“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнига инновацион ёндашув

Мамлакатимизда ўтказилаётган демократик бозор ислоҳотларининг ва Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг диққат марказида турган энг муҳим устувор вазифалардан бири – миллий иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш саналади. Жумладан, “..миллий иқтисодиётнинг таркибида саноат улушини кўпайтириш, юқори технологияли саноат ва қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантириш, саноатни янада модернизация ва диверсификация қилиш, ҳар бир ҳудуднинг саноат салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, янги саноат корхоналари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш” деб кўрсатилган.  

Дарҳақиқат, Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги  ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз деб жуда тўғри таъкидлаб ўтганлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ислоҳотлар концепциясига асосан, мамлакатимизда интеллектуал ва технологик салоҳиятни оширишнинг узоқ муддатли сценарийларида асосий йўналиш – инновацияларни ривожлантириш, корхоналарда инновацион фаолият билан фаол шуғулланишни рағбатлантириш кўрсатиб ўтилган. Бу иқтисодиётнинг устувор соҳа ва тармоқларида инновацион ривожлантиришнинг янги моделларини шакллантириш имкониятини беради.

Инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, саноат корхоналарида илм-фан ютуқлари, илғор технологияларни жорий этишга қаратилаётган доимий эътибор мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини юксалишига хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида илм-фан ва ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги кооперацион алоқаларни мустаҳкамлайди.

Инновацион технологияларга асосланган, энергиятежамкор, чиқиндисиз, экологик тоза ва хавфсиз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулот етказиб беришнинг асоси саналади.

Бугунги глобаллашув ва миллий иқтисодиётни либераллаштириш шароитида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг инновацион салоҳиятини, хусусан, саноат корхоналарида инновацион салоҳиятни ривожлантириш ва унинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллий хом-ашё ва минерал ресурслар негизида ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Ушбу устувор вазифани адо этиш саноат корхоналари олдига ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, бозор рақобатларига бардош бериш, ўз мижозларини кўпайтириш, шу асосда пировард натижада олинадиган фойдани янада кўпайтиришга, корхоналарда инновацион бошқарув усулларини такомиллаштиришни асосий вазифа қилиб қўймоқда.

Шу сабабли биз ушбу мақоламизда инновацион салоҳиятнинг айрим назарий жиҳатларини кўриб ўтамиз.

Ҳозирги кун бозор иқтисодиёти шароитида саноат корхоналарида инновацион салоҳият самарадорлигини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, корхоналарда инновацион салоҳиятни баҳолашда қуйидаги кўрсаткичлардан фойдаланиш мумкин:

  • илмий-техник салоҳият (илмий даражага эга ходимлар сони, бир ходимга тўғри келадиган рационализаторлик таклифлар сони, патентлар сони ва бошқалар);
  • коммерциализация кўрсаткичлари (ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмида янги ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг улуши; лицензия шартномалари сони ва бошқалар);
  • бажарилаётган ишларнинг давомийлиги (инновацион даврнинг катталиги);
  • инновациянинг бошқарилаётган тизими тавсифи (корхонада инновацион фаолиятни рағбатлантириш шакллари, инновацион лойиҳаларни амалга оширишда юқори даражадаги раҳбарларнинг қатнашиши, инновацион фаолиятларда иштирок этаётганларга эркинликнинг таъминланиш даражаси).

Шундай қилиб илмий, илмий-техник ва инновацион салоҳиятлар ягона инновацион циклнинг ўзаро боғлиқ ва бир-бирларини тўлдирувчи таркибий қисмлари ҳисобланади: ғоя пайдо бўлиши – фундаментал тадқиқотлар – амалий тадқиқотлар – тажрибали конструктор ва техник ишланмалар – тажриба намунаси – саноат синовлари – ишлаб чиқаришда ўзлаштириш – серияли ишлаб чиқариш – тижоратлаштириш – маҳсулотни амалда қўллаш (машина, асбоб-ускуна, технологиялар).

Фикримизча, инновацион салоҳият – корхона ёки ташкилотнинг ёхуд умуман олганда қайси тармоқ, соҳада фаолият кўрсатишидан, мулкчилик шаклидан, ташкилий-ҳуқуқий мақоми, ўлчамларидан қатъи назар исталган бир хўжалик юритувчи субъектнинг янги ишланмаларни ишлаб чиқиш, кашфиётлар ёки ихтироларни, фойдали моделларни яратиш, уларни жорий фаолиятида самарали қўллаш бўйича мавжуд барча интеллектуал, молиявий, кадрлар, ахборот, моддий-техник ва бошқа ресурслари ҳамда имкониятлари йиғиндисидир.

Ҳар қандай тизимнинг инновация фаолияти унинг рентабеллигини, ривожланишини юқори суръатларда амалга ошишини ва рақобатбардош лигини таъминловчи асосий йўлларидан бири ҳисобланади.

Алоҳида субъектларнинг инновацион фаолияти инновация ҳаётий циклини бешта кенгайтирилган босқичларини ўз ичига олади: 1) илмий тадқиқот ишлари; 2) тажриба конструкторлик ишлари;

3) инновацияларни ишлаб чиқариш; 4) инновацияларни эксплуатация қилиш; 5) инновацияларни рутинизация қилиш.

Бундан кўринадики, инновацион фаоллик иқтисодиёт тараққиёти ва корхона фаолиятининг таянчи, унинг моҳияти ҳисобланади. Бозор иқтисодиёти шароитида янгилик излашга мойил, рақобатли курашда муваффақиятга эришиш, инновацион салоҳиятни оширишга, корхона истиқболини олдиндан кўра оладиган корхона ёки ташкилот раҳбари эга бўла олади. Бу кучли рақобат шароитларида корхона фаолиятини узвийлиги ва узлуксиз яшовчанлик эҳтиёжларини таъминлаш учун имконият яратади.

Лазизжон Рўзиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академияси 2-курс магистратура тингловчиси