиришга боғлиқ.

Охирги йилларда республикамиз почта алоқаси хизмати миллий оператори ҳисобланган «Ўзбекистон почтаси» АЖнинг фаолиятида унинг асосий кўрсаткичларининг кескин ёмонлашуви, ислоҳотларнинг олиб борилиши ва рақамлаштиришга ўтишнинг сустлиги, соҳа ривожланишда дунё мамлакатларидан ортда қолаётганлиги, почта алоқаси хизматлари кўрсатилишининг паст даражада эканлиги, республика ва соҳа раҳбарияти, мутахассисларнинг ташвишига сабаб бўлди.

2020 йил 5 октябр куни Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида миллий почта тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган йиғилишда муҳим масалаларнинг кўтарилганлиги ва 2020 йил 14 декабрда “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4921-сон қарори, мамлакатимиз тараққиётга, ривожланиш сари интилишида муҳим бир воқеалардан бўлди, қолаверса, почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш йўлида муҳим бурилиш нуқтасини ясади ва йиллар давомида эътибордан четда қолиб келаётган, анчадан буён ўз ечимини топилишини кутаётган ушбу долзарб бўлиб турган, ижтимоий аҳамиятга эга мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим соҳасини жонлантириб юборди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 5 октябр куни миллий почта тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказиб, айнан шу масалада, яъни, почта жўнатмаларини якуний манзилга етказиб бериш йўлга қўйилиши ҳақида сўз юритди. «Ўзбекистон почтаси» АЖ тизимида мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган 2 мингдан зиёд бўлинма, 7 минг нафар ходим бор. Лекин йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида почта хизматининг ўрни пасайиб кетди.  Хусусан, сўнгги ўн беш йилда 1 минг 300та почта бўлинмаси ёпилган. Ўтган йили хориждан келган 6 минг тонна жўнатмаларнинг атиги 10 фоизи, курерлик хизматларининг 30 фоизи миллий почта ҳиссасига тўғри келган», дейилди президент матбуот хизмати хабарида. Муҳтарам президентимизнинг айтиб ўтган фикрларини Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг ўн тўққиз йиллик маълумотлари асосида тузилган қуйидаги расмларда ҳам яққол кўришимиз мумкин.

1-расм. 2000 йилдан 2019 йилгача бўлган давр учун почта хизматини кўрсатиш участкалари ва пoчтaльoнлар сонининг ўзгариш динамикаси

Юқорида, яъни тадқиқот натижалари асосида яратилган  1-расмда ўн тўққиз йил мобайнида почта хизматини кўрсатиш участкалари ва пoчтaльoнлар сонининг ўзгариш динамикаси кўрсатиб ўтилган.

2-расм. 2000 йилдан 2019 йилгача бўлган давр учун жўнатилган посилкалар ва телеграммалар сонининг ўзгариш динамикаси

Тадқиқотлар натижасида аниқланган ва келтириб ўтилган ушбу 2- расмда эса 2000 йилдан 2019 йилгача бўлган давр учун жўнатилган посилкалар ва телеграммалар сонининг ўзгариш динамикасини кўриш мумкин.

3-расм. 2000 – 2019 йилларда пул ўтказмалари ва пенсия тўловларининг ўзгариш динамикаси

3-расмда 2000-2019 йилларда пул ўтказмалари ва пенсия тўловларининг динамикада ўзгаришини яққол кўришимиз мумкин.

4-расм. 2000 — 2019 йилларда жўнатилган хатлар, кapтoчкалар, бaндepoллар, гaзeта ва жуpнaлларнинг ўзгариш динамикаси

Ушбу диаграммада 2000 — 2019 йилларда жўнатилган хатлар, кapтoчкалар, бaндepoллар, гaзeта ва жуpнaлларнинг пасайиш тенденциясини кўриш мумкин.

5-расм. Хизматларни кўрсатишдан алоқа компаниялари даромадлари таркибидаги ўзгаришлар динамикаси

Юқорида берилган хизматларни кўрсатишдан алоқа компаниялари даромадлари таркибида ҳам почта алоқасининг даромадлари ўн тўққиз йил мобайнида пасайганлигини кўриб турибмиз.

