Инфографика → Дунё бозорида смартфон етказиб бериш кўрсаткичлари

Юқори даражадаги ҳисоблаш ва уланиш имкониятларига эга мобил қурилмалар – смартфонлар 90-йилларнинг охиридаёқ пайдо бўлган эди, аммо 2007 йилда Apple компанияси тақдим этган iPhone сабабли улар оммалашди. Смартфоннинг сенсорли экранда бошқариладиган қулай интерфейси ва виртуал клавиатураси каби хусусиятлари ахборот технологиялари ривожида инқилоб ясади. Андроид тизимида ишлайдиган биринчи аппарат эса 2008 йил охирида истеъмол бозорига чиқарилди.

Ўтган давр мобайнида ушбу қурилмаларни ишлаб чиқариш саноатида катта ўсиш кузатилди. Бозор ҳажми кенгайди, таъминотчилар сони ортиб, маҳсулот ассортименти кенгайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб смартфон етказиб бериш ҳажми 1,48 миллиард донага етиши кутилмоқда.

2021 йилда смартфон ишлаб чиқарувчилари бутун дунё бўйлаб 1,35 миллиард дона аппарат етказиб беришди. Ишлаб чиқарувчилар орасида Samsung етакчилик қилган бўлса (дунё мамлакатларига 272 млн. дона смартфон етказиб берган), Apple компанияси ундан кейинги ўринни эгаллади (235,7 млн.).

Изоҳ:

2012 Other (23.7) = Lenovo
2012 Other (23.7) = Lenovo
2013 Other (45.5) = Lenovo
2014 Other (59.4) = Lenovo
2015 Other = Lenovo (74) ва vivo (38)
2016 Other (99.8) = OPPO
2020 Other (111.2) = OPPO
2021 Other (128.3) = vivo

Коронавирус пандемиясининг авж олиши таъминот занжирининг барча босчиқларида сезиларли кечикишларга олиб келган эди. Пандемия сабаб, 2020 йилнинг биринчи чорагида вендорлар томонидан смартфон етказиб бериш ҳажмлари кескин пасайиб кетди. Йилнинг биринчи чорагида етказиб берилган смартфонларнинг умумий сони 275,8 миллион донага тушиб кетди ва бу рақам 2013 йилнинг иккинчи чорагидан бери кузатилган энг паст кўрсаткич бўлди.

Табиийки, электроника савдо нуқталарининг ёпилиши, танловнинг камайиши ва бошқа турли иқтисодий омиллар якуний фойдаланувчига сотилган смартфонлар миқдорининг камайишига олиб келди. Ниҳоят, 2020 йилнинг сўнгги чорагида келиб, смартфонлар савдоси қайта тиклана бошлади.

Canalys агентлигининг сўнгги ҳисоботига кўра, 2022 йилнинг ўтган даврида дунёдаги ноқулай  вазият ортидан смартфон етказиб бериш ҳажми яна кескин камайган (йилнинг бошида сотув ҳажмининг бирмунча қисқариши одатий ҳолат ҳисобланса-да). Шу сабабли, мобил қурилмаларни етказиб бериш 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11% фоизга пасайган.

Жаҳон бозоридаги аҳволнинг ноаниқлигига қарамасдан, етакчи смартфон таъминотчилари ўз позицияларида собит туришибди. Samsung - бозордаги 24% улуш билан ҳамон етакчи (таққослаш учун, 2021 йилниннг биринчи чорагида улуши 22% бўлган). Иккинчи ўринда Apple бўлиб, у ўз улушини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3% га оширган (15% дан 18%га).

Смартфон етказиб бериш ва ўсиш кўрсаткичлари 
Canalys Preliminary Smartphone Market Pulse: Q1 2022 (дастлабки ҳисоб-китоблар)

Вендор 2021 1-чорагида
бозор улуши 
2022 1-чорагида
бозор улуши 
Samsung 22% 24%
Apple 15% 18%
Xiaomi 14% 13%
OPPO 11% 10%
vivo 10% 8%
бошқалар 28% 27%