СИ соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш 5 млрд. доллардан ошди

Молиялаштириш ўсмоқда, лекин навбатдаги “совун кўпиги” юзага келиши хатари мавжуд

Nikkei нашриёти берган хабарга кўра, сунъий интеллект (СИ) технологиялари соҳасидаги янги лойиҳалар кейинги 5 йил ичидаги ўзининг тарихий энг юксак чўққисига чиқди ва ўтган йилда 5,02 млрд. АҚШ долларига тенг инвестицияларни жалб қилди. Бу маълумотлар CB Insightsнинг яқинда ўтказилган тадқиқотида эълон қилинди.

Таҳлилчилар фикрига кўра, СИ-технологияларнинг кенг қўлланилиши жорий йилда ҳам инвесторлар томондан қизиқиш сақланиб қолиши имконини беради. Умумий олганда, ўтган йилда компаниялар 658 та молиялаштириш раундини ўтказдилар (2015 йилда 493 та раунд бўлганди ва улар 3,12 млрд. доллар маблағ инвестиция қилгандилар).

Шу ҳам қайд этилдики, 2016 йилда “мега-раунд”лар ўсиши кузатилди. Масалан, Техасда жойлашган ва СИ асосида киберхавфсизлик бўйича хизматларини таклиф этувчи америкалик StackPath стартапи 180 млн. доллар олди. Яна бир америкалик компания – Калифорнияда жойлашган, микроорганизмлар яратиш учун атвоматлаштириш технологияларига ихтисослашган Zymergen 130 млн. доллар миқдорида инвестицияларни жалб қилди.

Бунда, инвесторлар истиқболли ишланмаларни фақат АҚШда излаш билан кифояланмаяптилар. Чунончи, мисол тариқасида айтсак, ушбу соҳадаги жами киритилган сармоялар суммасининг 38 фоизи ноамерика СИ-лойиҳаларига тўғри келди (2012 йилда уларнинг улуши 21 фоиз эди). Буюк Британия, Канада, Франция, Исроил, Хитой, Ҳиндистон ва Япониядаги янги лойиҳалар молиялаштирилди.

Қайд этиш керакки, янги СИ-лойиҳаларни молиялаштириш фақат Khosla Ventures ва Andreesen Horowitz каби венчур фондлар томонидан эмас, балки Intel, Google, General Electric каби йирик IT-компаниялар томонидан ҳам амалга оширилмоқда. Бу бозордаги энг кекса иштирокчилардан бири – Microsoft ўтган йил декабрь ойида сунъий интеллект соҳасига инвестицияларни жалб қилиш учун махсус фонд ташкил этди.

CB Insights таҳлилчиси Дипхари Варадаражан (Deepashri Varadharajan) ҳисоблашича, машинали таълим алгоритмлари соҳасидаги янги ютуқлар СИ технологиялари қўлланилишининг кенгайишига туртки беради ва яқин келажакда маблағлар оқими фақат кенгаяди.

Бироқ, СИ соҳасида кузатилган иккита инқироз ёрилган “совун кўпиги” сценарийсини такрорлаши мумкин, деган хавф мавжуд, ўшанда инвесторларнинг бу каби лойиҳаларга қизиқишлари кескин пасайганлиги кузатилганди. Facebookнинг сунъий интеллект ишлаб чиқиш бўлинмаси директори ва чуқур ўрганиш борасидаги мутахассис Ян Лекун (Yann LeCun) фикрига кўра, “баъзи компаниялар ўзларининг капитални жалб қилиш борасидаги қобилиятларига ортиқча баҳо берадилар ва бу мана шундай натижаларга олиб келади”.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