Зарарли медиаконтент ва унга қарши кураш

Бутун дунёда оммавий маданият тобора кенг қулоч отиб, ўз бузғунчи ғоялари ва ахлоқсиз меъёрларини барча мамлакатларга тиқиштириб келаётган бир пайтда, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ўз фуқароларининг ахборот ва интеллектуал эҳтиёжларини қондириш, вояга етмаганларни ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодда ахборот-ғоявий соҳадаги чақириқ ва таҳдидларга нисбатан иммунитетни шаклантириш ва шу каби бошқа масалаларни ҳал қилиш борасида тегишли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, жорий  йилнинг август ойида шу йўналишда қабул қилинган навбатдаги иккита муҳим ҳужжат шулар жумласидандир.

Буларнинг биринчиси, 2017 йил 8 сентярбда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни бўлса, иккинчи ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 августдаги 625-сон “Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридир.

Мақоламизни шахснинг ахборот хавфсизлигига бағишлар эканмиз, инсонга ахборот қандай таъсир қилиши, ахборотнинг яхшисини ёмонидан ажратиш ва тўпланган ахборотлардан шахснинг шаклланадиган дунёқараши ҳақида сўз юритишни лозим топдик.

Инсон ўз қарорларини қабул қилиши ва ҳаракатларини амалга оширишида ҳар доим ўз дунёқарашидан келиб чиқади. У атрофдаги оламни қандай тасаввур қилиши, унинг хулқига таъсир қилади. Агар оламни шафқатсиз ва ундаги одамларни ёвуз деб билсак – шунга мувофиқ тарзда улар билан муоамала қиламиз ва худди шундай жавоб оламиз. Оламни гўзал ва мусаффо маскан деб билсак, доим юзда табассум билан юрамиз. Шунинг учун вазиятни имкон қадар ҳам салбий, ҳам ижобий томонларини ҳисобга олиган ҳолда доим ижобий кайфиятда бўлиш лозим.

Биз ҳаётимизда содир этадиган кўплаб ҳаракатларимизни онгли равишда эмас, балки автоматик тарзда бажарамиз. Бундай ҳолатларда, биз аллақачон шаклланиб улгурган стереотиплар ва ахлоқ моделларига таянадиган ост онг томонидан бошқариб, одатий ахлоқий дастурларни ишлатган ҳолда ҳаракатланамиз.

Атрофдаги олам тўғрисидаги тасаввурлар ташқаридан келадиган ахборотлар таъсири остида шаклланади. Ушбу ахборотга инсон миясида ишлов берилади ва дунёқараш манзарасида ўз ўрнини эгаллаган ҳолда сақлаб қўйилади. Бунда ушбу жараён механикасини яхшироқ тушуниш учун инсон психикасини ўзаро боғлиқ бўлган онг ва ост онгдан таркиб топган икки босқичли ахборот тизими сифатида тасаввур қилиш мумкин, бунда остонг визуал тасвирлар, матнлар, овозлар ва бошқалар каби катта ҳажмдаги турли маълумотларни бошқарувчи кучли компьютер аналоги ҳисобланади. Онгнинг эса ахборотларга ишлов бериш борасида имконияти камроқ ва у бир вақтнинг ўзида кам миқдордаги объектларни қамраб ололади.

Айни пайтда онг ахборотларни киритиш ва чиқариш интерфейсининг ўзига хос аналоги бўлиб хизмат қилади. Бироқ биз қабул қилаётган ахборотларнинг ҳаммасини ҳам тўғри ёки фойдали деб бўлмайди. Ахборот инсонлар онгига таъсир қилар экан, ахборотни тарқатиш жараёнини,  жамиятни бошқариш жараёни сифатида кўриб чиқиш лозим. Ушбу жараён ҳам тузилмавий, ҳам тузилмасиз характерга эга бўлиши мумкин.

Тузилмавий бошқарув ҳудди ҳарбий қўшинлардагидек бўлади. Армия ёки шу каби иерархияга эга бўлган бошқа тизим – шу йўл билан ахборот жараёнлари кечадиган ва юқоридан қўйилган вазифалар бажариладиган тизим ҳисобланади.

Бироқ тузилмасиз тарзда ҳам бошқариш мумкин. Бунинг учун объектнинг атрофида шундай ахборот муҳити шакллантириладики, натижада объект буюртмачига керак бўлган тарзда ҳаракатланади. Бунга оддий мисол реклама ҳисобланади. У ҳеч кимга тўғридан-тўғри “бориб у ёки бу нарсани сотиб ол” деб айтмайди, у бошқача иш тутади: яъни молга жозибадор кўриниш беради ва томошабинда янги эҳтиёж шакллантиришга ҳаракат қилади, бунга жавобан мол харид қилинади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, нафақат предметларни, балки ахлоқ моделлари, ғоялар, ҳаётга қараш, қадр-қиймат ва бошқа нарсаларни ҳам реклама қилиш ва тузилмасиз усул билан жамиятга сингдириб бориш мумкин. Оқибатда, қандайдир ғояларни тузилмасиз усул билан мақсадли ва тизимли равишда тарғибот қилиб бориш – бу “пропаганда” деб ҳисобланади, ва у билан ҳеч қандай истисносиз барча оммавий ахборот воситалари шуғулланади, гарчи мухбирларнинг аксарияти буни англамаса ҳам.

