Симсиз. Қиммат. Йўқолишга мойил

Бир ҳафта олдин Slice Intelligence аналитика компанияси шундай хабар берди: 2016 йил декабрида Америка симсиз қулоқчин (наушник)лар бозоридаги барча сотувларнинг 26 фоизи Apple AirPodsга тўғри келган.

Бироқ, бошқа аналитика компанияси вакили – NPD Group ижрочи директори ва тармоқ таҳлилчиси Бен Арнольд (Ben Arnold) бу рақамлар симсиз қулоқчинлар бозорининг тўлиқ манзарасини намойиш этмаслигини ва NPD Groupнинг ўтган йил декабридаги кўрсаткичларига мувофиқ келмаслигини эълон қилди. 4,2 млн. нафар интернет-харидорларнинг электрон почта орқали харидлари натижалари бўйича савдо даражасини таҳлил қилувчи Slice Intelligenceдан фарқли ўлароқ, NPD статистикаси чакана ва онлайн дўконлар, жумладан Amazonдаги сотувлар асосида юритилади.

Бундан ташқари, баҳолаш жараёнида Slice Intelligence фақат 13-31 декабрь оралиғидаги муддатни қайд этган, NPD Group ҳисоботи эса бутун декабрь ойидаги сотувлар тўғрисидаги ахборотни қамраб олади. NPD Group берган маълумотларга кўра, “купертинлик”лар декабрда, миқдор бўйича, бозорнинг фақат 2 фоизига, олинган даромад бўйича эса (АҚШ долларида), 3 фоизига эгалик қилганлар. Етакчиликни эса Beats бренди остидаги маҳсулот ўзида сақлаб қолди – унинг сотувлардаги улуши, тегишлича, 25 ва 46 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, Бен Арнольд (Ben Arnold) эълон қилди: “Нима бўлганда ҳам, симсиз қулоқчинлар бозорининг ҳажми ва Apple фақат битта моделни таклиф этаётганлиги инобатга олинса, AirPods дебюти муваффақиятли бўлди”.

Эсга оладиган бўлсак,  AirPods сотуви 2016 йил 13 декабрда, режалаштирилгандан қарийб икки ой кейин бошланганди. Бунчалик узоқ чўзилишни Apple қулоқчинларни такомилга етказиш зарурияти билан изоҳлаганди. Уларнинг АҚШдаги нархи 159,00 доллар бўлди. Аввалроқ Apple раҳбари Тим Кук (Tim Cook) AirPods ҳайратланарли муваффақиятга эга, деб баёнот берганди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