Мобил алоқа: муаммо ва ечимлар

Бугун Халқаро Пресс-клубда «Ўзбекистонда мобил алоқа: муаммо ва ечимлар» мавзусида навбатдаги сессия ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вазири в.б. Ш. Шерматов, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачи С. Саидалиев ва мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган мобил операторлар вакиллари иштирок этдилар.

Биламизки, мобил алоқа сифати бевосита мобил алоқа база станцияларининг сони ва уларнинг жойлашувига боғлиқ. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вазири в.б. Ш. Шерматов мамлакатимиздаги мобил алоқа база станцияларининг умумий сони бўйича рақамларни келтирар экан, ушбу йўналишда дуч келинадиган муаммолар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

– Шу йилнинг охирига қадар мамлакатимиз бўйлаб 1843 та база станцияларини ўрнатиш кўзда тутилган, – дейди Ш. Шерматов. – Лекин бугунги кунда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларга тўсқинлик қиладиган баъзи бир омиллар юзага чиқмоқда. Масалан, айрим фуқароларимизнинг Президент виртуал қабулхонасига йўналтирилган шикоят ва аризаларини ўрганиб чиқиш жараёнида фуқароларнинг база станциялари ва антенналарнинг зарари тўғрисида тасдиқланмаган маълумотлардан фойдаланаётганига дуч келиш мумкин. Хусусан, Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролардан бири виртуал қабулхонага жўнатган аризасида яшаш жойининг яқинида ўрнатилган антенналарнинг унга етказиши мумкин бўлган зарари ҳақида савол берган. Шунингдек ўз аризасида «радиация» терминини қўллаган. Фуқароларга шуни етказиш керакки, алоқа антенналаридан тарқаладиган электромагнит нурланишнинг радиоактив нурланишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мобил телефондан тарқаладиган электромагнит нурланиш ҳажми ушбу гаджетнинг антенналардан қанчалик йироқдалигига боғлиқ. Яъни, антенналар яқинроқда жойлашган бўлса, алоқа сифати ҳам яхши бўлади ва бу ўз-ўзидан телефоннинг камроқ электромагнит нурланиш тарқатишига олиб келади. Умуман олганда, юртимизда электромагнит энергия қуввати зичлиги дунёдаги энг паст кўрсаткичлар қаторида 1 кв.см.га 2,5 мкВт.дан ошмаслиги зарур. Мисол учун Исроил давлатида ушбу кўрасткич 400 мкВт.ни ташкил этади. Биздаги чекловнинг замирида электромагнит энергия қуввати аҳоли саломатлигига зарар етказиши эҳтимолини камайтириш ётади, – деди Ш. Шерматов.

Технологияларнинг жадал ривожланиши мобил алоқа хизматларига бўлган эҳтиёжни тобора ортиб боришини тақозо этмоқда. Халқаро электроалоқа иттифоқи 1 август куни жаҳондаги мобил интернет фойдаланувчилари сони бўйича ўз статистик маълумотларини эълон қилди. Рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар йили фойдаланувчилар сони 20 фоизга ошиб бормоқда ва 2017 йил охирига қадар жаҳондаги мобил интернет фойдаланувчилари сони 4,3 млрд.га етади.

Хусусан, Ўзбекистонда 2015 йилда мобил алоқа фойдаланувчилари сони 20 млн.дан ошган, шу йилнинг ўзида интернет фойдаланувчиларининг сони 10,2 млн.ни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда деярли 15 млн.га етди. Ҳозирда мобил алоқадан нафақат сўзлашув учун, балки маълумотлар алмашиш, интернет, онлайн тўлов терминалларини ишлатиш ва бошқа қатор хизматлардан фойдаланиш учун ҳам фойдаланилади. Ушбу хизмат турларидан барча аҳоли пунктларида, айниқса олис қишлоқларда ҳам муаммосиз фойдаланиш учун мобил алоқа база станциялар сонини ўрнатилган тартибда, қонуний меъёрлар асосида ошириш лозим.