Ҳар йили мунтазам равишда ўтказиладиган халқаро CES техно-кўргазмасида технология соҳасидаги йирик компаниялар ўзлари яратган энг сўнгги ишланмаларни намойиш қиладилар. Жорий йилнинг январ ойида Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги тақдимотда ҳам одамлар ҳаётини сезиларли даражада ўзгартириб юбориши кутилаётган бир қатор гаджетлар ва технологиялар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Кутилмаган совғаларга бой бўлган мазкур кўргазмада технологиялар соҳасида қандай ютуқларга эришилгани, йил давомида бизни нималар кутаётгани ҳақида оз бўлса-да тасаввур уйғотиш учун ICTNEWS қуйида келтирилган ТОП-10талик рўйхатини тузиб чиқди. Демак, бошладик!

1. Эгилувчан смартфон

Бир неча йилдан буён Samsung, Lenovo ва LG каби йирик компаниялар ўз мижозларига эгилувчан смартфонларни ваъда қилиб келаётган бир пайда унчалик таниқли бўлмаган Royole компанияси CES 2019 кўргазмаси меҳмонларига биринчилардан бўлиб тўлиқ фунцияли эгилувчан смартфон – FlexPai ни намойиш қилди. Аллақачон сотувга чиқарилган смартфон Android 9 тизимида ишлайди ва яхшигина техник хусусиятларга эга. Шундай бўлса-да экспертлар унинг истеъмолчилар талабини тўла қондира олишига шубҳа билан қарамоқдалар.

2. Эгилувчан дисплейли телевизорлар

2019 йилнинг асосий мавзусига айланган эгилувчан экранлар технологиясидан телевизорлар ҳам четда қолмади. LG компанияси яратган ўрама механизмли LG Signature OLED TV R телевизори бу борадаги дастлабки акс садо бўлиб янгради. Ўзига хос устун шаклига эга бўлган телевизорни кўришдан аввал унинг тугмасини босасиз ва асосдан ингичка экран “ўсиб” чиқади, ўчирганда эса, аксинча, худди мато ўрами каби асосга йиғилади. Бу, ўз навбатида, хонада ортиқча жой эгалланишининг олдини олади.

3. Квант компьютерлари

Яқин ўтмишда худди ҳисоблаш машиналари даврида калькуляторлар билан бўлгани каби квант компьютерлари ҳам ҳеч қачон ушалмайдиган орзудек кўринарди. Бироқ IBM компанияси CES-2019 кўргазмасида бир неча йил давомида яратган Q System One моделини тақдим қилиб, бу каби қарашларни йўққа чиқарди. Одатдагидан кўра анчайин катта ҳажмга эга бўлган бундай компьютерлар уй шароитида фойдаланишга мўлжалланмаган, албатта. Квант компьютерларидан олимлар, йирик компаниялар фойдаланиши кўзда тутилган бўлиб, улар ёрдамида суньий онг яратиш мумкин.

4. Учар таксилар

Bell компанияси ҳам кўргазма меҳмонларини ҳайратга солишда рақобатчиларидан қолишмади. Техно-кўргазмада компания учувчисиз бошқариладиган аэротаксининг тўлиқ ишлайдиган намунасини намойиш қилди. Ушбу модель халқаро компания – Uber’нинг ҳаво кемаси вазифасини эгаллашга асосий номзод бўлиб турибти. Албатта, унинг 2019 йилданоқ истеъмолга кириши эҳтимолдан анча йироқ. Бироқ шу кунгача фақатгина фантастик фильмларда кўришимиз мумкин бўлган кашфиёт ҳар қанча кутишга арзийди.

5. Қадам ташлаб юрадиган автомобиль

Қарийб икки йилдан буён Hundai компанияси робот ва автомобиль гибрид – Elevate ни яратиш билан овора бўлиб келаётган эди. Ниҳоят, CES-2019’да мазкур янгилик кўргазмага қўйилди. Тўрт оёқли автомобиль бир қарашда қизиқарли аммо фойдасиз ғоядек кўриниши мумкин. Бироқ ундан асосан фавқулодда вазиятларда  фойдаланиш кўзда тутилган. Elevate нинг “оёқлари” цунами, зилзила ва шу каби табиий офатлар вақтида вайроналар орасида ёки ноқулай йўлларда ҳам бемалол ҳаракатланиш ҳамда қутқарув ишларини олиб бориш имконини бериши айтилмоқда.

