Контентни етказиб бериш: SMS дан ботларга қадар

Одамлар борган сари кўпроқ ҳажмдаги контентни жамлаб, истеъмол қилмоқдалар. Инсоният яратаётган рақамли контент ҳар йили 60 фоизга ўсиб бормоқда. Ахборотни истеъмолчига яқинроқ етказиб бериш замонавий телекоммуникацияларнинг асосий вазифасига айланмоқда, чунки контент одатда “шу ерда ва шу лаҳзада” керак бўлади.

Ўзбекистонда мобил телефонларга контент етказиб бериш билан биринчи бўлиб уяли алоқа операторлари 2000- йиллар бошларида шуғуллана бошладилар. “хххх рақамига SMS йўлла ва об-ҳаво маълумотига эга бўл” қабилидаги сервислар кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу ҳолатда контент ташувчи ҳам, тўлов воситаси ҳам SMS бўлганди – маблағ ҳисобдан ечиларди ва муайян рақамдан SMS (кирувчи ёки чиқувчи) тарификация қилинарди. Бунда бир рақамда турли қийматдаги сервислардан фойдаланиш имконсиз эди – SMS нархи операторнинг биллингида белгилаб қўйиларди.

Бу канал контент провайдерининг истеъмолчи билан яқинроқ алоқада бўлишига ҳам йўл қўймасди. Илгарилатишнинг асосий воситаси – тарқатмаларни бошқариш операторнинг қўлида эди. Лекин унда мазкур тарқатмаларни улар ҳақиқатан керак бўлганларгагина юбориш учун етарли маълумотлар йўқ эди. Ёппасига тарқатма абонентларнинг ғашига тегар, чунки улар ўзларини мутлақо қизиқтирмайдиган SMS олардилар. Тарқатмани камроқ кўламда амалга оширишга жавоб ҳаракатларнинг камлиги ҳалақит қиларди (бунга релевантлик пастлиги сабаб бўларди), у фақат юз миллионлаб абонентлар қамраб олинганда сезиларли самара берарди. Натижада бундай тарқатма жуда қимматга тушарди. Бу эса, ишлаб чиқарувчини контентни бошқа усуллар: флаерлар, телереклама, ўз веб-сайтларида илгари суриш орқали оммалаштиришга ундарди. Лекин контент сотиб олиш – импульсив ҳаракат, ҳар қандай қўшимча қадам харидорлар сонини 2-3 баробарга камайтирарди.

Бундан ташқари, SMS форматининг ўзи (лотин графикасида 160 та, кириллицада 70 та белги, графика йўқлиги ва бошқа кўплаб чекловлар) об-ҳаво маълумоти, мунажжимлар башорати ва анекдотларга қараганда ҳажмлироқ нарса тақдим этиш имконини бермасди.

Мобил интернет ва смартфонлар юзага келгач, қизиқарлироқ мультимедиали контент етказиш имконияти пайдо бўлди, лекин бир лаҳзада тўлаш воситалари ҳали шаклланмаган эди. Бунда SMS-сервислар оқими бутунлай йўққа чиқди, чунки абонентлар тасаввурида у спам ва мажбурий обуна билан уйғунликда кўринарди. Жон сақлаб қолган ва даромад келтиришда давом этаётган ягона сервис – бу об-ҳаво маълумоти, у исталган смартфонда шундай вижет мавжудлигига қарамай, ўз мақомини туширмай келмоқда.

Контент дастлаб веб-сайтларга, кейин мобил иловаларга кўчиб ўтди, лекин уни “шу ерда ва шу лаҳзада” сотиб олишнинг янги воситалари ҳануз пайдо бўлмади. Нари борса, контентни мобил телефон орқали истеъмол қилиш, лекин тўловни бошқа канал – ё SMS орқали, ёки, умуман, офлайн тарзда амалга оширишга тўғри келарди. 5-6 йил олдин ойига миллионлаб долларни ташкил этган контент бозори ўнлаб мартага қисқариб кетди.

Ўтган йилнинг асосий воқеаси ботларнинг ғолибона кириб келиши бўлди. Улар одатий бўлиб қолган мессенжерларни буткул ўзгартириб юборди, уларни коммуникацияларнинг суперзамонавий воситасига айлантирди. Бизнес буни дарҳол ҳис этди ва ундан фойдалана бошлади.

Ўзбекистонда мессенжерлар орасида Telegram энг кенг тарқалган. Бугунги кунда ушбу мессенжерда бот яратиш ўз истеъмолчилари билан бевосита алоқада бўлишни истаган ҳар қандай бизнес учун мажбурий тус олди. Контент учун Telegramнинг нимаси яхши? Аввало, у мамлакатдаги смартфонларнинг мутлақ кўпчилигида ўрнатилган. Телефонингизнинг контактлар рўйхатига қаранг, бу мессенжерга уланмаган танишлар кўп чиқармикан? Бу эса, контентдан фойдаланиш учун истеъмолчини қўшимча илова ўрнатишга ёки махсус сайтга киришга ишонтириш шарт эмаслигини англатади.