Ахборот билан захарлаш аста-секинлик билан ва сезиларсиз амалга оширилади. Ўша рекламанинг ўзи, қарор қабул қилиши учун одамларга жуда кўп марталаб кўрсатилиши зарур. Ҳудди шундай самарага ахлоқ моделларини сингдириш борасида телевидение ҳам эга бўлади. Яъни, алоҳида шахсга хос бўлган хусусиятларга боғлиқ бўлган ҳолда секин-асталик билан одамларнинг онгига кириб ўрнашиб олади, чунки телевидение кенг омма билан иш олиб боради. Уни шахсан сиз қизиқтирмайсиз, уни бутун жамиятга таъсир ўтказиш қизиқтиради.

Танқидий тафаккур ёрдамида сизга тиқиштирмоқчи бўлишаётган диструктив кўрсатувларни блоклаб қўйишингиз ва ўзингизни маънавий инқирозга етакловчи контентдан сақлашингиз мумкин. Бироқ, сизнинг таниқидий қабул қилиш фильтрларингиз доимий равишда фаол ҳолатда бўлиши зарур, шуни яхшилаб эслаб қолиш керакки, ҳеч қандай маълумот изсиз ўтиб кетмайди ва ҳар доим одамга қандайдир йўл билан ўз таъсирини ўтказади.

Ахборот – озуқадир. Буни яхшироқ англаш учун фильм, сериал, кўрсатув ёки бошқа медиамаҳсулотни кўриш жараёнини озуқа истеъмол қилиш жараёни билан таққослаш мумкин. Озуқаланиш одам соғлиғига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири эканлиги ҳеч кимда

шубҳа туғдирмайди. Унинг таъсири кўзга тез ташланмайди – битта гамбургер бизга катта зарар етказмайди, бироқ фастфудни ҳар кунлик рационимизга киритсак, касал ўзини кўп куттирмайди.

Одам истеъмол қилаётган ахборот билан бўлган ҳолатда мутлақо шунга ўхшаш принцип кузатилади. Агар озуқа жисмоний соғлиғимизга таъсир кўрсатса, ахборот ўз ўрнида тўғридан-тўғри психик ва руҳий ҳолатимизга таъсир қилади.

Айни пайтда ғарб мамлакатларининг аксариятида телеканаллардан оммавий маданият шиддат билан тарғибот қилинмоқда. Мисол келтириш учун узоққа бормасдан, Россиянинг ТНТ ва унга изма-из қадам босаётган СТС каналлари ҳамда шуларга ўхшаш кўнгилочар телеканалларнинг маҳсулотини олсак. Булар заҳарланган озуқа бўлиб, сизни маънавий жиҳатдан емириб борадиган ва секин-асталик билан одам сонидан чиқариб ташлайдиган ўша “гамбургерлар”дир, ёшлар ва болалар билан бўлган ҳолатда эса – ҳаётини бошиданоқ улар тўлақонли инсон бўлиб шаклланишини “блок”лаб қўяди. Қабиҳлик, бузуқлик, беўхшов ҳазиллар, орсизлик ва аҳмоқликнинг мўллиги – бу озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган таъмни кучайтиргичларга ўхшаш нарсалар. Жамият вақтичоғлик қилаяпман деб ўйлайди, бироқ аслида эса у айни пайтда программалаштирилаётган бўлади.

Телевидение томонидан алкоголь қайси схема бўйича илгари сурилаётган бўлса, ҳудди шу тарзда ахлоқнинг зарарли моделлари ҳам илгари сурилади. Хусусан, замонавий телевидение томонидан беадаблик, сурбетлик, худбинлик, пулга муккасидан кетиш, аҳмоқ ва енгилтак аёл бўлиш, алкоголь ва тамакининг тарғиботи ҳамда бошқа бузилган ахлоқий меъёрлар шакллантирилиб борилмоқда. Телевизор шунчалик ёмон экан, ундан воз кечиб ўзимизнинг ахборот хавфсизлигимизни узил-кесил ҳал қилиб қўя қолсак бўлмайдими, деган фикр ҳам пайдо бўлади. Бироқ бу билан барча муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Масаланинг моҳияти телевизорни уйдан чиқариб ташлашда эмас, балки, биринчидан, яхшини ёмондан ажрата олишда. Бунинг учун эса ахборотни инсонга таъсири ҳақида билиш ва айни медиаконтент қайси реал мақсадлар сари йўналтирилганлигини аниқлай олишда бўлса, иккинчидан, ёмонни олиб ташлашни хоҳлаш зарур. Бу худди алкоголь ва тамакидан воз кечишга ўхшаш, гўёки қийин эмасдек, шунчаки уларни сотиб олишни ва ўзингизни заҳарлашни тўхтатгандексиз, ҳеч ким мажбурламаяптику, бироқ амалиёт ана шу “хоҳлаш” осонлик билан бўлмаслигини кўрсатмоқда. Муаммо шундаки, одам миясида аллақачон ўша телевизор орқали ахборотни қабул қилиш моделлари ва ахлоқ программалари шаклланиб бўлган ва уларни ўзгартириш вақт ва ўз устида ишлашни талаб қилади. Ўзингизга яқин ва қондошдек бўлиб қолган, бироқ уларнинг ҳаётингизга кўрсатаётган таъсири ҳақида сиз аслида ўйлаб кўрмаган одатий ахборот блокларини қайтадан кўриб чиқиб, уларга қайтадан баҳо бериш зарур.

Хулоса ўрнида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, ҳозирги шиддат билан кечаётган интеграция ва глобаллашув жараёнлари пайтида маънавиятимизни ва ўзлигимизни сақлаб қолишимиз мақсадида ўз вақтимизни зарарли медиаконтентларга сарфлашни тўхтатишимиз,  дунёқарашимизни ахборотлар ахлатидан тозлашимиз ва онгли равишда ҳаёт кечиришга ўтишимиз зарур.