6. Ҳайдовчисиз автомобиль ва“ҳаммол” роботлар

Дўконма-дўкон юришдан кўра керакли нарсаларни буюртма қилшни афзал кўрувчилар сонининг кундан-кунга ортиб бориши товарларни етказиб бериш хизматига бўлган эҳтиёжнинг тобора кучайишига сабаб бўляпти. Бу борада Continental компанияси ҳайдовчисиз автомобиль ва “ҳаммол” роботлари ёрдамида ишчи кучи билан боғлиқ муаммони ҳал этишни таклиф қилмоқда. Ҳозирча роботлар одатдаги кўринишдан фарқ қилмайди. Бироқ ишлаб чиқарувчилар уларнинг кучуклар қиёфасида бўлишини айтишяпти. Лойиҳа аллақачон ишлаб чиқилган. Гаджетни охирига етказиш қолди, холос. Катта эҳтимол билан улар тез орада сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

7. Hyperloop– товушдан ҳам тез!

Вакуум поездлари технологиясига қарийб миллион долларлик сармоя киритган Ричард Брэнсоннинг сўзларига кўра, тез орада транспорт билан боғлиқ барча муаммолар бартараф қилинади. Товуш тезлигидан юқори ҳаракатланиш эвазига энг узоқ масофани ҳам бор-йўғи бир неча ўн дақиқада босиб ўтиш мумкин бўлади. Бу эса одамларда ўз уйидан юзлаб километр олисда ҳам ишлаш имкони пайдо бўлишини англатади.

8. Samsung Galaxy F

Samsung компанияси кўпчиликда қизиқиш уйғотаётган илк йиғма смартфон – Samsung Galaxy F ни тақдим қилди. Ушбу гаджет қулай тарзда йиғилиб, катта экранли қиёфадан ихчам шаклга киради. Қурилма кенг ишлаб чиқариш учун тайёр, савдо расталарида эса 2019 йилнинг биринчи ярмида пайдо бўлиши кутилмоқда. Бироқ, дастлаб уларни фақатгина Жанубий Корея дўконларидан харид қилиш мумкин бўлади. Қолганлар бироз кутиб туришига тўғри келади.

9. “Тишланган олма”ни қачон ушлаймиз?

Янги iPhone XI нинг сотувга чиқишига ҳали анча вақт бор бўлса-да гаджет ҳақида етарлича хабарлар тарқалиб улгурди. Apple компанияси эгилувчан смартфон устида иш олиб бораётгани аллақачон ҳаммага маълум. Лекин у 2019 йилда чиқмаслиги аниқ. Янги модель аввалгиларидан унчалик фарқ қилмайди. Унинг янада юқори сифатли камерага эга бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

10. Электрстанцияли уй

Узоқ йиллар давомида энергия олишнинг “яшил” усулларини яратиш бўйича изланишлар олиб бориляпти. Бироқ кўпчилик бу жараённинг чўзилиб кетаётганидан нолиб, эҳтимол, умидини узган бўлиши ҳам мумкин. Ҳечқиси йўқ, тез орада бари ўз ўрнига тушади. Вақти келиб эрта тонгда қуёш чиқиши билан 7100-ватт.ли чироқларни ёритиш қувватига эга электр манбаини ола бошлайсиз.

Бугунга келиб олимлар қуёш батареялари ўрнини боса оладиган, уйингизни бемалол электр қувватти билан таъминлаш имконини берувчи бўёқлар яратишга жуда яқин туришибди. Бундай бўёқ таркибида квант нуқталари – микроскопик ўтказгичлар ёки ярим ўтказгичлар бўлади. Бордию, улар сотувга чиқса, бундан бехабар қолмаслигингиз аниқ.

Жорий йилда технологиялар тараққиёти сезиларли даражада олға силжиди. Тўғри, кўргазмага қўйилган гаджетларнинг ҳаммасини ҳозирданоқ сотиб олиш имкони йўқ. Бироқ улар чиндан ҳам илм-фанда ҳақиқий тўнтариш бўлди деб бемалол айта оламиз.