Ўзбекистон Республикаси делегацияси Корея Республикасининг Сеул шаҳрида 31 октябрдан 3 ноябргача давом этган «Электрон ҳукумат» бўйича глобал форумда иштирок этди.
Форум Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги (MOIS) ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокамасига бағишланди.
Расмий ташриф давомида бир қатор учрашувлар ўтказилиб, турли йўналишлар бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари жаноб Шим Бо-Гюн билан «Электрон ҳукумат»ни ривожлантириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Корейс томони Ўзбекистонда электрон ҳукумат ва ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар самарали кечаётгани ва бунинг натижаси халқаро рейтингларда ижобий акс этаётганини таъкидлади.
Айнан шу жиҳат Ўзбекистон делегациясининг «Электрон ҳукумат» бўйича глобал форумга маъруза билан иштирок этиш учун таклиф этилишига сабаб бўлди. Ўзбекистон тажрибаси бошқа ривожланаётган мамлакатларга «Электрон ҳукумат» сиёсатининг самарали амалга ошириш намунаси сифатида кўрсатилди.
Шунингдек, ташриф давомида Ахборот жамияти миллий агентлиги (NIA) президенти жаноб Со Бёнг-Жо билан расмий учрашув ўтказилди. Унда NIA агентлигининг Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ўзбекистон IT-бозорининг экспорт салоҳияти, «Электрон ҳукумат»ни қўллаб-қувватлаш, янги технологиялар, жумладан, йирик маълумотлар (Big Data) ва нарсалар Интернети (IoT)ни қўллаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш йўллари муҳокама қилинди.
Сеул шаҳри ҳокимлигининг ахборотлаштириш ва ақлли технологиялар бошқармаси бошлиғи жаноб Чёнг Хён-Чай билан кечкан учрашувда эса пойтахт бошқаруви фаолиятида замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш тажрибаси ўрганилди. Хусусан, Сеулнинг видеокузатув тизими билан танишиш жараёнида, ушбу тизим пойтахтнинг 2700дан ортиқ жамоат жойларини (сайёҳлик масканлари, кутубхоналар, истироҳат боғлари ва ҳоказо) кузатиш имконини берувчи 40 мингдан ортиқ видеокамералардан иборат 25 марказни ўз ичига олиши маълум бўлди. Аҳоли билан доимий ва тезкор мулоқотни таъминлаш мақсадида эса Интернет (Eungdapso), мобил илова ва чақирув марказлари кўмагида фуқаролар шикоятларини қабул қилиш ва қайта ишлаш ахборот тизими ташкил этилган.
Шунингдек, 2017 йилнинг июнь ойида Сеул шаҳри ҳокимлигида пойтахт бошқарувининг интеллектуал платформаси яратилди. Унинг кўмагида жамоат хавфсизлиги, шаҳарсозлик лойиҳалари, йўллардаги тирбандликлар, сув сифати ва бошқа ҳолатларни реал вақт тартибида кузатиш мумкин. Айни пайтда мазкур платформа 167 ахборот тизими ва пойтахтнинг асосий жамоат жойларидаги 800 видеокамерани бирлаштирган. Пойтахт маъмурияти 2018 йилнинг бошларида интеллектуал платформа маълумотларини умумий фойдаланишга очиқ қилиб қўйишни режалаштирмоқда.
АКТ вазирлиги делегациясининг Корея Республикасига расмий ташрифи натижаларига кўра, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси, электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида Корея тажрибасини ўрганиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги инвестиция салоҳияти ҳамда «Mirzo Ulugbek Innovation Center» фаолияти ҳақида Корея IT-компаниялари ва ташкилотларига ахборот материалларини тарқатиш масаласи ҳам ҳал қилинди.