Telegram кўпбосқичли меню яратиш, уларни ҳар бир хабарга тиркаш ёки, умуман, табиий тилда мулоқот олиб бориш имконини беради. Бу мессенжер ёрдамида графика билан безатилган матнли хабарларни, графика, аудио- ва видеоконтент йўллаш мумкин. Контент ҳажми ва кўринишига ҳеч қандай чекловлар йўқ.

Telegram учун ботлар ишлаб чиқиш жуда осон, бу SMS билан ишлаш учун SMPP протоколида илова ёзишга қараганда анча содда иш. Иловада push-билдиришномаларни амалга оширишга эҳтиёж йўқ – улар Telegramда аллақачон мавжуд. Шу сабабли Telegramдаги Ўзбекистон ботлари иловаларга қараганда бир неча марта кўплиги ҳайратланарли эмас. Лекин, қоидага кўра, улар асосан реклама характерига эга – товар ёки хизмат ҳақида ҳикоя қиладилар, баъзида ҳатто саватга йиғиш имконини берадилар, кейин офлайн тарзда харид қилишга йўллайдилар. Бунинг сабаби – иловадан чиқмай туриб тўловни амалга ошириш имкони йўқлигидир.

Бу муаммо ҳозирга келиб муваффақиятли ҳал этилган. Қандайдир контент учун тўлов олиш керак бўлган лаҳзада API орқали исталган боқша ботни чақира олувчи UzRobot боти ишлаб чиқилди. UzRobot бошқа ботдан харидорнинг телефон рақами, тўлов суммаси ва тўлов мақсади кўрсатилган сўровнома олади, харидор билан боғланади (буларнинг бари Telegramда амалга ошади, қўшимча ҳеч нарсани ўрнатиш, созлаш керак эмас), харидордан тасдиқлаш олгач, тўловни амалга оширади. Шундан кейин чақирувчи ботга тўлов бажарилдими-йўқлиги ҳақида жавоб келади. Бунда бир бот доирасида турли контент турлича қийматга эга бўлиши мумкин. Харидорларнинг турли тоифалари учун контент қийматини турлича қилиш, доимий мижозлар учун чегирмалар бериш мумкин ва ҳ.к. Бот орқали хизматлардан фойдаланувчи харидор билан мулоқотни ҳам тўлиқ ишлаб чиқарувчи бошқаради, у контактлар частотаси ва “тирғалиш” даражасини мустақил белгилайди. Бунда харидорлар манфаатлари ҳам ҳимояланган: агар харидор ботга обунани бекор қилган бўлса, Telegram бот уни бошқа безовта қилмаслигини кафолатлайди.

Бундай хизматдан фойдаланишда пуллар харидорнинг пластик картасидан ечилади ва сотувчининг банкдаги ҳисобрақамига Click тизими орқали келиб тушади. UzRobot хизматлари учун ҳисоб-китоб ойда бир марта, бажарилган ишлар далолатномаси асосида амалга оширилади. Бу бозорга янги контент ишлаб чиқарувчилар киришини соддалаштиради, тўловларни йиғишни UzRobot ботига юклаб, ўзларининг вазифаларини ҳал этиш имконини беради.

UzRobot электрон тўлов тизимларини сиқиб чиқарадими? Йўқ, ҳеч қачон. У уларнинг ўрнини босмайди, балки тўлов тизими ва ботлар олами ўртасидаги интерфейс вазифасини ўтайди.

Шунда махфий ахборот ҳимояланганлиги масаласи юзага чиқади. Бот орқали тўлашда шахсий маълумотлар хавфсизлиги у ўз ишида асосланадиган электрон тўлов тизимларидагига қараганда асло кам эмас. Ўзингиз контент сотувчисига хабар қилганингиз телефон рақамидан ташқари, бот мижознинг ҳеч қандай шахсий маълумотини билмайди, сўрамайди ва қайта ишламайди. Картангизнинг рақами, амал қилиш муддати, соҳибининг фамилияси, жорий қолдиқ каби маълумотлар пул жўнатиш учун тўлов тизими мурожаат қиладиган банкда сақланади.

Бундай ботдан нафақат “виртуал” товар ва хизматлар сотувчилари, балки, манзилга етказиб бериш орқали, реал товарлар сотувчилар ҳам фойдаланишлари мумкин. Масалан, яқин келажакда Тошкентдаги пиццериялардан бири UzRobot орқали тўлов асосида уйга пицца буюртириш хизматини жорий этади.

Азиз Раҳимов, телеком-маслаҳатчи