Очиқ дастурий маҳсулотларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Корея форуми

14-15 август кунлари Тошкент шаҳрида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Корея IT-саноатини ривожлантириш миллий агентлиги (NIPA) ҳамкорлигида “Очиқ дастурий маҳсулотларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Корея форуми” ташкил этилди. Анжуманда агентлик вице-президенти Ким Те Юл ҳам иштирок этди.

Иккинчи йил ташкил этилган Форум Корея Республикасининг «Электрон ҳукумат» тизимида, жамиятни ахборотлаштиришда эркин ва очиқ дастурий таъминот маҳсулотларидан фойдаланиш бўйича тажрибасини ўрганиш ҳамда маҳаллий дастурий таъминот бозорини ривожлантиришга кўмак бериш мақсадида ўтказилди.

Анжуманни ташкил этишда Корея Ахборотлашган жамият бўйича Миллий агентлиги (NIA), Кореянинг ҳудудларида ахборотлаштиришни тадқиқ ва ривожлантириш институти ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишди. Форум давомида кореялик экспертлар, профессор-ўқитувчилар, дастурий таъминот яратувчи нуфузли компания раҳбарлари эркин ва очиқ дастурий таъминот яратишга оид миллий тажрибага оид тақдимотлар билан қатнашдилар.

Жумладан, бугун дастурий таъминот саноатининг муҳим ривожланиш йўналишларидан бири бўлган “салмоқли маълумот» тизимларида очиқ кодли дастурий таъминот воситаларидан фойдаланиш, Кореянинг очиқ кодли дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқаришдаги тажрибаси, Кореяда ўз-ўзини бошқариш ҳамда «электрон ҳукумат» тизимида очиқ дастурлардан фойдаланиш каби маърузалар бу йўналишда истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишда муҳим тажриба бўлди.

Айниқса, Кореянинг нуфузли Bridgesoft, INC компанияси бош директори Ким Нам Гюннинг аҳоли мурожаатлари ва шикоятларини қайта ишлаш жараёнига «салмоқли маълумот» тизимларини жорий қилиш мавзусидаги тақдимоти иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Форумда сўз олганлар Ўзбекистонда АКТни ривожлантиришга юқори эътибор қаратилаётгани, мамлакат раҳбарияти истиқболда барқарор миллий иқтисодиётга жамият ҳаётининг турли жабҳалари ва иқтисодиёт соҳаларига рақамли технологияларни жорий этмасдан туриб эришиб бўлмаслигини белгилаб берганини қайд этишди. Жумладан, анжуманда 2017 йилнинг 30 июнида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакат дастурий таъминот саноатида янги даврни бошлаб бергани қайд этилди.

Фармонга кўра, АКТдан фойдаланишга фойдаланишга асосланган иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш ва фаол ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачиларга қўшимча имтиёзлар ва префернциялар бериш ҳисобига ушбу тармоқда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг и нтеграциялашувини янада чуқурлаштириш, АКТ маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, шунингдек маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш чоралари ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон томонидан форум ишида вазирлик ва идоралар, академик ва бизнес доиралар, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар иштирок этдилар. Тадбир давомида форум иштирокчилари очиқ кодли дастурларни жамият ривожида қўллаш ва бу бўйича халқаро тажриба, тенденцияни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, иштирокчилар автоматлашган, «ақлли» тизимларда эркин ва очиқ кодли программаларнинг татбиқ этилиши, бу борада кореялик компаниялар тажрибаси тўғрисида маълумотга эга бўлдилар. Корея вакиллари Ўзбекистонда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик тизимини ташкил этишда эркин дастурий таъминот маҳсулотларни жорий этишнинг самарасига бағишланган амалий ечим ва таклифлар билан чиқиш қилдилар.

EODT – дастурий таъминот тури бўлиб, ундан фойдаланиш учун уни эркин кўчириб олиш ва зарур ҳолатда унинг кодига ўзгартиришлар киритиб, такомиллаштирган ҳолда, турли ахборот тизимларида жорий қилиш мумкин.