6-расм. Аҳолига хизмат кўрсатишдан алоқа компаниялари даромадлари таркибининг ўзгаришлари динамикаси

Ушбу мажлисда таъкидланишича, жойлардаги аҳвол ўрганилиб, Осиё тараққиёт банки экспертлари иштирокида почта тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрланди. Давлат раҳбари соҳани ривожлантириш учун почта тизимини даромад келтирадиган соҳага айлантириш зарурлигини таъкидлади. Хусусий операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшимча хизматларни тақдим этиш орқали почта бўлимлари даромадини ошириш мумкинлиги ҳақида айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, юртбошимиз электрон савдони ривожлантириш, йил якунигача миллий онлайн савдо майдончасини жорий этиш, юртимизга кириб келган халқаро ташувчи компанияларнинг ҳудудларда филиаллари мавжуд эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, почта жўнатмалари ва маҳсулотларни якуний манзилга етказиб беришни йўлга қўйиш, 2021 йилда Тошкент шаҳрида логистика марказини ташкил этиш, жўнатмаларни қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизимини ишга тушириш, давлат хизматларини почта бўлимларида ҳам йўлга қўйиш, бир қатор туманлардаги почта бўлинмаларида нақд пул инкассацияси, пластик карта амалиёти каби банк хизматларини жорий этиш, матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш, даврий нашрларга онлайн обуна хизматини йўлга қўйиш, янги почта хизматларини йўлга қўйиш учун ходимларни қайта тайёрлаш, почта биносини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлар билан бирга ишлатиш масалалари муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.

2020 йил 14 декабрдаги “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4921-сон қарорида эса, Миллий оператор тармоғини ривожлантириш бўйича етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида, Умумжаҳон почта иттифоқининг Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида Ўзбекистон 93-ўринда қолаётганлиги, Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, почта алоқаси хизматларини тақдим этиш фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш орқали Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида мамлакатимизни биринчи 50 таликка киритиш мақсади белгиланди ва почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Буларга, биринчидан, а) хат-хабар ташиш ва курьерлик хизматларини; б) электрон тижорат бозоридаги фаолиятни; в) хизматлар бозоридаги почта алоқаси фаолиятини   ривожлантириш бўйича вазифалар; иккинчидан, 2021 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида почта алоқаси соҳасини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»; 2021 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида почта алоқаси соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилди; учинчидан, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон республикаси вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2021 йилда 42 та намунавий туманларда (шаҳарларда) почта алоқаси корхоналарини трансформация қилиш лойиҳаларини кўзда тутувчи «йўл харита»ларни амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ушбу қарорда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда миллий операторга ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилди:

  • онлайн савдо майдончасини ишга тушириб, маҳсулотларни республика бўйича, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда савдога олиб чиқиш, Миллий оператор тармоқларидан фойдаланиб, сотилган маҳсулотларни манзилларга етказиб бериш тизимини жорий этиш;
  • почта алоқасининг анъанавий ва жорий этилаётган янги хизматлари бўйича малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, ўқув марказини ташкил этиш ҳамда 2021 йил якунига қадар 2 000 та, 2022 йилда барча ходимларнинг малакаси оширилишини таъминлаш; в)
  • Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида биттадан почта алоқаси объектида мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиш учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплексларни (почтамат) жорий этиш бўйича синов/намунавий лойиҳаларни амалга ошириш ва 2021 йил якунига қадар яна 150 та объектда ушбу хизматни жорий этиш чораларини кўриш;
  • почта жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган тизимни ишга тушириш ҳамда маҳаллий ва хорижий курьерлик компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда уларнинг тизимларига интеграция қилиш;
  • тижорат банклари билан биргаликда банк пластик карталарига почта алоқаси бўлимлари орқали тўлиқ хизмат кўрсатиш (карталарни маблағ билан тўлдириш, нақд пул ечиш, жисмоний шахсларни идентификация қилиш) тизимини жорий этиш;
  • почта тармоқлари орқали аутсорсинг асосида тижорат банклари номидан жисмоний шахсларга кредит бериш тўғрисида аризаларни қабул қилиш, кредитларни сўндириш бўйича тўловларни қабул қилиш, юридик шахслар кунлик савдо тушумини қабул қилиш каби банк хизматлари кўрсатишни жорий қилишни таъминлаш;
  • интернет-дўконлари товарларини сақлаш ва етказиб бериш хизматларини ўз ичига олган 4 та логистика марказини ташкил этиш.

Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, тижорат банкларининг «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятининг 100 млрд сўм миқдордаги оддий акцияларини қўшимча чиқариш, корхона ва ташкилотлар орасида жойлаштириш, 2020 — 2024 йиллар якунига кўра Миллий оператор устав капиталидаги давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендлар почта алоқаси тармоғини ривожлантириш, ахборот тизимларини жорий этиш ва кўрсатилаётган хизматларни кенгайтириш учун устав капиталини ошириш (капитализация қилиш) шарти билан Миллий оператор ихтиёрида қолдириш каби унинг молиявий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатадиган вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу қарорнинг яна бир муҳим қисмларидан бири Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий оператор Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13 та турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилишини таъминлаш бўлиб, бундай хизмат турларига қуйидагиларни киритиш мумкин бўлади:

— СТИР аниқлаш;

— Юридик шахслар, жисмоний шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома;

— Никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш;

— Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш;

— Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш;

— Судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотномаларни олиш учун ариза юбориш;

— Фуқароларнинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома олиш;

— Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш;

— Болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш навбатини текшириш;

— Болани давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш;

— Туғилганлик ҳақида маълумотномани олиш;

— Ўлим рўйхатга олинганлиги ҳақида маълумотномани олиш;

— Пенсия (нафақа) ҳақида маълумот;

— Наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш;

— Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш.

Албатта, мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилишнинг тартибини ўрнатиш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар ҳам киритиб бориши ҳам белгилаб берилган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, 2020 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ва имзоланган “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4921-сон қарори бозор иқтисодиёти шароитида рақабатбардошликка интилаётган “Ўзбекистон почтаси” АЖ, ҳозирги кунда почта хизматларини кўрсатаётган кўплаб маҳаллий почта курьерлик компаниялари, юртимизда ушбу фаолиятни юритаётган хорижий компаниялар  учун анчадан буён интиқиб кутилаётган қарор бўлди десак, муболаға бўлмайди. Зеро, ушбу қарор бўйича белгиланган вазифаларни бажариш барча соҳа мутахассислари, ходимлари, мутасадди корхона ва ташкилотлар, олдида турган муҳим ва долзарб, кечиктиб бўлмайдиган масалалардан ҳисобланади, чунки, юртимизда почта хизматларидан фойдаланиш аҳолимиз кундалик ҳаётининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.


Фойдаланилган адабиётлар:

  1. “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 декабрдаги ПҚ-4921-сон қарори.
  2. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони.
  3. Gulyamov S.S., Ayupov R.X. Миллий иқтисодиётда рақамли технологиялардан фойдаланишнинг стратегик ахамияти. Тошкент, www.UzA.uz, УзМАА – Узбекистон Миллий Ахборот Агентлиги «Электрон журнали», УзМАА Ахборотномаси, 2019 йил октябрь, №1. 11 bet.
  4. Gulyamov S.S., Ayupov R.X. Рақамли иқтисодиёт ва унинг асосий ривожланиш йўналишлари. УзР Статистика Кумитаси электрон журнали, 2019 йил ноябрь, 2-сон. 10 bet.
  5. Отакузиева З.М. Фopмиpoвaние, фaктopы и уcлoвия paзвития цифpoвoй экoнoмики в Узбекистане Журнал Бизнес – эксперт, 2020 йил 6 (150)-сон, 106-113 бетлар.
  6. Отакузиева З.М., Бобоходжаев Ш.И. Перспективы и роль цифровой экономики в развитии почтовой связи Узбекистана // «Научный альманах». 2018. №7 – 1 (45). Science almanac. – Р.18-22.
  7. Отакузиева З.М., Бобоходжаев Ш.И. Насущность реформ почтовой связи Узбекистана и цифровая экосистема // IV international correspondence scientific specialized conference «international scientific review of the problems of economics, finance and management» (Boston. USA. August 5-6, 2018) ISBN 978-1-948507-00-4 UDC 08 Boston. Massachusetts printed in the United states of America 3р.
  8. Отакузиева З.М., Кудрявцева Л.В., Ишдавлетова Э.Т. Развитие почтового банкинга почтовой связи республики Узбекистан на основе зарубежного опыта Журнал “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари», 2(4)/2018. -Б 96-99
  9. Отакузиева З.М., Ишдавлетова Э.Т. Тенденции развития услуг почтовой связи Журнал “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари»,  3(9)/2019.
  10. Почта алоқасининг асосий кўрсаткичлари. ЎР Давлат статистика қўмитаси [Электрон ресурс]. http://web.stat.uz/open_data/ru/12.3%20Main%20indicators%20of%20mail%20service_rus.pdf

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот
технологиялари университети
“Почта алоқаси технологияси” кафедраси доценти,
и.ф.н. Зухра Маратдаевна Отақўзиева

1 КОММЕНТАРИЙ

Comments are closed.